Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:47

Бухоро МХХчилари ва "лохмач"лар 18 йилгача озодликдан маҳрум этилди


Moldova -- justice generic
Moldova -- justice generic

Жорий йилнинг 22 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий ҳарбий суди Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлиги хизмати Бухоро вилояти бошқармасининг бир гуруҳ собиқ раҳбарларига нисбатан суд ҳукмини ўқиди.

Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 301-моддаси (ҳокимиятни суиистеъмол қилиш, ҳокимият ваколатидан ташқарига чиқиш ёки ҳокимият ҳаракатсизлиги ) ва 235-моддаси (қийноқ) билан жавобгарликка тортилган мулозимлар 14 йилдан 18 йилга қадар бўлган муддатларга озодликдан маҳрум қилинди.

Бу ҳақда Озодликнинг Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларидан бирида ишлайдиган манбаси хабар берди.

Ҳарбий суд ҳукмига кўра:

1. Бошқарма собиқ бошлиғи Рустам Азимов 14 йилга;
2. Бошқарма бошлиғининг ички хавфсизлик бўйича ўринбосари Азим Юнусов 18 йилга;
3. Бошқарманинг Коррупцияга қарши кураш бўлими бошлиғи Инъомжон Маърупов 16 йилга;
4. Бошқарма тезкор вакили Умид Бобомуродов 18 йилга;
5. Бухоро вилояти Солиқ бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ровшан Ражабов 16 йилга;
6. Бухородаги Қоровулбозор қамоқхонаси “лохмач”и Рустам Жумаев 18 йилга;
7. Бухородаги Қоровулбозор қамоқхонаси “лохмач”и Умид Иноғомов 18 йилга;
8. Бухородаги Қоровулбозор қамоқхонаси “лохмач”и Жамшид Сафаров 18 йилга;
9. Бухородаги Қоровулбозор қамоқхонаси “лохмач”и Александр Иванов 18 йилга озодликдан маҳрум қилинди.

Шунингдек, Бухоро вилояти ИИБ Пост-патруль хизмати бошлиғи ўринбосари Аъзам Камаловга энг кам иш ҳақининг 400 баравари миқдордаги жарима жазоси тайинланиб, суд залидан озод қилинди.

Озодлик қўлга киритган айрим тергов ва суд ҳужжатларидан маълум бўлишича, 08/26616-18-сонли мазкур жиноят иши Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг тергов гуруҳи томонидан шахсан Президент Шавкат Мирзиёевнинг кўрсатмаси асосида олиб борилган.

Ака-ука Ибодовлар иши

Бухоро шаҳридаги “Ситора” автомобиль бозорида тадбиркорлик билан шуғулланиб келган 44 ёшлик Илҳом Ибодов ва унинг акаси 48 ёшлик Раҳим Ибодовлар 2015 йил 16 август куни савдо қоидаларини бузганлик ва ноқонуний валюта олди-сотдисини ташкил қилганликда айбланиб, МХХ ходимлари томонидан ҳибсга олинган эди.

Бир ой ўтиб Бухоро Миллий хавфсизлик бошқармаси тергов изоляторидан Илҳом Ибодовнинг ўлиги чиқди.

Илҳом Ибодовнинг Озодликка етиб келган қамоқдан чиққан жасади суратларида мурданинг қорин ва бел қисмларида кўкарган жойлари ва оёғида жароҳатларини кўриш мумкин.

Бухоро вилоят суд-тиббиёт экспертизаси Илҳом Ибодов ўлими сабабларини ўрганиб, маҳбус тергов изоляторида юрак хуружидан вафот этган, деган хулосани чиқарди.

Илоҳом Ибодовнинг акаси Раҳим саккиз йилга қамалди.

28 ноябрь куни Хюман Райтс Уотч, Инсон ҳуқуқлари учун халқаро шериклик, Норвегия Хелсинки қўмитаси ва Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ассоциацияси Ўзбекистон ҳукуматини ака-ука Ибодовларнинг қамоқхонада қийноқларга солиниши ҳолатини тергов қилишга чақирди.

2016 йил 1 декабрда Озодлик билан суҳбатлашган ака-ука Ибодовларнинг онаси Хурсанд Ражабова кичик ўғлининг қамоқхонадаги шубҳали ўлими юзасидан батафсил, холис ва шаффоф текширув ўтказиш ҳамда ўзбек қамоғида қолаётган яна бир ўғлини озод этишни сўраб Шавкат Мирзиёевнинг виртуал қабулхонасига мурожаат этганини билдирди.

"Уларни ҳам шу кўйга солдираман"

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 16 февраль куни Бухоро вилоятининг Пешкў туманида вилоят фаоллари билан бўлган учрашувда Миллий хавфсизлик хизмати (янги номи Давлат хавфсизлик хизмати) ни танқид қилди.

МХХга берилган чексиз ваколатни танқид қилган президент, тизим фаолиятини ўтган асрнинг 30-йилларидаги қатағонга солиштирган эди.

Мирзиёев МХХ фаолиятини 37-йилдаги қатағонга қиёслади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:44 0:00

Президент ака-ука Ибодовларнинг қийноққа солинганини тилга олмаган эса-да, унинг қўлида МХХнинг Бухородаги жиноятлари ҳақида етарли далиллар борлини айтди:

“Бухородан менда жуда кўп манба бор. Тадбиркорларни айбсиз қамагани, қандай қийнагани, расмлари ҳам бор менда. Ўша ишни қилган терговчиларнинг ҳаммасининг фамилияси бор. Худо хоҳласа, соғ-саломат юрсак, вақт келади, телевизорда кўрасизлар. Уларни ҳам худди шу куйга солдираман. Нима учун, адолат бўлиши керак. Йигирма йил бўлса, йигирма йил қамалади”, деган эди президент.

XS
SM
MD
LG