Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:41

Мустақил нашрларга босим ўтказишда айбланган АОКА "ислоҳ қилинади"


АОКАнинг маҳаллий нашрларга босими карикатура қилинган сурат - Eltuz.com
АОКАнинг маҳаллий нашрларга босими карикатура қилинган сурат - Eltuz.com

29 декабрь куни президент Мирзиёев эскича қолипда ишлаётган раҳбарларнинг матбуотга муносабатини танқид қилиб, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги(АОКА) ислоҳ қилинишини маълум қилди.

Бу хабарни олқишлаган маҳаллий журналистлар аслида матбуотни назорат қиладиган советча ташкилотлардан бутунлай воз кечиш таклифини илгари сурди.

Кейинги пайтда АОКАнинг ОАВларига босими кучайгани айтилиб, кескин танқид қилинаётганди.

АОКА ислоҳ қилинади

29 декабрь куни Олий Мажлисга мурожаатида президент Мирзиёев айрим раҳбарларнинг матбуотга муносабатини танқид қилди:

“Аччиқ ва танқидий материаллар жойлардаги кўплаб амалдорларга ёқмаслиги, уларнинг тинчини ва ҳаловатини бузаётгани ҳам бор гап”.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев парламентга мурожаат қилмоқда, Тошкент, 2020 йил 29 декабри (president.uz фотоси)
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев парламентга мурожаат қилмоқда, Тошкент, 2020 йил 29 декабри (president.uz фотоси)

Мирзиёев АОКА яхши ниятлар билан ташкил қилинганини эслатиб, ушбу агентлик фаолияти ислоҳ қилинишини маълум қилди:

“Мамлакатимиз тараққиётини янги босқичга кўтаришнинг дастлабки даврида оммавий ахборот воситаларини кенг қўллаб-қувватлаш, уларни ҳимоя қилиш, давлат идораларида ахборот хизматлари фаолиятини йўлга қўйиш ва ривожлантириш мақсадида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ташкил этилган эди.

Бугунги кунда оммавий ахборот воситалари соҳасидаги ислоҳотларни янги босқичга кўтариш, уларни янада ривожлантириш, мустақил фаолият юритишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида Агентлик фаолиятини танқидий қайта кўриб чиқиш лозим, деб ҳисоблайман”.

Президентнинг АОКАни ислоҳ қилинишида нимани назарда тутаётгани ҳозирча номаълум.

АОКА раҳбарияти президентнинг бу сўзларини ҳеч бир кўринишда изоҳлагани йўқ. АОКА борасида президентнинг танқидий гаплари ҳам агентликнинг расмий сайтига жойланмаган.

30 декабрь куни Озодликнинг ушбу агентлик мулозимлари билан боғланиш уринишлари натижасиз бўлди.

Мирзиёевнинг АОКАни ислоҳ қилиш таклифи агентликнинг мамлакатдаги қатор нашрларга огоҳлантириш хати юбориши ва бунинг кескин танқидга сабаб бўлгани ортидан янгради.

Ўтган ойда АОКА томонидан Kun.uz ва бошқа қатор мустақил нашрларга хат юборилиб, аҳолининг газ ва свет муаммоси, шунингдек, коронавирус статистикасига расмийларникидан фарқли ёндашгани боис "жиддий оқибатлар"дан огоҳлантирилган эди.

Озодлик суҳбатлашган журналистлар Мирзиёевнинг АОКАни ислоҳ қилиш қарорини олқишлашларини айтишди.

Далиев: АОКА фақат пропаганда билан шуғулланадиганларни хушлаяпти

Human.uz ахборот портали раҳбари, журналист ва блогер Хуршид Далиев АОКА матбуот вакиллари билан муносабатини самимий ва очиқ қилиши лозим деб ҳисоблайди:

Human.uz ахборот портали раҳбари Хуршид Далиев
Human.uz ахборот портали раҳбари Хуршид Далиев

- Мана кеча президентнинг мурожаатномасини ёритишга биз бора олмадик, олдинги сафар бориб ёритгандик. Бу сафар бизни таклиф қилишмади. АОКАнинг ҳозирги раҳбари ўзига ёққан, ўзи хушлаган журналист ёки блогер билан муносабатларини яхши қиляпти. Лекин хушламагани билан мулоқот қилаётгани йўқ. Амалдаги қонунчилик асосида ишлайдиган эмас, балки улардан топшириқ оладиган ва уларнинг айтган ташвиқот кампаниясини зўр бериб пропоганда қиладиган таҳририятларни хушлаяпти. Лекин бу яхши эмас.

Хуршид Далиев билан суҳбатни қуйида тинглашингиз мумкин:

Хуршид Далиев билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:05 0:00
Бевосита линк

Ташанов: АОКАни бутунлай тугатиш керак!

