Ўзбекистон каби бир йилда 330 кун қуёшли кун бўладиган мамлакат учун қуёш энг истиқболли муқобил энергия манбаи ва мамлакатнинг энергия муаммолари учун энг мақбул ечим бўлиши мумкин.
Назарияда…
Амалиётда эса, ҳукумат, шахсан президент Шавкат Мирзиёевнинг кўпгина ташаббуслари билан бўлгани каби кампаниябозликка айланиб кетган қуёш панеллари, мутахассисларнинг фикрича, кутилган натижани савол остига қўймоқда.
Мирзиёев ҳукумати қуёш панеллари бўйича кампанияни икки йўналишда олиб бормоқда. Биринчиси, 100 мегаваттдан юқори бўлган йирик станциялар қурилиши. Иккинчиси, кичик қуёш станциялари - бу йўналишда идора ва ташкилотлар, тадбиркор ва фермерлар, қолаверса, оддий аҳолини мажбурлаш ҳолатлари мавжуд. Бу кампания ўзини оқлаяптими? Бунга бироздан сўнг тўхталамиз.
Ҳозир эса миллиардлаб долларлик қарз эвазига қурилаётган йирик станциялар билан боғлиқ вазият манзарасини ўрганамиз.
Ҳозирда мамлакат бўйлаб ўттизга яқин йирик қуёш станциялари қурилиши кетмоқда. Шулардан бири Шеробод қуёш фотоэлектр станцияси.
Ушбу лойиҳа учун Осиё тараққиёт банки 260 миллион доллар кредит ажратган. Лойиҳа қурилишини Бирлашган Араб Амирликларининг «Masdar» компанияси тендерда ютиб олган.
Сурхондарёнинг 601 гектар майдонида қурилаётган 457 мегаваттлик ушбу станция қурилишига 2021 йил 1 июнь куни старт берилган. Ўша куни президент Шавкат Мирзиёев Шерободга шахсан бориб, лойиҳага тамал тошини қўйган.
Ўзбекистондаги қуёш станциялари қурилишида асосий ишни қилиши лозим бўлган пудратчи ва субпудратчи компаниялар номини очиқ манбалардан топиш амримаҳол. Бироқ Озодлик Шерободдаги қуёш станцияси қурилишига оид ҳужжатлар нусхасини қўлга киритди.
Ушбу ҳужжатларга кўра, Шерободдаги қуёш станцияси қурилишининг пудратчиси “HEX SOLAR” MCHJ ҳисобланади.
Очиқ маълумотларда қайд қилинишича, “HEX SOLAR” MCHJ 2020 йилнинг 1 январь куни Тошкент шаҳри, Миробод тумани, Нукус кўчасидаги 863-уйда рўйхатга олинган.
Лекин Озодлик мобил мухбири қайд қилинган манзилга бориб, компания идорасини топа олмади.
Хитойлик SUY SYAO (Цуй Сяо) “HEX SOLAR” MCHJнинг 100 фоизлик таъсисчиси ва директори ҳисобланади. “HEX SOLAR” MCHJ Шерободдаги қуёш станцияси қурилиши учун «OSMON-ENERGY» MCHJни субпудратчи сифатида ёллаган. Озодлик тассаруфида “HEX SOLAR” MCHJ билан «OSMON-ENERGY» MCHJ ўртасида тузилган шартнома нусхаси мавжуд. Шартномада «OSMON-ENERGY» MCHJ қуёш панеллари ўрнатиш соҳасида юқори тажрибага эга компания сифатида таърифланган:
“Субпудратчи талаб қилинаётган ишлар соҳасида тажрибага эга, айни тур ва даражадаги ёки талаб қилинганидан юқори даражадаги ишларни бажарган".
талаб қилинганидан юқори даражадаги ишларни бажарган
Ҳужжатлар «OSMON-ENERGY» нинг қуёш энергияси соҳасида нақадар юқори тажрибага эгалиги борасида ҳеч қандай саволга ўрин қолдирмаган.
