Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:50

Мухолифат фаоли Насрулло Саййид Ўзбекистонга киритилмади


Насрулло Саййид 13 йилдан буён Канадада истиқомат қилади
Насрулло Саййид 13 йилдан буён Канадада истиқомат қилади

20 апрель оқшомида Канаданиннг Эдмонтон шаҳридан Истанбул орқали Тошкентга учиб борган Ўзбекистон парламентининг собиқ депутати, мухолифатдаги "Эрк" партиясининг фаоли Насрулло Саййид Ислом Каримов халқаро аэропортида тўхтатилиб, 21 апрель тонгида Ўзбекистондан чиқариб юборилди.

Насрулло Саййид Канада фуқаросидир.

Ўзбекистон президенти фармонига мувофиқ, 2019 йил 1 февралдан 45 та мамлакат, шу жумладан Канада фуқаролари учун Ўзбекистонга кирган кундан эътиборан 30 кунлик муддатга визасиз режим белгиланган.​

Ўзбекистонга киритилмагани ҳақда Озодликка ҳозир Истанбулда бўлган Насрулло Саййиднинг ўзи маълум қилди.

Насрулло Саййид 13 йилдан буён Канадада истиқомат қилади.

12 соатга чўзилган 15 дақиқа

61 яшар Насрулло Саййиднинг айтишича, Истанбулдан парвоз қилган самолёт Тошкентга қўнгач, уни Ислом Каримов номидаги аэропортнинг паспорт назоратидан ичкарига ўтказишмаган:

- Ўша ердаги офицер паспортимни қўлига олганидан кейин, менга бир қарадида, столидан бир нарсаларни излаб, қандайдир рўйхатними, билмадим, бир нарсани кўрди. Кейин менга қараб: "Чеккага ўтиб туринг", деди. Бошқаларни ўтказиб юборди. Чеккада тургандим икки минут ўтмасдан икки киши келди-да қўлимдан ушлаб: "Ака бу ёққа юринг, мана бу хонага кирамиз, сиз билан 15 минутлик суҳбат бор" деди.

Насрулло Саййид ваъда қилинган "15 дақиқалик суҳбат" 12 соатга чўзилганини айтди. Бир соатча давом этган дастлабки суҳбатдан кейин чегара ходимлари уни аэропорт ертўласида жойлашган махсус хонада тонгга қадар ушлаб турганлар:

- Бир совуқ хонага олиб кирди. Хонада бир кровать қўйилган. "Мана шу ерда ўтириб турасиз, сиз билан суҳбат бўлади, деди .

Насрулло Саййидга кўра, хонада экан, ундан Канадага нима учун боргани ва нима учун яна Ўзбекистонга қайтгани ҳақидаги "бачкана" саволлар берилган:

- Униси киради шунақа саволларни беради, буниси келади, лекин кимлигини ҳам айтмайди. Қачон бу саволларингиз тугайди десам, тепадан буйруқ шунақа, шу ерда ўтириб турасиз, дейди, - деди Насрулло Саййид.

"Тепадагилар билади"

Насрулло Саййидга кўра, хавфсизлик мулозимлари уни аэропорт ертўласида 12 соатдан кўпроқ вақт давомида ушлаб турганлар ва сўнгра яна Истанбулга парвоз қилаётган самолётга ўтказиб, ортга қайтариб юборганлар:

- Қаердандир наряд олиб келган. Милисалар қатооор турибди. Қўлларида пистолетлари бор. Коридорни ичидан мени олиб борди-да мени самолётга ўтқазишди.

Насрулло Саййидга кўра, аэропорт ходимлари уни Ўзбекистонга киритмаслик тўғрисидаги қарорни "тепадагилар билади" дея изоҳлаганлар ва унинг қўлига Ўзбекистонга киритмаслик ҳақидаги актни топширганлар.

Насрулло Саййидни Ўзбекистонга киритмаслик ҳақидаги акт
Насрулло Саййидни Ўзбекистонга киритмаслик ҳақидаги акт

Рус тилида битилган актда Насрулло Саййидни Ўзбекистонга киритмаслик тўғрисидаги қарор "Халқаро фуқаровий авиация ҳақидаги Конвенция"га 9-иловага асосан қабул қилингани айтилган.

Ушбу иловага кўра, бир шахс ўзи сафар қилган ўлка хавфсизлигига таҳдид солиши мумкин бўлса, бу ўлка уни ўз ҳудудига киритмаслик ҳуқуқига эгадир.

Насрулло Саййид Ўзбекистон парламентининг собиқ халқ депутатидир.

У 1990 йиллар бошида мухолифатдаги "Эрк" демократик партиясининг Бухоро вилоят бўлими бошлиғи бўлган.

Насрулло Саййид 2017 йилда Президент Мирзиёевдан Ўзбекистонга қайтишга изн беришни сўраганди.

Ўшанда Насрулло Саййид ундан асоссиз равишда Ўзбекистон фуқаролиги олиб қўйилганини айтганди.

Унинг Озодликка айтишича, 2005 йилда Ўзбекистондан чиқиб кетишига ҳофиз Дадахон Ҳасаннинг қўшиқларини тарқатгани ҳақидаги айбловлар сабаб бўлган.

У 2019 йил бошида Канада фуқаролигини олганини айтади.

Насрулло Саййид Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг Ўзбекистон фуқаролигидан чиққани ҳақидаги мактуб билан Тошкентга сафар қилганини билдирди.

Ўзбекистон президенти фармонига мувофиқ, 2019 йил 1 февралдан 45 та мамлакат, шу жумладан Канада фуқаролари учун Ўзбекистонга кирган кундан эътиборан 30 кунлик муддатга визасиз режим белгиланган.

Ҳукуматнинг 17 апрелдаги қарори билан эса хорижда истиқомат қилаётган ватандошлар ва уларнинг оила аъзоларини Ўзбекистон Республикасига таклиф қилишни расмийлаштириш, кўп марталик кириш визаларини бериш ҳамда уларни ички ишлар органлари томонидан вақтинча прописка қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланган.

XS
SM
MD
LG