Мустақил журналист Абдураҳмон Ташанов АОКА каби назорат қилувчи органлар фаолиятини мутлақо тугатиш керак деган фикрни илгари суради:

Мустақил журналист Абдураҳмон Ташанов
Мустақил журналист Абдураҳмон Ташанов

- АОКА Ўзбекистонда сўз эркинлигини назорат қиладиган орган функциясини бажаряпти. Нашрларга нисбатан мониторинг таҳдиди билан чиқиш, ўзининг танқидий позициясини билдириш яъни назоратчилик функциясини ўташи, бу сўз эркинлигига нисбатан таҳдиддир. Шунинг учун бу орган мутлақо олиб ташланиши керак. АОКА собиқ СССРдан қолган госкомпечать. Умуман АОКАнинг кераги йўқ. Матбуот қонун ҳужжатларига асосан ишлайдиган бўлса, уни назорат қилишнинг ҳеч қандай кераги йўқ. Давлатнинг таъсир механизмлари тўлиқ олиб ташланиши керак. Дунёнинг бирорта илғор давлатида бунақанги орган йўқ.

Мирзиёева- Алламжонов тандеми

АОКА 2019 йилнинг 2 февралида президент фармони билан Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги тугатилиб, унинг ўрнига ташкил этилган.

АОКА ахборот соҳасидаги ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқувчи ва амалга оширувчи ҳамда оммавий ахборот воситалари, матбуот, ноширлик-матбаа ва ахборот-кутубхона фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш бўйича ваколатли орган ҳисобланади.

АОКА ташкил этилишида бош-қош бўлган Комил Алламжонов ва президентнинг тўнғич қизи Саида Мирзиëева жуфтлиги, бу агентликни бир йилча бошқарган.

Комил Алламжонов ва президентнинг тўнғич қизи Саида Мирзиëева жуфтлиги, АОКАни бир йилча бошқарган.
Комил Алламжонов ва президентнинг тўнғич қизи Саида Мирзиëева жуфтлиги, АОКАни бир йилча бошқарган.

Айрим маҳаллий журналистлар ушбу тандем даврида матбуотга нисбатан муносабат ниcбатан яхши бўлганини таъкидлайди.

Бироқ Ташанов фикрича, матбуотнинг эркинлиги бирор шахсга боғлиқ бўлиб қолиши керак эмас:

- Мирзиёевнинг қариндошлари ёки Комил Алламжонов хоҳлагани учун эркин матбуот бўлиши керак эмас. Ўзи аслида матбуот эркин бўлиши керак. Агар матбуот эркинлиги бирор шахсларга боғлиқ бўлса, бу омонат эркинликдир. Шунинг учун сўз эркинлигини шахсларга боғлаш нотўғри бўлади.

Ташанов билан суҳбатни қуйида тинглашингиз мумкин:

Абдураҳмон Ташанов билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:40 0:00
Бевосита линк

АОКАдан кетганидан сўнг миллий матбуотни ҳимоя қилиш иддаоси билан президент қизи тандемида тузилган Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди кейинги икки ой ичида АОКА томонидан журналистларга бўлган босимлар пайти ўз позициясини билдирмагани танқидга сабаб бўлди.

Бу фонд ҳам маҳаллий, ҳам хориж жамоатчилигининг айнан ўзбек матбуотидаги эркинликни ривожлантириш учун берилган пуллари ҳисобига фаолият юргизади.

3 декабрь куни чет эл дипломатик корпус вакиллари, журналист ва блогерлар иштирокида ўтган анжуманда ўзбек расмийлари мамлакатда сўз ва матбуот эркинлиги борасида “фундаментал”, “ортга қайтмас” ижобий ўзгаришлар юз берганини таъкидлади.

Айни пайтда анжуманда қатнашган БМТнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Ҳелена Фрейзер ўзбек расмийларини мустақил ОАВ вакилларини эркин ишлашига йўл бериш бўйича БМТ талабларини тўлиқ бажаришга чақирди.

Маҳаллий нашрларнинг нисбатан эркинлашганига қарамай, халқаро матбуот ташкилотлари ўзбек матбуотида цензура, ўз-ўзини цензура ва журналистлар ҳамда блогерларга босимларнинг сақланиб қолаётганини айтишади.

Парижда жойлашган “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти шу йил апрелида эълон қилган матбуот эркинлиги рейтингида Ўзбекистонни 180 давлат орасида 156 - ўринга қўйган.

Ташкилот мамлакатда вазиятнинг "ҳануз мураккаблигича қолаётгани"ни айтган.

"Юқори ҳокимиятни танқид қилиш ҳали ҳам мумкин эмас. Расмийлар оммавий ахборот воситаларини чеклайдиган зарур қонунчилик ислоҳотларини ўтказишга шошилмаяпти. Назорат, цензура ва ўз-ўзини цензура қилиш ҳанузгача мавжуд бўлиб, ҳокимиятлар ОАВ устидан назоратни сезиларли даражада ушлаб турибди. Блогерларга ҳанузгача таҳдид қилинмоқда ёки ҳибсга олинмоқда", — дейилади ҳисоботда.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG