Линклар

 
Мамлакат бўйлаб фермерлар “давлатга мўл ҳосил етказиб беришга" қасам ичтирилмоқда
Шошилинч хабар
28 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:05

Мамлакат бўйлаб фермерлар “давлатга мўл ҳосил етказиб беришга" қасам ичтирилмоқда


Сирдарë ҳокимлиги расмий нашри 16 ноябрь кунги қасамëд тадбири ҳақида махсус хабар ҳозирлади.
Сирдарë ҳокимлиги расмий нашри 16 ноябрь кунги қасамëд тадбири ҳақида махсус хабар ҳозирлади.

Ўзбекистон Фермерлар кенгаши ташаббуси билан 16-22 ноябрь кунлари мамлакат бўйлаб фермерларни оммавий қасамëдга келтириш жараëни бормоқда.

Озодлик суҳбатлашган бир қатор вилоят ва туман ҳокимликлари расмийлари¸ фермерлар “шартномада кўзда тутилган режадан ортиқ ғалла етиштириб¸ уни озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ички бозорга сотаман”, деган мазмундаги қасамëдни ўз “ихтиëрлари билан” келтираётганини иддао қилди.

Айни пайтда¸ Озодликка ўз шахси очиқланмаслигини сўраб гапирган Сирдарë¸ Тошкент¸ Наманган ва Фарғона вилоятидаги фермерлар¸ бундай қасамëд қилмаган фермерларнинг ерлари тортиб олиниши ҳақида ҳоким ва сектор бошлиқларидан очиқ таҳдид бўлганини билдирди.

Ўзи айни жараëн иштирокчиси бўлган туман ҳокимликларидан бири мутасаддиси Озодликка¸ Бош вазир Абдулла Арипов ва Бош прокурор ўринбосари ўтган ҳафта ўтказган селектор йиғинида берилган топшириқ Фермерлар кенгаши ташаббуси сифатида амалга оширилаëтганини билдирди. Бу маълумотни матбуотга сиздириш оқибатидан чўчиган бу мулозим шахси очиқланмаслигини сўради.

Сирдарëдаги намунавий қасамëд маросими...

16 ноябрь куни Сирдарë вилоят маркази Гулистон шаҳри ҳокимлиги қаршисида “ғалладан мўл ҳосил етиштиришга азму қарор қилган фермерларни “юрт тараққиётига беқиёс ҳисса қўшиш, нопок ишларга қўл урмаслик” бўйича уюштирилган қасам ичтириш жараëнига оид хабар ва суратлар маҳаллий матбуотда кенг тарқади.

Бу тадбирда¸ Сирдарë ҳокимлиги расмий нашрига кўра¸ вилоят ҳокими¸ прокурори¸ ИИБ ва солиқ инспекциясининг вилоят раҳбарлари шахсан қасамëд қабул қилган.

Сирдарë вилоят ҳокимлигининг Озодлик гаплашган масъулларидан бири¸ бу тадбирнинг Ўзбекистон Фермерлар кенгаши ташаббуси билан ўтказилгани ва қасамëд матнининг ҳам кенгашдан жўнатилганини билдирди.

“Бу тадбир бутун мамлакат бўйича ўтаяпти. Сирдарë биринчилардан бўлиб бу тадбирни тантанали равишда ўтказди. Бу жараëнда фермерларни мажбурлаш бўлмади¸ улар ўз ихтиëрлари билан келиб¸ оғзаки қасамëд қилишди”¸ деди Сирдарë вилояти бўйича ўтказилган тадбир масъулларидан бири 19 ноябрь куни Озодлик билан суҳбатда.

Ўзбекистон Фермерлар кенгашининг Озодлик гаплашган бир неча мулозими¸ бу тадбирни 16-22 ноябрь оралиғида бутун мамлакат миқëсида ўтказиш айтилгани ва айни кунларда жараëннинг давом этаëтганини билдирди.