Аммо саволлар субпудратчи компаниянинг тарихини ўрганганингиздан кейин пайдо бўлади.
Озодлик ушбу ширкат Шеробод қуёш станцияси қурилишига старт берилганидан 2 кун ўтиб ташкил қилинганини аниқлади.
2021 йилнинг 3 июнида уч шахс Усербай Сейтрзаев (SEYTRZAYEV), Абдужалил Баймуҳамедов, Олимжон Ибрагимовлар «OSMON-ENERGY» MCHJни таъсис қилишган. Айни пайтда Усербай Сейтрзаев ушбу ширкат раҳбари ҳамдир.
Шартномада ёзилишича, «OSMON-ENERGY» MCHJ Тошкент шаҳри, Сергели тумани, Меҳригиё МФЙ, Сергели-6 даҳаси, 45-уйда қайдга қўйилган. Ушбу манзил Сергели Деҳқон бозори ҳудудида жойлашган бўлиб, Озодлик мобил мухбири бу манзилдан «OSMON-ENERGY» MCHJга қарашли идора биносини топа олмади.
Ҳаммаси тепадагиларнинг одамлари
Шартномада субпудратчига бериладиган нарх 45,839,000,000 (45 миллиард 839 миллион) сўм қилиб белгиланган. Яъни очилганига икки кун бўлган, яп-янги компанияга қарийб 4 миллион долларлик лойиҳа ишониб топширилган.
“Бу ерда жуда катта ўйин бўляпти. «OSMON-ENERGY» бизнесга деярли нолдан кирган. Лекин ҳозир ҳисоб оборотини кўрсангиз, жуда катта пуллар айланяпти. Бу компанияга қарийб 4 миллион долларлик иш берилган. Аслида ҳали бирор таржибаси йўқ компанияга бундай катта лойиҳа берилмаслиги керак. Ўзбекистонда ҳозир 30га яқин йирик станция қурилиши кетаётган бўлса, бирортасига субпудратчи сифатида оддий тадбиркорлар яқинлаштирилмади. Ҳаммаси бир неча кунлик янги очилган компаниялар. Ҳаммаси тепадагиларнинг одамлари”, дейди “OSMON-ENERGY” компаниясидаги манба.
«OSMON-ENERGY» компаниясидаги манба Шеробод қуёш станцияси қурилишида коррупцияга йўл қўйилаётганига оид иддаони ҳам илгари сурди:
“Бу ерда пулларни ечиш, обнал қилиш схемаси ишлаяпти. Улар пулларни ўзлаштириш учун ишчиларни расман ёлламаяпти. Масалан, битта звенода расман қоғозда 50 та ишчи бўлса, амалда 500 ишчи ишлаяпти. Шунинг учун ишчиларга иш ҳақи нақд берилади. Бундай усулда пулларни ўзлаштириш осон кечади. Кейин ишчиларга жуда арзон нархда ҳақ берилмоқда. Дейлик, 10 мегаваттлик объектни ишга тушириш учун 700 минг доллардан зиёд пул олиб, ишчиларга атиги 18 минг доллар беряпти холос”.
Бу ерда пулларни ечиш, обнал қилиш схемаси ишлаяпти
Озодлик тассаруфидаги “HEX SOLAR” MCHJ билан «OSMON-ENERGY» MCHJ ўртасида тузилган шартномада 1 ватт энергия нархи 910 сўм қилиб белгиланган. Бу ерда неча ваттлик объект қурилганига қараб умумий ҳисобни чиқариш мумкин.
Манбанинг коррупцияга оид иддаоларини мустақил ўрганиш имконсиз. Агар сизда бу борада бирор факт бўлса, Озодлик билан ўртоқлашинг.
«OSMON-ENERGY» ширкати раҳбари Усербай Сейтрзаев Озодлик билан суҳбатда коррупцияга оид иддаоларни инкор қилди:
"Менимча бу ерда ноқонуний нарсалар биз тарафдан ҳам, “HEX SOLAR” тарафдан ҳам, Masdar тарафдан ҳам ҳеч қанақа ноқонуний нарсалар бўлмаяпти. Шунинг учун, бемалол, мен қўрқмайман бу нарсалардан. Ҳақиқатдан бор нарсалар, яъни келиб текширса ҳам ҳақиқатдан бор нарсалар. Яъни нима демоқчиман, бу ерда жиддий контрол остида ишлар қабул қилиняпти. “HEX SOLAR”, тўртта фирманинг контролидан кейин қўл қўйилиб, қабул қилиняпти ишлар".
Ўзбекистондаги қуёш станциялари қурилишларига коррупция аралашгани иддаолари аввал ҳам бир неча бор тилга олинган.
Шахсан президент Мирзиёевнинг баландпарвоз ваъдаларига ишониб, Тошкентга келган Канаданинг SkyPower Global компанияси раҳбари Керри Адлер 2018 йилда 1000 мегаваттлик қуёш станцияси қуриш бўйича Ўзбекистон билан шартнома имзолаган. Бироқ орадан 4 йил ўтиб, ушбу лойиҳа бекор қилинган. Адлер Ўзбекистон бозоридан ҳайдалишини коррупцияга боғлаган.
келишувларимиз ниманингдир эвазига бўлмайди, ҳеч қачон
"SkyPower Global" ошкора ишлайди. Коррупциянинг ҳар қандай кўринишига қатъий қаршимиз. Биз коррупцион ишларга асло бош суқмаймиз. Ҳеч қандай шартнома учун тўламаймиз. Совға-салом бермаймиз. Асоссиз ваъда ҳам бермаймиз. Лекин Ўзбекистонда азалдан бундай қилинмаган, маданият бошқача. Биз эса этикага, Канада, Америка, Британия ва халқаро қонунларга риоя қилишимиз шарт. Биз контрактларни бизнес музокара орқали имзолаймиз, келишувларимиз ниманингдир эвазига бўлмайди, ҳеч қачон”, дейди SkyPower Global компания раҳбари Керри Адлер.
Аслида Мирзиёев қуёш станциялари бўйича Ислом Каримов бошлаган ишни давом эттирмоқда. Каримов даврида, аниқроғи 2010 йилдан бошлаб, қуёш станцияси қуриш уринишлари бошланган. Ислом Каримовнинг тўнғич қизи, ҳозирда қамоқ жазосини ўтаётган Гулнора Каримова 2015 йилда Ўзбекистондаги илк қуёш станцияси қурилишига коррупция аралашгани, муқобил энергия лойиҳалари ортида фақат моддий манфаатдорлик тургани ҳақида ёзган эди. Ўша пайтда Гулнора Каримова амалдаги бир неча мулозим исмини тилга олган бўлса-да, унинг коррупция иддаоларини биров инкор ҳам қилмаган.
Яна Шерободдаги станция билан боғлиқ вазиятга қайтамиз.
2023 йилнинг 27 декабрида Шеробод қуёш станциясининг биринчи босқичи тантанали равишда ишга туширилди.
«Masdar» режасига кўра, станция 2026 йилда тўла фойдаланишга топширилгач, жами 94 минг сурхонлик оила электр билан таъминланиши мумкин.
Бироқ мутахассислар қуёш станциялари билан боғлиқ лойиҳаларнинг тўла амалга ошишига маънилик қиладиган бир қанча омиллар мавжудлигини таъкидлашмоқда.
Биринчидан, Ўзбекистондаги қуёш станциялари ишга тушгач, асосий электр тармоқлари қувурларига уланмоқда.
Озодлик суҳбатлашган мутахассислар дастлаб Ўзбекистондаги эскирган электр тармоқларини янгилаш зарурлиги, кейин муқобил энергия ишлаб чиқаришни бошлаш лозимлигини таъқидлашди. Боиси эскирган тармоқларга уланган муқобил энергиянинг самарадорлиги паст бўлиши мумкин.
“Тараққиёт стратегияси” маркази ҳисоб-китобича, бугунги кунда магистрал тармоқларнинг 66 %, тақсимлаш тармоқларининг 62%, подстанцияларнинг 74%, трансформаторларнинг 50 % ининг хизмат қилиш муддати 30 йилдан ошган.
Бундан қарйиб 2 йил аввал Самарқанд вилояти Нуробод тумани Тутли маҳалласида 100 мегаваттлик қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилган эди.
Қиймати 100 миллион доллар бўлган мазкур лойиҳани Франциянинг Total Eren ширкати хориж инвестицияси ҳисобидан амалга оширган.
Мирзиёев давридаги илк қуёш станцияларидан бири бўлган Нуробод станцияси 80 мингдан ортиқ хонадонни муқобил энергия билан таъминлаши режаланган эди. Бироқ станциянинг шундоқ биқинида жойлашган Тутли маҳалласи аҳолиси барибир электрга ёлчимади.
Нуробод тумани расмийлари қуёш станциясидан олинган муқобил энергия асосий электр тармоғига улангани ва Тутли маҳаласини тўғридан-тўғри электр билан таъминлаш назарда тутилмаганини айтиш билан чекланишди.
100 миллион долларлик Нуробод қуёш станцияси самарасини бошқа самарқандликлар ҳам сезганича йўқ. Жорий қишда ҳатто Самарқанд шаҳрида ҳам электр узилишлари кузатилди.
Ҳукумат нимага дастлаб эскирган электр қувурларини янгиламасдан муқобил энергия станциялари қуришга зўр бермоқда? Ҳукуматга яқин манба бунинг сабабини коррупцияга боғлади.
гап кўпроқ соққа қилиш ҳақида кетмоқда
“Муқобил энергия учун хориждан кредит олиш осон. Халқаро банклар қуёш станциялари экологик вазиятни яхшилашга хизмат қилишини инобатга олиб, кредит беришади. Шунинг учун иложи борича кўпроқ кредит олишга ҳаракат кетмоқда. Дунёда ҳеч бир давлатда қуёш станцияларини қуришда биздагидек, шошмашошарликка йўл қўйилмаган. Бу ерда натижа самарасизлик билан якунланишини ҳукумат ҳам билади. Лекин гап кўпроқ соққа қилиш ҳақида кетмоқда. Олинган кредитни ўзлаштириш йўллари сон-мингта. Қайси станция бўйича олинган кредитнинг ҳисоб-китоби очиқланди? Уларнинг иши чўнтакни қаппайтириш холос”, дейди Энергетика вазирлигидаги манба.
Озодликка тақдим қилинган фактлардан келиб чиқилса, Шеробод қуёш станциясида бажарилган ишларнинг сифати савол остига олинади. Қурилиш мулозимларининг Телеграмдаги ёзишмаларида қилинаётган ишлар сифатсиз экани қайд этилган. Ёзишмалардан бирида 45- блок 1-бўлимидаги ишлар сифатсиз бажарилгани сабаб ушбу блокдаги ишлар зудлик билан тўхтатилиши буюрилган.
“Energy Eco Sources” МЧЖнинг маркетинг ва рақамли трансформация бўйича директори Иван Бутукнинг Анҳор.уз нашрига айтишича, мамлакатдаги қуёш станцияларининг катта қисми нотўғри ўрнатилгани аниқланган. Бутук таъкидича, йўл қўйилган хатоларнинг комбинацияси Ўзбекистонда аварияларга олиб келиши мумкин:
"Мен дуч келганларнинг 20-30% жиддий хатолар билан йиғилган ёки тўлиқ бажарилмаган, яъни оддийгина ускунанинг бир қисми етишмаяпти, лекин айни пайтда монтажчилар ва эгалари томонидан тайёр сифатида тақдим этилган. Улар дарҳол тўхтатилиши ва қайта ўрнатилиши керак. Уларнинг ишлаши нафақат ўзини оқламайди, балки инвестиция қилинган пулни йўқотишдан ташқари қўшимча йўқотишларга ҳам олиб келади. 40% хавфсиз, лекин ишлатиш ва сақлаш учун ноқулай ва улар ўрнатилган объект учун етарли энергия ишлаб чиқармайди".
