Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 09:09

Ўзбеклар нега ўз юртига виза ололмаяпти?


Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси.
Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси.

Ўзбекистонга сайёҳлик визаларини олиш соддалаштирилгани ҳақидаги хабарлардан илхомланиб Тошкентга отланган асли ўзбекистонлик ўнлаб чет эл ватандошига сайёҳлик визаси берилмаётир. Озодликка бу ҳақда шикоят қилганларнинг аксари муҳожирликда яшаб чет эл фуқролигини олган ва Ислом Каримовнинг 2014 йилда чиққан фармони билан ўзбек фуқаролигидан махрум этилган мухолифатчилар, ҳуқуқ ҳимоячилари, журналистлар ҳамда уларнинг қариндошларидир.

Бир ой аввал Ўзбекистон дунёнинг 101 давлати фуқаролари учун е-виза тизимини жорий этди.

Ўзбекистон президентининг 4 июл кунги “Чет эл фуқароларининг Ўзбекистон Республикасига кириш тартибларини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, шу давлат фуқаролари Ўзбекистонга 20 долларга уч кун ичида виза олиб сафар қилишлари мумкинлиги айтилди.

Бундан ташқари президентнинг қарори транзит йўловчиларга Ўзбекистонда беш кунгача визасиз қолиш имтиёзини ҳам бериши билдирилди.

Бу тўрт йил аввал ўзбекистон ватандошлигини йўқотган 61 ёшли АҚШ ватандоши Исоқжон Зокиров учун ўн икки йиллик узилишдан сўнг ватанини зиёрат қилишга фурсат эди.

Лекин, Зокировга Ўзбекистонга сайёҳлик визаси берилмаган.

АҚШ фуқароси Исоқжон Зокиров.
АҚШ фуқароси Исоқжон Зокиров.

- Мен мухолифат сафларида бўлганим учун беришмаётгандир, лекин мен АҚШ ватандошиман, Ўзбекистон ватандошлигидан чиқарилганман. Бир сайёҳ сифатида бир ойга Ўзбекистонга бормоқчиман холос, у ерда узоқ қолиш ниятим ҳам йўқ, лекин менга виза беришмаяпти, - дейди Исоқжон Зокиров.

Исоқжон Зокиров билан суҳбат.
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:11 0:00
Бевосита линк

Ўзбекистонга сайёҳлик визаси ололмаётган фақат Зокиров эмас.

Британияда сал кам 15 йилдан буён яшаётган 81 ёшли хоразмлик олим Аҳмад Хожи Хоразмийга ҳам сайёҳлик визаси рад этилган.

Хоразмлик олим президент Мирзиёвенинг хорижда яшаётган ўзбекистонликларга қарата “қайтинглар” деган мурожаатидан илхомланиб, ватанини зиёрат қилиш учун Лондондаги ўзбек консуллигига сайёҳлик визаси олиш учун ариза топширгани, лекин рад жавобини олганини айтади.

Доктор Аҳмад Хожи Хоразмий.
Доктор Аҳмад Хожи Хоразмий.

​- Топширдим, ўн кун бўлди жавоб йўқ. Кейин ўзим консулликка телефон қилдим, Тошкент ҳал қилади буни, биз бу ерда почталёнмиз холос, дейишди. Кейин паспортимни қайтариб беришди, виза йўқ, - дейди Аҳмад Хожи Хоразмий.

Ватанни зиёрат қилиш илинжида Мирзиёевнинг 2018 йил 4 июлда имзолаган қароридаги 101 давлат фуқароларига Ўзбекистонга 5 кунгача визасиз қолиш ҳуқуқини берувчи имтиёз билан Ўзбекистонга кирмоқчи бўлганлар ҳам бўлди, лекин улар Тошкентга киритилмай ортга қайтарилди.

Америкада яшаётган 31 ёшли тадбиркор Бобур Ҳасан ўтган ҳафта Москва орқали Тошкентга учиб келиб, 3 кунга Ўзбекистонда қолишни ният қилган эди.

Ўзбекистонга 50 миллион долларлик сармоя киритиш аҳдида бўлишига қарамай тадбиркор Тошкентга киритилмади.

Америкалик тадбиркор Бобур Ҳасан.
Америкалик тадбиркор Бобур Ҳасан.

