Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:30

Мулозимлар масжиддан кўра кўприк муҳимлигини тушунтира бошлади


Масжидларда коррупция танқид қилинган карикатура
Масжидларда коррупция танқид қилинган карикатура

Пойтахт ҳокими “Тошкент шаҳрини ривожлантириш ва инвестицияларни жалб қилиш”га бағишлаб маҳаллий тадбиркорлар ва хорижий инвесторлар билан 14 июль куни ўтказган учрашувда “масжид қурилишига эмас, камбағалларга уй қуришга инвестиция киритишни” тавсия қилди.

Бу йиғилишдан икки кун олдин Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитаси ходими Нуриймон Абулҳасан ҳам Халқаро пресс-клубда сўзга чиқиб “масжид ўрнига кўприк¸ боғчалар қуриш¸ эҳтиёжманд оилаларга ëрдам бериш яхшилигини таъкидлаган эди.

Бу баёнотлар арафасида - кейинги икки ой ичида мамлакат бўйлаб тўртта масжиднинг ҳунармандлик устахоналари ва ишлаб чиқариш корхоналарига айлантирилгани ҳақида Озодликка маълумотлар келган.

Ўзбекистонлик икки мулозимнинг "масжид қурмаслик" мавзусида гапиргани ижтимоий тармоқнинг диндор ўзбеклар сегментида ташвиш билан кутиб олинди. Ташвиш билдирганлардан бири, таниқли ëзувчи Нурилла Отахонов facebookдаги саҳифасида бу ҳолатни "диний сиёсат салбий томонга ўзгаришга юз тутгани" сифатида баҳолади.

Ўзбекистондаги масжидлардан бирида имом ноиби лавозимида ишлаëтган ва исми айтилмаслигини сўраган 31 яшар йигит “тадбиркорларга масжид қуришга аввалига изн берилиб, кейин тўхтатилганини айтди”:

- Атиги олти ой олдин цемент ва тайëр бетон сотадиган бизнесмен "мен ҳам марҳум отамнинг номига кичикроқ туман масжиди қурсам", деган таклиф билан чиқди. Лолахон Каримова отасининг номига масжид қурганларидан таъсирланиб ҳавас қилибди-да, энди. Олдинига ҳамма қўллаб-қувватлади. Кейин отказ келди Тошкентдан. Ўша пулни етмихонага берсин¸ Обод қишлоқ лойиҳасига сарфласин, деган маслаҳат ҳам берилди. Ўша жойда ишлаб турган иккита масжид тўлмаганини баҳона қилиб таклиф рад қилинди¸ - деди имом ноиби.

Афтидан, масжид ходими айтган тадбиркор йирик иншоот қуриш истагини билдирган ягона киши эмас.

Дин ишлари қўмитаси мулозимининг Озодликка айтишича¸ “Отамнинг номига 10 минг киши сиғадиган масжид қураман”, деб мурожаат қилган бошқа бир тадбиркорга ўша ҳудудда иккита масжид борлигини айтиб, рад жавоби берилган.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари қўмитаси ходими Нуриймон Абулҳасан ҳам Халқаро пресс-клуб тадбирида сўзга чиқиб "10 минг киши сиғадиган масжид қуриш таклиф қилинган ҳудуддаги икки масжид деярли бўш тургани боис учинчи масжидга эхтиëж йўқлигини" таъкидлаган эди.

Қўмита мулозими Озодлик мухбири билан 15 январь кунги суҳбатида "мусулмонларнинг ибодат қилишини таъминлаш мақсадида¸ республика ҳудудларини бир-бири билан боғлайдиган автотрассалар бўйлаб кичик номозхоналар ташкил қилиниши" ҳақида гапирган эди.

17 июлга келиб маълум бўлишича йўл бўйларида "мини-масжидлар" қурилиши таклифдан амалга кўчмаган. Бу таклифни "фаол илгари" сурган масжид имоми Шермурод Тоғай жорий йил апрелида ишдан бўшатилган.

Ўзбекистон МТРК сида раҳбар лавозимда ишлайдиган ва журналистнинг 17 июль куни Озодликка маълум қилишича¸ у ёки бу масжид очилиши ёки масжид қурилаëтгани ҳақидаги лавҳаларни эфирга беришга чеклов қўйилган. Шунингдек, "соқол қўйганлар ва масжид имомларининг ТВ кўрсатувларида қатнашишига ҳам таъқиқ қўйилган".