Жорий йилнинг 28 январь куни Шеробод станциясида содир бўлган ушбу ҳодиса оқибатида қанча зарар кўрилгани очиқланмади. Расмийлар вазиятни ҳаспўшлаш учун қўшимча панеллар етарли эканини айтиш билан чекланишди.
Қуёш панелларини ўрнатишдаги камчиликлар, мутахассислар фикрича, самарадорлик пасайишига олиб келмоқда.
Айни пайтда иқлимнинг ҳам қуёш станциялари самарадорлигига салбий таъсири сезилмоқда. Ўзбекистон шароитида панелларнинг самарадорлиги пасайишига таъсир кўрсатадиган яна бир омил бу чанг миқдоридир. Кейинги йилларда кучайган чанг бўронлари миллиардлаб доллар сарфланаётган қуёш станциялари самарадорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Мутахассислар таъкидича, чангланиш даражаси кучайиши оқибатида панеллар рентабеллиги камаймоқда.
Расмийлар шу пайтгача ишга туширилган муқобил энергия станциялари учун жами 2,1 миллиард доллар сарфланганини айтган.
Айни пайтда Ўзбекистонда яна 13 млрд долларлик муқобил энергия лойиҳалари амалга ошириляпти.
“Шубҳали даражада гигант лойиҳалар. Бошқа деталлари номаълум. Охирги йилларда имзоланавериб, сийқаси чиқиб кетган меморандумларнинг декларатив хусусиятга эга эканлигини кўпчилик тушуниб етган, хурсанд бўлишдан кўра шубҳаланиб қолганмиз. Шунинг учун жўжани кузда санаймиз”, дея ёзди Davletov.uz.
Мирзиёев ҳукумати қуёш энергиясини энергетик бўҳрон ечими сифатида кенг кўламда тарғиб қиларкан, кампаниябозлик кун сайин авжига чиқмоқда, деярли барча вилоятларда муқобил энергия станциялари қурилиши кетмоқда.
“Ўтган йилги режалар ижроси "ура ура" кампаниявозликка ва пул ўзлаштириш мусобақасига айлантирилмай, соғлом ақл билан иш тутилганида ўтган қишда электр энергиясида узилишлар бўлмаслиги керак эди. Ҳаммадан қизиғи, ўрнатилган қуёш панеллари қанча электр энергияси генерация қилаётгани ҳақида ҳеч қандай даврий ва очиқ маълумот мавжуд эмас. Агарда 2023 йил режалари бажарилганида ўрнатилган қуёш панеллари 900,3 млн. кВт.соат электр энергияси ишлаб чиқариши лозим эди. Бу Туркманистондан 45 кунлик электр энергияси импорти билан тенг”, дейди иқтисодчи Отабек Бакиров.
ё қуёш панели, ё дор
Энди кичик қуёш станциялари билан боғлиқ вазиятга тўхталсак. Бу ерда вазият янада аянчли. Мажбурлаш кампаниясидан четда қолган биров бўлдими, ўзи?
Андижон вилояти ҳокимига тегишли экани айтилган қуйидаги гаплар вазиятга ойдинлик киритиши мумкин:
"[Қуёш панели] қўйганларга раҳмат, қўймаган фуқаролар ўзингни ос, ё ҳаёт, ё мамот, ё қуёш панели ё дор.. дорни эшитяпсанми?"
Бугун Тошкент кўчаларини айлансангиз, томида қуёш панели йўқ бинони учратиш амримаҳол. Лекин уларнинг ҳаммаси ишлаяпти, деб ўйласангиз, адашасиз! Озодлик мобил мухбири пойтахтдаги бир қатор биноларга кириб, идоралар ходимлари билан суҳбатлашди. Суҳбатлардан маълум бўлишича, бу биноларнинг жуда кўпчилигидаги қуёш панеллари муляж каби. Яъни ходимларга кўра, мажбурлаш натижасида панеллар олинган, томларга ўрнатилган, бироқ уларни ишлатишга генератор йўқ. Боиси генератор қиммат. Панелнинг ишлаш-ишламаслиги эса, бировни қизиқтираётгани ҳам йўқ. Ҳисобот учун томда ялтираб, панел турса етади.