Бу ташаббуснинг нега айнан фермерлар манфаатларини ҳимоя қилиши керак бўлган Фермерлар кенгашидан чиққанини изоҳлаш сўровига жавобан Озодлик суҳбатдошлари¸ “асл ташаббусчини Вазирлар Маҳкамасидан излаш”ни маслаҳат берди.

Қасамëд моҳияти

19 ноябрь куни Озодлик гаплашган водийлик фермерлардан бири ўзига қўл қўйиш буюрилган қасамëд матни нусхасини юборди.

Бир саҳифалик қасамëд матнининг бўш ўринларига ўз фермер хўжалиги номи¸ шартномада кўзда тутилган ғалла учун ер майдони сатҳини тўлдирган фермер¸ ўзига берилган ердан муайян тонна ғалла ҳосили олиш ëки гектаридан 60-70 ц/т ҳосил олишга қасам ичади.

Озодликка нусхаси юборилган қасамëд матни.
Озодликка нусхаси юборилган қасамëд матни.

Бунинг учун қилиниши шарт этиб белгиланган уч турдаги ишларни санаб ўтган фермер қасамëднинг сўнгги параграфида «зиммамга олган шартномавий мажбуриятимни ҳалол ва виждонан бажармаган¸ қонун бузилишига йўл қўйиб¸ фуқаро¸ жамият ва давлат манфаатларига зарар етказган тақдиримда, қонун олдида жавоб бераман” дея ваъда беради.

Озодлик суҳбатлашган на ҳокимият мутасаддилари ва на фермерларнинг ўзлари¸ “қонун олдидаги жавобгарлик” деганда қайси қонунчиликнинг¸ қайси моддаси назарда тутилганига ойдинлик кирита олди.

Фермерлардан бири¸ бу ваъдани “шартномадаги жазога розиман” қабилидаги тилхат сифатида тушунганини билдирди.

“Шартномада етказиб берилмаган маҳсулот қийматидан (давлат харид баҳоси) 30 фоиз жарима тўланади¸ дейилган. Яьни сиз 100 млн сўмлик маҳсулот етказиб беришга шартнома қилсангиз¸ лекин 70 миллионлик маҳсулот берсангиз¸ етказиб берилмаган 30 млнлик маҳсулот учун 10 млн жарима тўлайсиз. Лекин шартномада кўрсатилган форс мажор ҳолатлари - сув тошқини¸ қурғоқчилик¸ ҳашаротлар ва минерал ўғит танқислиги ва бошка инсон кучи билан бошқариб бўлмайдиган ҳолатлар инобатга олинмайди. Иқтисодий судлар 37- йилдаги тройка судларга ўхшаб колган - шартномани бажармадингми¸ тўлайсан¸вассалом. Тўламасанг МИБ боради ва шарманда қилиб ундиради”¸ деб тушунтирди фермерлардан бири.

Водийда қасамëд давом этмоқда...

Ўзбекистон Фермерлар кенгаши вакиллари қасамëд жараëнининг бутун республика бўйича 22 ноябргача тугатилиши шартлигини билдириши ортидан¸ Озодлик мухбири Фарғона ва Наманган вилоятларида фермерларни қасамëдга келтиришни ташкиллаштираëтган масъуллар билан суҳбатлашди.

Фермерлар кенгашининг бу икки вилоятдаги мулозимлари Озодлик билан суҳбатда¸ жараëннинг фақат оғзаки қасам ичиш билан чекланмаслигини билдирди.

“Қасамëддан кейин ҳар битта фермер қасамëд матни ëзилган қоғозга қўл қўймоқда. Бу қоғозларни улардан сектор раҳбарлари – ҳоким¸ прокурор¸ ИИБ ва солиқ инспекцияси раҳбарлари оляпти. Бизга ҳар битта ҳужжатни Тошкентга – Фермерлар кенгаши республика раҳбариятига юбориш айтилди. Вазирлар Маҳкамасидан шунақа топшириқ бўлган. Тадбирларни расмга олиб¸ суратларни ҳам Тошкентга юбораяпмиз”¸ деди Озодлик гаплашган водий вилоятларидан биридаги тадбир уюштирувчиси.