Бу вазият Ўзбекистон мусулмонлар идорасига ДХХ зобити Дилшод Ҳошимов ўринбосар қилиб тайинланганидан кейин юз бергани мусулмонларнинг айрим қатламларида ҳавотир уйғотган. Ўзбекистон мусулмонлар идорасига оид нашрларда узоқ вақт ишлаган¸ идорани ичидан билган ëзувчи Нурилла Отахоновнинг facebookда ëзишича "бу вазият диний идоранинг эркин ишлай олмагани" билан боғлиқ:

“Пешво”ларимиз ҳол тиллари ила чин юракдан дуо қилиб юборган экан, фаришталар омин деб, мана, орадан ҳеч қанча ўтмай “эзгу орзулари” ушалди: бир ДХХ зобити Дин ишлари бўйича қўмитага раис бўлиб келди, иккинчиси ЎМИ раисига ўринбосар этиб тайинланди! Булар ўз ишини ўзи юритолмади, тез ёрдам сўралди шекилли, улар яна ташаббусни қўлга олди. Мана, энди ўзлари билганича бошқара бошлади. Исботи ҳаётда тездагина кўринди – диний сиёсат салбий томонга ўзгаришга юз тутди, ишлар ҳар томонлама орқага қараб кетди. Уч-тўрт кундан бери муҳокамаси давом этаётган “жанжал”ли иш бунга ёрқин мисол!"- деб ёзди Нурилла Отахонов​

Озодлик суҳбатлашган Ўзбекистон мусулмонлар идораси масжидлар бўлими мулозими “масжидлар қурилиши борасидаги ҳолат ижобий ва қонунга мос” тарзда кетаëтганлигини айтиш билан кифояланди.

Бўш ëтган масжид цехга айланиб 20 кишини ишли қилди

Навоий вилоятининг Ҳатирчи туманидаги 26 яшар тадбиркорнинг фикрича, “Йилда икки марта¸ фақат ҳайит кунлари тўлиб бошқа пайтда бўш ëтганидан кўра бу бинолар бирор наф келтиргани афзал”:

- Маҳалла масжиди деб аталаётган жой аслида омбор эди. Кейинчалик одамлар омборни намоз ўқийдиган жойга айлантиришди. Мен бу жойни ҳоким қарорига биноан олиб¸ пайпоқ ва кийим-кечак ишлаб чиқаришни йўлга қўйдим. Макарон ҳам ишлаб чиқариб турибмиз. 20 кишини ишлик қилдим, - деди суҳбатдош.

Тадбиркорнинг “масжидни цех қилгани”дан норози бўлган бир неча киши Озодликка шикоят қилган эди.

Ҳатирчи туман ҳокимлиги мулозими эса, бу бинонинг давлатга қарашли пахта омбори бўлгани ва диний идорага алоқаси йўқлигини айтди:

- Бу жой ҳеч қачон масжид бўлмаган. Қолаверса, давлатнинг ери бу¸ бино ҳам давлатники. Мана Тошкент ҳокими масжид ўрнига уй қурсангиз яхши деб айтди. Тўғри айтди. Самострой қилиб номини масжид қўйиб қўйганингиз билан масжид бўлавермайди¸ - деди мулозим.

Ҳатирчилик мулозим айтган тадбирда бир сармоядор Тошкент шаҳар ҳокимига пойтахт ҳудудида жуда катта масжид қурмоқчилигини айтиб, ер сўради. Бунга жавобан ҳоким:

“Менда бир савол бор. Ҳозир кўчада, ахлатхоналарда, қутиларнинг ичида уйсиз яшаётган инсонлар бор. Сизга бериладиган ерга ўша бечораларга уйлар қурганимиз яхшими ёки жимжимадор масжид қурганимизми?”, - деб савол берди. Шунда тадбиркор ҳам уйсизларга уй қуриш лозим, дея таъкидлади.

Ўзбекистонлик имом ноибига кўра¸ “мамлакатда диний эркинлик мавсуми тугаш “ арафасида.

- Ҳокимнинг гапи тасодифий эмас. Диний қўмитага янги келган ва илгари Ички ишлар вазирлиги Терроризм ва экстримизмга қарши курашиш бош бошқармасида ишлаган, подполковник Нуриймон Абулҳасаннинг гапи ҳам шунақа. Бунинг ëнига кейинги пайтда телеканаллардан диний кўрсатувлар олиб ташланганини қўшсангиз вазият ҳақида ўзингиз хулоса чиқара оласиз,- деди суҳбатдош.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарларидан бири Абдулазиз Мансурга кўра, ҳозирда республикада 2039 та масжид самарали фаолият олиб бормоқда.

XS
SM
MD
LG