- Шу қарорга ишониб бордим Тошкентга. Беш кун эмас уч кунга транзит тўхтаб ўтмоқчи эдим. Токентда АҚШ паспортимни бердим, мен транзит йўловчи, Hyatt меҳмонхонасида зона резерв қилганман. Президент қарорини уларга пеш қилдим. Паспорт назорати ходими қаергадир чиқиб кетди ва келди ва сизни ўзбекистонга киришингиз тақиқиланган, деди ва мени келган учоғим билан Москвага қайтриб юборишди, - дейди Бобур Ҳасан.

Бобур Ҳасан билан суҳбат.
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:45 0:00
Бевосита линк

Қўлида ўзбек паспорти билан бориб, Тошкент аэропортидан ортга қайтарилганлар ҳам бўлди.

Швецияда 58 ёшли ўзбек қочқини Муҳиддин Қурбонов 23 май куни Ўзбекистон ватандошлигидан маҳрум қилиниб, Тошкент аэропортидан қайтарилди.

Қурбоновга президент фармонига кўра, беш йил ичида Ўзбекистонда бўлмаганлиги боис ватандошликни йўқотганлигини маълум қилишган.

Швецияда яшовчи ўзбек қочқини Муҳиддин Қурбонов.
Швецияда яшовчи ўзбек қочқини Муҳиддин Қурбонов.

- Менинг қайтишимга асосий сабаб президент Мирзиёевнинг чақириғи бўлди. «Қўли қонга ботмаган бўлса келсин, ота-энасини олдига келиб яшайверсин», деган гаплари менга туртки бўлди, - дейди Муҳиддин Қурбонов.

Муҳиддин Қурбонов билан суҳбат.
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:05:13 0:00
Бевосита линк

Озодлик чет эл фуқаролигини олган айрим собиқ ўзбек ватандошларига виза берилмаётгани сабабини сўраб Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Консуллик бошқармасига боғланди.

Исми сир қолишини истаган консуллик бошқармаси мулозими алоҳида олинган шахсларга виза берилмагани юзасидан изоҳ беролмаслиги, лекин умумиятла аввал Ўзбекистон ватандоши бўлиб, расман чиққан ва бошқа давлат ватандошлигини олганларга ҳеч қандай истисносиз сайёҳлик визалари берилишини айтди.

"Ҳозир Ўзбекистонга сайёҳлик визаси 101 давлат фуқаролари учун жуда қулайлаштирилган. Е-виза тизими орқали уч кунда олиши мумкин. Олдин ўзбек фуқароси бўлган экан, уларга берилмайди, деган гап йўқ. Қўлида паспорти бўлса, ўзбек ватандошлигидан расман чиққан бўлса, бирон ишкал қилмаган бўлди, виза берилади. Энди айримлар киритилмаган бўлса, айримларга виза рад этилган бўлса бу дунё консуллик практикасида бор нарса. Ҳамма давлатда бор бу. Кимдир АҚШга ҳам киритилмай орқасига қайтарилиши мумкин," - деди Озодлик суҳбатлашган Ўзбекистон ТИВ Консуллик бошқармаси мулозими.

Ўзбекистонлик журналист "Center - 1" нашри бош мухаррири Галима Бухорбоева фикрича, Каримов даврида қувғинга учраганларнинг Мирзиёев даврида ҳам ватанига киритилмаётгани иккита нарсага аниқлик киритди.

- Биринчидан Тошкент қочқинларнинг мамлакатга келишини хоҳламаяпти. Каримов даврида қувилганлар Мирзиёев ҳукуматига ҳам душман бўлиб кўрилмоқда. Иккинчидан ҳукумт ўз қонунларини ўзи бир тийинга олмаяпти. 15 июлда кучга кирган қарор ҳали сиёҳи қуримасидан бузилаётганини кўриб турибмиз, - дейди Бухорбоева.

Айни пайтда Париждаги "Ўт юраклар" клуби раҳбари Мўътабар Тожибоева хорижда муҳожирликда яшаётган ва ўзбек фуқаролигидан маҳрум этилган инсон ҳуқуқ фаоллари мухолифатчи ва журналистлар номидан “Фуқаролигимизни тикланг, Она ватанимизга йўлни очинг!” деган мазмунда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевага мурожаат билан чиқди.

Ўзбекистон фуқаролигидан маҳрум бўлган, бугунги кунда турли мамлакатларда яшаётган фуқаролик жамияти фаоллари 2014 йилнинг 16 июнь кунги Ислом Каримов томонидан имзоланган ПФ-4624 сонли Фармонни бекор қилишини талаб қилишган.

XS
SM
MD
LG