Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:27

Салимбойнинг видеоси ортидан Мирзиёев "кўча"ни жиловлашга чақирди


Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда бозорлар жиноятчиларга “солиқ” тўлаётганини тан олди ва уларни “жиловлашга” чақирди.

23 ноябрь куни Тошкентнинг Шайхонтоҳур туманидаги маҳаллаларга ташрифи ортидан ҳукумат йиғилишини ўтказган Мирзиёев ички ишлар ва прокуратура идоралари фаолиятини танқид қилди.

Ўзбекистон бозорларида савдо қилувчи тадбиркорлар криминал структуралар бозор ва маҳаллий маъмуриятлар билан чатишиб кетгани, кўп масалалар эскичасига яна “кўча” номини олган гуруҳлар томонидан ҳал этилаётганини айтиб келишади.

Global Initiative against Transnational Organized Crime (Транснационал уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўйича глобал ташаббус) ташкилоти томонидан эълон қилинган ҳисоботга кўра, Ўзбекистон уюшган жиноятчилик даражаси бўйича 193 давлатдан 90-ўринни эгаллаб келмоқда.

Президент жиноий “солиқчи”ларни жиловлашга чақирди

Президент Шавкат Мирзиёев 23 ноябрь куни Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туманига ташрифи чоғида пойтахтда жиноятчилик ошганини айтиб, ИИББ бошлиғи ҳамда шаҳар прокурори фаолиятини танқид қилди.

Президент бозор тадбиркорларидан “солиқ” йиғувчи жиноий гуруҳлар масаласига алоҳида тўхталди.

- Жиноятчилар орасида “солиқчилар” пайдо бўлди ҳозир. Улар бозорлардан солиқ ундиришяпти, давлатдан алоҳида солиқ оладиган гуруҳлар пайдо бўлган. Мен ер тагида илон қимирласа биламан. Биз бундайларни дарҳол жиловлашимиз керак, жиловлаймиз ҳам, дея иқтибос келтирган Мирзиёев сўзларидан Кун.уз нашри.

Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ҳамда шаҳар прокурори фаолиятини танқид қилган президент уларга бу лавозим жиноятчиликнинг олдини олиш учун берилганини урғулади.

- Биз уларни жиловламасак, улар бизни жиловлайди, айрим давлатлардаги каби, деди Шавкат Мирзиёев.

Ҳокимиятга яқинлашган Салимбой Мирзиёевга "ҳеч кимни яқинлаштирмаслик"ка онт ичди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:21:42 0:00

Салимбойнинг видеосидан кейинги баёнот

Мирзиёев бундан аввал Самарқанд, Хоразм, Наманган вилоятлари, Тошкент шаҳри туманларига ташрифи чоғида ҳам "Хавфсиз ҳудуд", "Хавфсиз шаҳар" концепцияси ҳақида гапирган.

У ҳукумат олдига ҳар бир маҳаллани жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантириш вазифасини қўйган.

Аммо Мирзиёев мафия тизимлари ва уюшган жиноятчиликнинг асосий даромад манбаи саналган “бозор солиғи” тўғрисида биринчи марта гапирмоқда.

Президент ўз сўзида бирон шахс ёки гуруҳ номини тилга олгани йўқ. Унинг баёноти Ўзбекистондаги кўзга кўринган "жиноий авторитет" деб таърифланадиган Салим Абдувалиевнинг тармоқларда видеоси тарқагани ортидан янграмоқда. Видеода Салимбой президент Шавкат Мирзиёевдан миннатдорлигини айтиб, унинг ҳокимиятига "бошқа даъвогарларни яқинлаштирмасликка" ваъда беради.

Президент матбуот хизмати ёки бирон расмий халқ орасида Салимбой номи билан танилган Абдувалиевнинг баёнотига муносабат билдиргани йўқ.

