Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:03

Навальний Алишер Усмоновга қарши санкция жорий қилишга чақирди


2017 йилда Усмонов Навальнийни ўзига туҳмат қилишда айблаб, судга берганди - видео скришоти
2017 йилда Усмонов Навальнийни ўзига туҳмат қилишда айблаб, судга берганди - видео скришоти

Россия мухолифати етакчиси Алексей Навальний ғарб давлатларини асли ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмонов ва яна 7 кишига қарши санкция жорий қилишга чақирган.

Бу ҳақда 19 январь куни Навальнийнинг сафдоши, Коррупцияга қарши кураш жамғармаси ижрочи директори Владимир Ашурков Фейсбук саҳифасида маълум қилди.

Британияда истиқомат қиладиган Ашурков иддаосича, мазкур рўйхатни Навальний Россияга қайтишидан (17 январь) бир неча кун аввал тузган.

Навальний Алишер Усмоновга қарши санкция жорий қилишга чақирди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:45 0:00

Рўйхатдан 8 киши: асли ўзбекистонлик тадбиркор Алишер Усмонов, тадбиркор Роман Абрамович, Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) раҳбари Александр Бортниковнинг ўғли – ВТБ топ-менежери Денис Бортников, ВТБ президенти Андрей Костин, Навальнийнинг заҳарланишига оид фактларни яширганлик учун масъул кўрилган соғлиқни сақлаш вазири Михаил Мурашко, Россия Хавфсизлик кенгаши раҳбари Николай Патрушевнинг ўғли – қишлоқ хўжалиги вазири Дмитрий Патрушев, ВЭБ раҳбари Игорь Шувалов ва телебошловчи Владимир Соловьёвлар бор.

Навальнийнинг қамоққа ташланганини Ғарб ҳукуматлари кескин қоралади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:47 0:00

Ўз постида Ашурков, агар Ғарб Россиядан инсон ҳуқуқларига риоя қилиши ва коррупцияга қарши курашишни жиддий талаб қилмоқчи бўлса, рўйхатдаги одамларга қарши якка тартибдаги санкциялар жорий қилиш имкониятини кўриб чиқиши лозимлигини ёзган.

Қайд этилишича, Навальний бу рўйхатни яқин орада эълон қилишни режаламаган, бироқ мухолифатчи Россияда қўлга олиниб, судгача 30 кун ҳибсхонага йўлланганидан кейин унинг сафдоши рўйхатни очиқлашга қарор қилган. Ашурковнинг ёзишича, рўйхатда номлари келтирилган кишиларга қарши санкциялар хавф солган тақдирда, Россия расмийлари Навальнийни озод қилишга мажбур бўлишлари мумкин.

Рўйхатда зикр этилган шахсларнинг кўпи Навальний ва унинг Коррупцияга қарши кураш жамғармаси суриштирувларининг “қаҳрамон”ларига айланган. Усмонов ва Абрамовичга қарши санкциялар жорий қилиш зарурати тўғрисида Навальнийнинг ўзи ҳам ўтган йил кузида Европарламент қўмитасида қилган чиқишида айтганди.

2017 йил майида Навальний Алишер Усмонов бош вазир Медведевга 5 миллиард рубллик “ер ва сарой”ни пора сифатида берганини иддао қилган эди.

Усмонов буни рад этган ва Навальнийни ўзига туҳмат қилишда айблаб, судга берган.

Ашурковнинг ёзишича, Навальний анчадан буён Россиядаги йирик олигархларга қарши якка тартибдаги санкциялар жорий қилинишини ёқлаб келади. Унга кўра, Ғарб санкцияларни амалдорлар ва қатордаги ижрочиларга қарши эмас, балки “қарор қабул қиладиган ҳамда пулларни назорат қиладиган шахслар”га қарши киритиши лозим.

Навальний заҳарланганидан кейин Европарламент резолюция қабул қилиб, унда Европа Иттифоқини Коррупцияга қарши кураш жамғармаси суриштирувларида номлари зикр этилган кишиларга қарши санкция жорий қилишга чақирганди. Европа Иттифоқи Навальнийнинг заҳарланишига жавобан Кремлдаги қатор мансабдорлар ва Россия куч ишлатар тузилмалари вакилларига қарши санкциялар жорий қилган, бироқ Навальний айтган йирик тадбиркорларга дахл қилмаган эди.

Европарламент 19 январь куни Навальнийнинг қўлга олинишини муҳокама қилиб, резолюция ишлаб чиқади. Мазкур резолюция пайшанба куни қабул қилиниши кутилмоқда. Бу каби ҳужжатлар тавсия характерига эга бўлади, санкцияларга оид қарорларни эса ЕИ кенгаши қабул қилади. Айни пайтда ЕИ кенгашида бу каби қарорларни иттифоққа аъзо бўлган исталган мамлакат тўхтатиб қўйиши мумкин.

Алексей Навальний даволаниш ортидан 17 январь куни Германиядан Россияга учиб келганидан кейин Шереметьево аэропортида қўлга олинганди. 18 январь куни Москва вилоятининг Химки шаҳар суди мухолифатчини 30 кунга ҳибсда қолдириш ҳақида қарор чиқарган.

Сиёсатчини ҳибсга олишни Россия Жазони ижро этиш федерал хизмати (ЖИЭФХ) сўраган. ЖИЭФХ вакиллари иддаосига кўра, Навальний шартли равишда қамоққа ҳукм қилинган шахс сифатида хориждалик пайти синов муддати шартларини бузган.

XS
SM
MD
LG