Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 09:26

МИБ ходимлар ойлигидан коммунал тўловлар учун олдиндан ҳақ ундириш режимини кучайтирмоқда


Ўзбекистон аҳолисидан коммунал тўловларни ундириш¸ дебиторлик қарзлари кўпайиши олдини олиш мақсадида Мажбурий ижро бюроси барча корхона ва ташкилот раҳбарларига ўз ходимлари ойлигидан газ¸ электр ва сув учун мунтазам ҳақ ундиришни йўлга қўйиш талаб этилган расмий сўров юбормоқда.

Ўтмишда, асосан, давлат бюджетидан ойлик берувчи муассасаларгагина тааллуқли бўлган бу талаб¸ бугунга келиб¸ “мулкчилик шаклидан қатъий назар”¸ барча ташкилот¸ корхона ва ширкатларга қўйилмоқда.

Озодлик гаплашган айрим хусусий ширкат эгалари¸ ҳар бир ходимнинг ҳисоб рақами рўйхатини тузиб бериш ва улардан ҳар ойда белгиланган миқдордаги тўловларни ойликдан ундиришга розилик берувчи тилхат ëзидириб олиш талаб қилинаëтганини билдирди.

Бу жараëн анчадан бери бораëтганини билдирган МИБ расмийси эса¸ жараëнни қонунчиликка мослаш мақсадида¸ тилхатларнинг “ўз ихтиëримга кўра”¸ деб ëздириб олинаëтганини таъкидлади.

Тошкент вилояти МИБ мутасаддиси жўнатган талабнома

Озодликка 13 август куни нусхаси юборилган расмий ҳужжатга Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Тошкент вилояти бошқармаси бошлиғининг 1-ўринбосари З.Раҳимов имзо қўйган.

Мажбурий ижро бюросининг Тошкент вилоят бошқармаси томонидан хусусий ширкатлардан бири раҳбарига юборилган талабнома нусхаси.
Мажбурий ижро бюросининг Тошкент вилоят бошқармаси томонидан хусусий ширкатлардан бири раҳбарига юборилган талабнома нусхаси.

Август ойи бошида хусусий ширкатлардан бирига жўнатилган расмий мактубда Ўзбекистон президентининг 2017 йил 29 май кунги 5959-сонли фармони¸ ҳамда Адлия вазирлигида 2001 йилнинг 15 май куни рўйхатга олинган 1031-сонли Низом тилга олинади. Айни пайтда хат мазмунидан¸ унинг 2017 йилнинг 7 ноябрида ўтказилган Вазирлар Маҳкамаси йиғилишида МИБга берилган топшириқ ижроси экани англашилади.

Талабномада айтилишича¸ тилга олинган расмий ҳужжатларда ҳар бир корхона раҳбарига ўз ходимлари рўйхатини “Ўзбекэнерго” ва “Ўзтрансгаз” акциядорлик ширкатларига тақдим қилиш ва бу рўйхатни ҳар уч ойда янгилаб туриш юклатилган.

Бу рўйхатга¸ ходимлар ҳисоб рақами илова қилиниши лозимлиги¸ алоҳида таъкидланади.

Озодлик боғланган айрим хусусий ширкат эгалари¸ бу рўйхатга киритилганлар ойлигидан ҳар ой бошида коммунал тўловлар учун 100 минг сўмдан олиб қолинаëтганини билдирди.

МИБ изоҳи

Озодлик билан микрофонсиз гаплашган Мажбурий ижро бюросининг Тошкент вилояти бошқармаси расмийларидан бири¸ бундай талабномаларнинг анчадан бери тарқатилаëтганини тасдиқлади.

Расмийга кўра¸ бу жараëн Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йилги 1031-сонли Низомига асосан амалга оширилмоқда:

Ҳовли ëки домда яшашидан қатъий назар¸ иш берувчи отида кўчмас мулк расмийлаштирилган ҳар бир ходимидан ҳар ой коммунал тўловни ундириб бериши шарт. Қонунчиликка кўра¸ суд қарорисиз ҳеч ким шахснинг банк ҳисобидан пул ундира олмайди. Шунинг учун корхона раҳбарлари ўз ходимидан “фалон ҳисоб рақамимдан ойига фалонча пул ундиришингизни сўрайман” деган тилхат ëздириб олиши керак. Яъни бу одатдагидай¸ мажбурий-ихтиëрий. Ушлаб қолинган бу пул “қозон”дан керакли ташкилотлар ҳисобига ташланади”.

Бу расмийнинг таъкидича¸ МИБ ташкил этишда кўзда тутилган асосий вазифалардан бири – аҳолининг коммунал тўловлар учун қарздорлигини ëпиш муаммоси ҳалигача ҳал бўлмаган ва ишловчилар ойлигидан ҳар ой бундай тўловларнинг ундирилиши¸ келажакда ана шундай қарздорлик йиғилиб қолмаслиги олдини олишга қаратилган:

Ҳеч ким бировнинг пулини тортиб олаëтгани йўқ. Бу предоплата аслида. Ишлатганига пул шу тўловлардан олинади. Қолгани¸ тураверади. Бу ҳам давлатга¸ ҳам истеъмолчининг ўзига яхши. Давлат ўз бюджетига тушумларни қандайдир қилиб таъминлаши керакку!”.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 14 январида бўлиб ўтган кенгайтирилган мажлисида жами 18 триллион сўмлик дебитор қарздорликдан 11 триллион сўми ёки 60 фоизи охирги 3 йил мобайнида чўзилиб келаётгани тўғрисида гапирган ва ҳукумат олдига бу қарзларни зудлик билан ундиришни топширган эди.

Ҳозирча бу қарздорликнинг қанча фоизи ундирилгани ҳақида расмий маълумот эълон қилинмади.

XS
SM
MD
LG