Танқидчилар Мирзиёевнинг ўзини жиноий авторитет сифатида кўрилган шахслар ва даромадларининг манбаига саволлар бўлган гуруҳларнинг давлат тизимлари билан чатишиб кетишига йўл очиб берганликда айблайдилар.

Бозорларнинг эгаси ким?

Мирзиёевнинг баёноти ортидан айрим Телеграм-каналлар маҳаллий тадбиркорларнинг солиқчилар ва норасмий солиқ йиғувчилардан шикоятларига ўрин бера бошлади.

Kompromatuz Телеграм канали бозордаги ноҳақликлар масаласида келаётган юзлаб хатлар ҳақида ёзди.

Ўзи бутун бозорлар фаолияти кўриб чиқилиши керак, бозорлар ким учун ишлаябди? Бозорларни эгаси ким? Бозорда бир кунда неча пул йиғилади-ю, неча пулини банкка топширилади, бозорлардаги давлат улуши ўзи нима, улуш сифатида қонуний тартибда пул ажратилябдими ёки ҳокимлар чўнтагига тушиши билан ҳокимлар "бозорком"ларга "танкалик" қилиб беришябдими, Ўзбекистон бўйича ҳамма туман ва шаҳарларда бозорлар ғалваси, бу еб-тўймасларни ҳам ўрганиш вақти келгандур”, деб ёзади фойдаланувчилардан бири.

Тошкент вилоятидаги бозорлардан бирида кўп йиллардан буён сотувчилик қилаётган Наргиза бозордаги ноқонуний ҳолатлар кўп йиллардан бери ўзгармасдан қолаётганини айтади. Унинг Озодликка айтишича, бозорда йиғилаётган “солиқлар”нинг асосий қисми давлат ғазнасига эмас, балки “кимларнингдир” чўнтагига тушмоқда:

- Мен ҳужжатларни тахлаб, солиқ тўлаб келаман. Аммо январь-февраль ойларидаги “ўлик” мавсумда кўпчилигимиз магазинларни ёпиб, “налогчи”ларни ўзига бериб ишлаймиз. Бозор ичида ва атрофида ўтирган барча “ёймачилар”дан паттачилар пул йиғади, лекин шунча йил бозорда турсам ҳам бирортасига чек берилганини кўрмаганман! Бозорчи йигитлар пулни йиғиб, бир қисмини ҳокимларга бериб келади, асосий қисмини ўзлари ўзлаштиради. Шу-ку ҳақиқий мафия! Яъни, бозор атрофида қанча ёйма кўпайса, уларнинг даромади ошади. Ҳозир билмадиму, олдинроқ 1 метр квадратга 50 минг сўм олишган, ҳар бир ёймачига камида 2 метр керак. Ҳисоблаб олаверинг!

Бу пулларнинг бирор тийини давлатга тушмайди, “кўча”даги бозорқўм, паттачи, назоратчиларга кетади. Бу ҳолат Ипподромда ҳам, Тошкентнинг бошқа бозорларида ҳам, бутун республикада шу аҳвол. Ҳеч нарса ўзгаргани йўқ, дейди суҳбатдош.

Тадбиркор шу сабабли бозор бошқарувчилари тез-тез алмашиб туриши, уларни назорат қиладиган ички ишлар, солиқ инспекцияси, коррупцияга қарши кураш ва бошқа саноқсиз идоралар ҳам "ўз улушини олиб туриши"ни тахмин қилади.

Озодлик суҳбатлашган тошкентлик яна бир йирик тадбиркор президент Шавкат Мирзиёев гапирган “кўча” мафияси асосан, улгуржи савдо билан шуғулланадиган бизнесменларни “солиққа” тортиб келишини айтади.

Унинг сўзларича, охирги йилларда мамлакатдаги ўрта ва йирик бизнес амалдорлар билан чатишиб кетган “кўча боллари” томонидан бошқариб келинмоқда.