Ўтган икки йилги ура-урачилик кампанияси ўзини оқламагани бугун ҳеч кимга сир бўлмаса-да, мулозимлар вазиятни ҳаспўшлашга максимум ҳаракат қилишмоқда.
Кичик бир мисол. Жиззах политехника институтига ҳам ўша кампания давомида қуёш панеллари ўрнатилган. Лекин бу йил қишда талабалар совуқ дарс хоналарида ўтиришга мажбур бўлишди.
Институт талабалари ҳисоб-китобича, олийгоҳ томида 30 тача, ҳовлисида эса 40та қуёш панели ярқираб турибди. Фақат улар самарадорлиги савол остида.
Шунча панел бўла туриб, талабалар совуқдан шикоят қилганидан сўнг институт коридорига битта иститиш печкаси қўйилди.
Энг асосийси вазиятни ҳаспўшлаш учун институт раҳбарияти шикоятни рад қилиб чиқишга мажбур бўлишди.
Бу каби мисоллар сон- мингта…. Бошқа бир ҳолат: Президент ташриф буюрадиган ҳар бир шаҳар ва қишлоқ кўчалари қуёш панеллари билан безатилади. Президент кетгач эса, улар йиғиштириб олинади. Мисол, ўтган йил ёзида Мирзиёевнинг Бухорога ташрифи олдидан Ромитон тумани Қаҳрамон маҳалласидан ўтган трасса бўйидаги уйлар томига қуёш панеллари териб чиқилди. Маҳалла аҳлидан олинган маълумотга кўра, президент кетгач, панеллар йиғиштириб олиб кетилган.
Кейинги пайтда ҳатто қуёш панелларини арендага ҳам олиш мумкин. Текширувчи комиссия келса ёки нуфузли раҳбарлар ташрифи кутилса, қуёш панеллари сотувчи фирмалардан маълум пул эвазига панеллар ижарага олинади ва ташриф тугагач, қайтариб берилади. Озодлик мухбири потенциал мижоз сифатида Тошкентнинг Юнусобод туманида жойлашган фирма ходими билан боғланди. Ходим бино томининг катта -кичиклигига қараб, 200 доллардан 500 долларгача бўлган нархда қуёш панелини ижарага олиш мумкинлигини айтди.
Қуёш панелларини идора ва ташкилотларга ўрнатиш бўйича ўтказилаётган тендерлардаги эҳтимолий қинғирликлар ҳақида Озодлик аввал ҳам кўп ёзган.
Бу ерда гап нафақат соҳага алоқаси йўқ фирмаларнинг тендерда ғолиб бўлиши ҳақида боради, балки миллиардлаб сўмлик қуёш панелларининг ўрнатилиш сифати ва хизмат кафолати ҳам шубҳа остига олинади. Қолаверса, бюджет маблағи коррупцион схема асосида ўзлаштирилаётганига оид хавотирларни ҳам уйғотади.
Ҳукуматнинг ўзи ҳам қуёш панеллари ўрнатишдаги кўзбўямачиликларни тан олган. Жорий йилнинг 28 феврал куни ўтган йиғилишда президент Мирзиёев мутасаддиларга жойларда қуёш панелларини ўрнатишда кўзбўямачилик ва қўшиб ёзиш ҳолатларининг олдини олиш юзасидан топшириқ берган.
Маълум бўлишича, жойларда 10 киловаттлик қуёш панелларини ўрнатиш учун 65-70 миллион сўм, яъни тахминан 5300-5600 доллар маблағ зарур.