Таҳдид остидаги қасамëд

17 ноябрь куни қасамëдга келтирилган водийлик фермерлардан бири Озодлик билан суҳбатда фермерларнинг "ўз истак ва ихтиëри билан" қасамëд қилганига оид расмий иддаони “150 фоиз ëлғон” деб атади.

“Доимгидек ëлғон бу гап. Мен ҳоким секторидаман¸ телефон қилиб¸ келинг дейишди¸ ҳокимликка бордик. Ҳамма сектор бошлиғи ўз ҳудудидаги фермерни чақиртирган¸ бормайман¸ деган одам йўқ – қасамëд қилмасанг¸ ерингни тортиб оламиз¸ деб очиқдан-очиқ айтишди. Ҳамма қўрққанидан борди. Биз Сирдарëдагига ўхшаб¸ ясан-тусан қилиб ўтирмадик. Битта илғор фермер чиқиб¸ қасамëдни ўқиди¸ биз худди масжидда имомга эргашгандек¸ унинг кетидан жўровозда такрорладик. Кейин ҳар биттамизга қасамëд матнига қўл қўйдиришди”¸ дейди водийлик фермерлардан бири Озодлик билан 19 ноябрь кунги суҳбатда.

Фермер ва давлат ўртасида шартнома бор жойда¸ қасамëд қандай ҳуқуқий кучга эга?

Ўзбекистонда фермер¸ ҳуқуқий мақомига кўра¸ мустақил тадбиркорлик субъекти ва давлатнинг фермер билан иқтисодий муносабатлари шартнома асосида тартибга солинади.

“Ҳуқуқий кучга эга шартнома мавжуд жойда¸ қасамëд қилдириш¸ қасамëд матнига қўл қўйдиришга қандай эҳтиëж бор?”деган савол билан Озодлик ҳокимлик тизими расмийларига мурожаат қилди.

Вилоят ҳокимликларидан бири ҳуқуқшуноси¸ “қасамëднинг ҳеч қандай юридик кучга эга эмаслиги¸ айни пайтда¸ у фермерни шартномадан ошириб ишлашга рағбатлантиришини таъкидлади.

“Врачлар Гиппократ қасамини ичади¸ аскарлар ватанга садоқат ҳақида қасамëд қилади – бу уларнинг ишига ëмон таъсир қилмайдику! Бизнинг фермерлар ҳам шартномадан алоҳида тарзда шунақа қасaмëд қилаяпти¸ бунинг нимаси ëмон¸ бу билан ҳеч кимнинг ҳақ-ҳуқуқи бузилмаяптику!”¸ деди вилоят ҳокимларидан бири ҳуқуқшуноси.

Вилоятлардан яна бири ҳокимлигининг қишлоқ хўжалик сиëсати бўйича масъули¸ “бу йилдан бошлаб Ўзбекистонда фермерликнинг ҳам “ўз ишини виждонан бажариш¸ ватан олдидаги масъулиятини тўлиқ ҳис қилиш ҳақида тантанали қасамëд қилиш сўраладиганлар тоифасига қўшилганини” билдирди.

Бу расмий¸ бундай қасамëд амалиëтини ташкил этишнинг қайси легал асосда амалга оширилаëтгани ҳақидаги саволга “буни Вазирлар Маҳкамасидан сўрайсиз” деган қисқа луқма билан жавоб қайтарди.

Ташаббус энг тепадан чиққан....

Озодликка шахси сир қолиш шарти билан гапирган Ўзбекистондаги туманлардан бири ҳокимлигининг қишлоқ хўжалик бўйича мутасаддиси 16 ноябрдан бошланган фермерларни қасамëдга келтириш жараëнини Бош вазир ўтказган сўнгги селектор мажлиси билан боғлади.