- Бахти Ташкентскийни боллари, Салимбойники – булар жуда кўпайиб кетган охирги пайтларда. Мирзиёев бозорлардаги паттачи майда-чуйдалар ҳақидамас, фураларда, контейнерларда, карго орқали улгуржи юк ташувчилар ҳақида гапирган. Уларда қайси тадбиркор қанча сотиши ва қанча даромад олиши тўғрисида ҳамма маълумотлар бор. Ўшанга яраша “процент” қўйилади. Булар ўта уюшган, йиллар давомида шаклланган гуруҳлар. Бу гуруҳлар ўз “криша”си учун кўп компания ва тадбиркорларни давлат солиқларидан ҳам озод қилаётганини кўриб турибмиз. “Давлатга тўламайсан, сал камроқ менга тўлайсан!”, дейди. Тасаввур қилинг, қанча миллиардлаб пул давлатни айланиб, ўтиб кетади, - дейди у.

Тадбиркорнинг сўзларига кўра, жиноий гуруҳлар томонидан солинган “солиқ” ҳам импорт, ҳам экспортга сотилаётган товарлар ва хомашёга тегишли.

- Чиқаётган маҳсулотларни ҳам ўзлари назорат қилади. Масалан, қуруқ мева - биттасига, ҳўл мева – бошқасига, тахта ва қурилиш материаллари яна бошқаларига берилган. Монополия! “Кўча” айниқса, охирги 5 йилда кучайди, Каримов даврида улар қўрқиб турарди. Ҳозир 90-йиллардаги “криша” қайтяпти яна Ўзбекистонда. Нафақат бозор - сал даромадлироқ кўринган ҳар қандай ишлаб чиқариш ҳам шулар томонидан ўзлаштириб олинмоқда. Фақат ҳимояси бор тадбиркорлар тирик, қолганларини “кўча” ютворган, - дейди хавфсизлик важидан исмини очиқлашни истамаган тадбиркор.

Бозорчи бизнесмен бу масалада давлат идораларига шикоят қилишнинг ҳам иложи қолмагани, кўплаб тадбиркорлар четга “солиқ” беришга “кўникиб” қолганини айтди.

Уюшган жиноятчилик ва соя иқтисодиёти

Халқаро кузатувчилар Ўзбекистонда уюшган жиноий фаолият учун жиноий жавобгарликка тортишнинг ягона тизими шаклланмаганини таъкидлаб келишади.

Уларга кўра, Ўзбекистонда уюшган жиноий гуруҳ аъзоларини судлашда уларнинг жиноий йўл билан орттирган маблағлари мусодара қилинмаслиги ҳам муаммонинг бир қисми.

Шу йилнинг октябрида Global Initiative against Transnational Organized Crime ташкилоти томонидан эълон қилинган уюшган жиноятчилик даражаси бўйича давлатлар рейтингида Ўзбекистон 193 та давлатдан 4,96 балл билан 90-ўринни эгаллаган.

Президент Мирзиёев 2019 йил январидаги чиқишида мамлакатда яширин иқтисодиёт ҳажми катталигича қолаётганини айтган эди.

"Ҳозирда Ялпи ички маҳсулотда яширин иқтисодиётнинг улуши катта. Бу мамлакат ривожига салбий таъсир кўрсатмоқда. Яширин иқтисодиёт улуши катта эканини депутатлар ҳам, бошқалар ҳам, ҳамма яхши билади", деган президент.

Давлат Солиқ сўмитаси эълон қилган рақамларга кўра, 2020 йилнинг биринчи ярмида яширин иқтисодиёт ҳажми ЯИПнинг 48 фоизини ташкил этган.

Ўтган вақт мобайнида банклардан ташқаридаги пул айланмалари ҳажми камайган ёки ортганига доир расмий рақамлар мавжуд эмас.

Кузатувчилар Ўзбекистондаги "соя иқтисодиёти" ҳажми расмийлар келтираётган рақамлардан каттароқ бўлиши мумкинлигини айтишади.

XS
SM
MD
LG