Агар газ бўлмаса, уйни иситиш учун қуёш панелининг фойдаси йўқ
Ҳукумат қайта тикланувчи электр манбаларидан фойдаланишга қарор қилган аҳолига қатор имтиёзлар, жумладан уч йилга солиқ тўловларидан озод қилган бўлса-да, одамларда қуёш панеллари самарадорлигига нисбатан ишончсизлик бор.
“Қуёш панеллари қишда қуёш чарақлаб турган вақтда нари борса 35% коэффициент билан ишлайди. Аккумулятор муддати 5 йил. Кейин алмаштириш керак. Қуёш панеллари ишлаш муддати 25 йил. Ҳар беш йилда ўртача 10% га ишлаш кучи пасаяди. Агар газ бўлмаса, уйни иситиш учун қуёш панелининг фойдаси йўқ”, дея ёзди Facebook фойдаланувчиси Лочинбек Аманов.
Озодлик қуёш станцияларига оид хавотирлар борасида юзага келган саволларни ўтган йилнинг 21 феврал куни Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовга электрон почта орқали жўнатган. Бироқ орадан 1 йилдан кўпроқ вақт ўтиб ҳам вазир жанобларидан ҳеч қандай кўринишда жавоб бўлмади.
Мирзиёев ҳукумати муқобил энергияни мамлакатдаги энергетик бўҳрондан чиқиш йўли сифатида тақдим қиларкан, кейинги икки йиллик кампаниябозлик натижасида вазият ўнглангани кузатилмади. Ҳукуматнинг энергетика инқирозини пала партиш ҳал қилишга уриниши, таҳлилчилар фикрича, баландпарвоз ваъдалар, ҳисобот учун қиланаётган кўзбўямачиликлардан нари ўтмаяпти.
Айни пайтда Ўзбекистон қўшниларида ҳам энергетик муаммолар кам эмас.
Қирғизистон 2023 йили энергетика тизимида уч йиллик фавқулодда ҳолат эълон қилган. Расмий Бишкек энергетик муаммолардан қутилиш мақсадида муқобил энергия олиш учун ҳаракат қилмоқда. Иссиқкўлда қуёш станциясини қуриш режаланган. Шунингдек, кичик ГЭС қуриш учун тадбиркорларга имтиёзлар ваъда қилинган. Ана шундай имкониятдан фойдаланган тадбиркор Нурлан Ўрмонов ўз ҳисобидан Жалолобод вилоятининг Ақси туманида 500 киловаттлик кичик ГЭС қурди. Расмий маълумотга кўра, мамлакатда 88та кичик ГЭС қуриш имконияти мавжуд.
Қозоғистон эса муқобил энергия олиш ҳаракатини 13 йил аввал бошлаган ва ҳозирда мамлакатда 142 та муқобил энергия станциялари ишламоқда. Қозоғистон асосий эътиборни шамол станцияларига қаратган. 2050 йилгача Қозоғистон энергиясининг ярми муқобил энергия ҳисобидан амалга ошириш режаланган. Айни пайтда Қозоғистон Россия энергиясига эҳтиёжи катта давлатлардан саналади. Айниқса, мамлакат шимоли рус энергиясига қарам ҳисобланади. Остонана бу қарамликдан қутулиш учун мамлакат шимолини ягона энергия тармоғига улашни тезлаштириш ҳаракатида.
Остона Россияга энергетик қарамликдан қутулишга ҳаракат қилаётган бир пайтда Тошкент бунинг аксини қилмоқда.
Ўтган йили Озодлик эълон қилган суриштирувда Мирзиёев ҳукумати энергетикага оид кўп миллиардлик шартномалар ва Ўзбекистоннинг йирик газ конларини махфий келишувлар орқали Кремл ва Путинга яқин шубҳали олигархлар ва Кремл назоратидаги тузилмаларга топширгани ўртага чиққанди. Бунинг натижаси ўлароқ Ўзбекистон расман газ экспорт қилувчи давлатдан газ импорт қилувчи давлатга айланди. Ҳукумат Озодлик суриштирувлари хулосаларини рад этишга уринди, аммо энергетик инқироз давом этмоқда.
Форум