“Ўтган пайшанба кунги селектор йиғинида фермерлар қарздорлиги ва ғалла экиш жараëнининг кечикаëтгани билан боғлиқ муаммолар муҳокама қилинди. Селекторда Бош вазир ва Бош прокурор ўринбосари қатнашди. Билишимча¸ бу буйруқ шу мажлисдан кейин¸ кичик доирада берилган ва уни Фермерлар кенгаши ташаббуси¸ деб тақдим қилишаяпти. Лекин Фермерлар кенгаши вилоят ҳокими¸ прокурори¸ ИИБ ва солиқ раҳбарига буйруқ бериш ваколатига эга ташкилот эмас. Шу кенгаш ташаббус қилармишда¸ эртасидан ëппасига ҳамма фермер қасамëд қилармиш – бунга кимни ишонтиришмоқчи! Мен бу ташаббуснинг Бош вазирга ҳам тепадан тушганига ишонаман”¸ деган туман ҳокимлиги мутасаддиси¸ ҳозирча ўз қўлида бу тахминни қувватловчи ҳужжат йўқлигини эътироф этди.

Ҳукуматга фермерни қасамëдга келтириш нега керак бўлди?

Озодлик гаплашган Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги масъуллари ва фермерлар¸ бунинг сабабини 2018 йилги ғалла экиш жараëнининг кечикаëтганидан туғилган хавотир билан изоҳладилар.

“Ҳукумат талабига кўра¸ ғалла экиш 20 октябргача тугаши керак эди. Эртага 20 ноябрь – ҳалиям экилмаган ерлар кўп. Биринчи ва асосий сабаби¸ бу йилги пахта чўзилиб кетди. Ўқувчи-студентлар¸ ўқитувчи-врачларни ëппасига пахтага олиб чиқишмагани учун бу йил терим кечикти. Иккинчиси¸ кўп жойда пахтадан кейин ғалла суғориш муаммо бўлиб турипти. Фермер суғораман¸ деса¸ ток йўқ – насос ишламайди. Кейин¸ минерал ўғит¸ ëнилғи билан ҳам муаммолар кўп. Тепадагилар буларнинг ҳаммаси эртага ғалла ҳосилининг кечикиши¸ ëки ëмон бўлишига олиб келишидан қўрқиб¸ фермерни шунақа огоҳлантираяпти. Юридик кучга эгами-йўқми¸ билмайман¸ лекин ҳоким¸ прокурор¸ мелиса ва солиқ начальниклари олдида қилинган қасамдан кейин фермернинг қўрқуви янаям кучайиши аниқ. Энди бор-будини сарфлаб бўлсаям¸ ғалласини экиб¸ ҳосилини ундириш ҳисобини қиладида фермер”¸ дейди фарғоналик фермерлардан бири Озодлик билан суҳбатда.

"Ойболта" сиëсатининг давоми?

13 йил давомида Ўзбекистон Бош вазири сифатида асосан қишлоқ хўжалиги секторини бошқарган Шавкат Мирзиëев 2015 йили фермерлар¸ хусусан¸ ғалла режасини бажармаган фермерларни жазолашга қаратилган “Ойболта” тадбирини ишга солган эди.

Бу тадбирга кўра¸ аввалига ҳокимликлар томонидан кескин огоҳлантирилган фермерларга¸ нимаики сабабга кўра¸ пахта ва ғалла режасини бажара олмаган бўлса¸ қарздор фермернинг мол-мулкини мусодара қилиш эвазига давлат режасини бажариш буюрилган эди.

2015 йили авжга чиққан бу тадбир оқибатида¸ Озодликка маълум бўлишича¸ бир нечта фермер ўз жонига қасд қилган¸ кўплари ердан воз кечиб¸ меҳнат муҳожиратига чиқиб кетган эди.

Шавкат Мирзиëев президентликка келганидан кейинги икки йил давомида “Ойболта” тадбири амалда кузатилмади¸ аммо 2018 йилги мавсумда¸ Озодликка мурожаат қилаëтган фермерлар¸ “Ойболта”нинг яна ўз бошлари устида ўйнай бошлаганини айтмоқда.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG