Қатор оғир жиноятларда гумонланиб ҳибсга олинган МХХ Тергов бошқармаси собиқ терговчиси¸ полковник Нодир Тўрақуловнинг отаси Дилмурод Тўрақуловга қарашли “Пойтуғ газ тўлдириш корхонаси” (ГНЕЗ)да текшириш бошланди.
Андижон вилоятининг Избоскан туманида жойлашган “Пойтуғ газ тўлдириш корхонаси”нинг исми сир қолишини сўраган ишчиси Озодликка “Ўзбекнефтгаз” миллий ҳолдинги ва республика Бош прокуратураси ходимларидан иборат махсус текширувчилар гуруҳи 26 февралдан корхонани текширишни бошлаганини хабар қилди.
“Текширувчилар келганда Дилмурод ака Андижонда йўқ эди, у ўғли Нодирнинг иши билан Тошкентга кетган эди. Текширувчилар уни чақиртирмади ва барча бухгалтерлик ҳужжатларини олишга киришди. Бегона одамларнинг кириши тақиқланган. Корхона уч кун кундан буён ишламаяпти. Аҳолига газ баллонлари бериш тўхтатилди. Баллон ҳам қабул қилмаяпти. Сўнгги беш йилдаги барча ҳужжатлар кўтарилган, текширув қаттиқ бўлаяпти”, деди 28 февраль куни Озодлик суҳбатлашган корхона ишчиларидан бири.
“Пойтуғ газ тўлдириш корхонаси”нинг исми сир қолишини сўраган бошқа ишчиси 1 март куни Озодликка 28 февраль кунги текширувчилар барча ҳужжатларни ўзлари билан бирга Тошкентга олиб кетганини маълум қилди.
Бу ишчининг айтишича¸ терговчилар корхонани муҳрламаган ва улар кетиши билан корхона яна ишини давом эттиришга киришган.
“Айтишларича, энди катта текширувчилар гуруҳи эртага келар экан. Дилмурод ака ўзи бу ерга кам келарди, асосий ишнинг ҳаммасини қариндошлари ва яқин одамлари бажарарди. Дилмурод акага ҳам эртага корхонага етиб келиши шарт эканлиги айтилибди. Ҳозир биз ҳам хавотирга тушиб қолдик. Бугун корхонадаги барча баллонларни зудлик билан аҳолига тарқатиш ҳақида топшириқ берилди. Ҳозир машиналаримиз ғувиллаб баллон тарқатаяпти”, деди 1 март куни Озодлик гаплашган ишчилардан бири.
“Пойтуғ газ тўлдириш корхонаси” МЧЖ раҳбари Дилмурод Тўрақулов Озодлик билан суҳбатда, ўз корхонасида ўтган уч кун давомида текшириш бўлганини инкор қилди¸ айни пайтда корхона фаолиятининг 2 мартдан бошлаб текширилишини эътироф этди:
- Бизнинг корхонани ҳеч ким текширгани йўқ. Агар ўғлим билан боғлиқ деган текшириш бўладиган бўлса, уларнинг қонуний ҳаққи йўқ. Бу қонунга хилофку. Менинг устимдан жиноят иши қўзғатилган йўқку, қандай қилиб мени корхонамга киради улар. Чунки Нодир билан иш қилмаганман, бир йилда бир-икки кўришардик, холос. Эртага ҳолдингдан текширувчилар келади, деяпти. Лекин унинг ўғлимга алоқаси йўқ, ўзимизнинг ишимиз бўйича келишаяпти, деди Дилмурод Тўрақулов.
Избоскан тумани ҳокимлигининг исми сир қолишини сўраган мулозимига кўра, Дилмурод Тўрақулов бу корхонани ўн йил аввал хусусийлаштириб олган.
“Бир пайтлар Абдулатиф Аҳмедов деган водийда транспорт прокурори бўлган. Дилмурод ака унинг қудаси бўлади. Абдулатиф ака Бош прокуратурада ишлайдиган ўғлига Дилмурод аканинг қизини олиб берган, яъни Нодирнинг синглисини. Шундан кейин Абдулатиф аканинг тавсияси билан булар ГНЕЗни хусусийлаштириб, МЧЖ қилиб олишди. Нодир Тўрақулов МХХда ишлаганда булар роса гуллаган эди. Айтишларича, арзон нархда олиб келинган пропан газни булар истаган нархда аҳолига сотишган”, деди ҳокимлик мулозими.
Исми сир қолишини сўраган избосканликлардан бирининг айтишича, табиий газ танқис бўлганлиги сабабли, монополияга айланган бу корхона аҳолига суйилтирилган газни ўз нархидан анча қиммат сотган.
“Ҳукумат қарори бўйича, бир катта баллон газ 16 минг сўм туради. Булар ҳар ойда бир айланиб шу нархда сотиб чиқишади. Бу норма. Энди бир баллон катта оилаларга ҳеч нарса бўлмайди. Корхона тўлдирилган газ баллонларини ўзларининг ишончли яқин одамларига берар, улар уйларида ҳар бирини 75 минг сўмгача аҳолига сотишган. Сўнгги пайтда бу нарх бир оз тушиб 50 минг сўм бўлиб қолди”, дейди избосканликлардан бири.
Андижон вилояти прокуратурасининг ўзини таништирмаган мулозими “Пойтуғ газ тўлдириш корхонаси”ни Бош прокуратура махсус гуруҳи текшираëтганидан бехабарлигини билдирди.
"Бизнинг бундан хабаримиз йўқ, улар бизга айтмай келишади", деди прокуратура мулозими.
Сурхондарëда "донг таратган" асли андижонлик МХХ зобити Нодир Тўрақулов президент Мирзиëев жорий йилнинг 19 январь куни Қизириқдаги йиғилишда МХХнинг айни вилоятдаги бошқармаси фаолиятини кескин танқид қилгани ортидан 22 январь куни Тошкентда қамоққа олинган эди.
16 февраль куни Тошкент ҳарбий суди чиқарган қамоққа олиш тарзидаги эҳтиëт чорасини қўллаш тўғрисидаги ажримга кўра¸ Нодир Тўрақулов Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 301-моддаси 1-қисми (Айбсиз кишини жавобгарликка тортиш) ва 230-моддасининг 2-қисми (Ҳокимиятни суиистеъмол қилиш, ҳокимият ваколатидан ташқарига чиқиш ёки ҳокимият ҳаракатсизлиги) да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда гумонланмоқда.
Нодир Тўрақулов Ўзбекистон собиқ Бош прокурори¸ асли избосканлик Рашиджон Қодировнинг куëви - Қодиров акасининг қизига уйланган¸ тўрт фарзанди бор.
Собиқ Бош прокурорнинг 22 февраль куни қамоққа олингани ҳақида Озодлик хабар бериши ортидан Бош прокуратура 24 февраль куни бу хабарни расман тасдиқлади.