Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:50

"Қўрқманг, кўчаларга чиқинг” – Навальний Кремль ва Россия жамиятига чақириқ ташлади


Алексей Навальний полиция идорасидаги суд жараёнидан сўнг россияликларга мурожаат қилмоқда - 18 январь, 2021 йил
Алексей Навальний полиция идорасидаги суд жараёнидан сўнг россияликларга мурожаат қилмоқда - 18 январь, 2021 йил

Ўтган ўн йилда Путиннинг энг кўзга кўринган рақибига айланиб улгурган Алексей Навальний Россияга қайтаётганини эълон қилганда, расмийлар уни ҳибсга олишдан тап тортмасликларини яширишмаганди.

17 январь куни у Россияга қайтгач, Шереметьево аэропортида қўлга олинди ва Москва шаҳри чеккасидаги полиция бўлинмасига олиб кетилди. У ерда ташкил этилган сайёр суд мажлисида прокурор маҳкамадан Навальний илгари жазодан муддатидан аввал шартли равишда озод қилингани, аммо қўйилган шартларни бузгани учун судгача уни ҳибсда сақлаб туришни сўради.

Ўша куни интернетда Навальнийни Внуково аэропортида кутиб олиш учун чиққан тарафдорларини полиция куч билан тарқатаётгани акс этган видеолар кенг тарқалди.

Навальнийнинг қамоққа ташланганини Ғарб ҳукуматлари кескин қоралади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:47 0:00

Очиқ маълумотлар асосидаги суриштирув Навальний ўтган йил августда Федерал Хавфсизлик Хизмати (ФСБ) томонидан заҳарланганини кўрсатса ҳам, Кремль бу фактларни инкор қилган. Путин Навальнийни писанд қилмаслигини кўрсатишга уриниб келади- ҳозиргача у мухолифининг номини тилга олмаган.

“Кремль, гарчи буни тан олмаса ҳам, бу исмсиз одамдан чўчияпти”, деб ёзади Россия бўйича мутахассис Марк Галеотти.

Россия ОАВларининг мустақиллиги сезиларли даражада чеклаган, телевидение устидан қаттиқ назорат ўрнатилган шароитда Навальний ижтимоий тармоқлардан усталик билан фойдаланиб келади. У коррупцияни фош этувчи видеолари ва мухолиф ғоялари билан тилга тушган. Мустақил Левада марказининг сентябр ойидаги сўровномасидан аён бўлишича, аксар руслар Навальнийнинг заҳарланишини ўзига ном чиқаришнинг бир усули, деб баҳолар экан. Барча далиллар шунга ишора қилса ҳам, сўралганларнинг фақат 15 фоизи бу заҳарланишда Кремлнинг қўли борлигига ишонишини айтган.

Нима бўлган тақдирда ҳам, миллионлаб россияликлар Путинга яқин аёнларнинг порахўрлигини фош этган Навальнийнинг видеоларини кўрган. Сўнгги йилларда минглаб россияликлар унинг чақириғи билан ҳукуматга қарши намойишларда иштирок этишган. Лекин деярли ҳеч ким Навальнийнинг заҳарланишига қарши норозиликка чиққани йўқ. Тадқиқотларга кўра, коронавирус пандемияси билан боғлиқ чекловлар ва норозиликларга қарши кучайган тазйиқ нороизилик намойишлари беҳудалигига бўлган ишончни орттирган.

«Навальнийнинг ҳибсга олиниши халқ кўтарилишига олиб келмади. Афсусланарли ҳолат, албатта, лекин биз бу фактга кўз юмолмаймиз», деб ёзади сиёсий таҳлилчи Владислав Иноземцев.

Москва чеккасидаги полиция бўлинмасида бўлиб ўтган сайёр суд мажлисида Навальний 30 кунлик ҳибсга маҳкум этилди. Бу Навальний шартли равишда озод қилиш шартларини бузгани юзасидан 2 февралга белгиланган суд муддатидан анча узун. Навальнийнинг адвокатларига кўра, келаси судда у 3,5 йилга озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Шунингдек, Навальнийга қарши 10 йилгача озодликдан маҳрум этишни кўзда тутувчи қўшимча айбловлар ҳам қўйилиши эҳтимоли мавжуд.

Тергов ҳибсхонасига олиб кетилишидан аввал Навальний россияликларга мурожаат қилиб, 23 февраль куни умуммиллий норозилик намойишларига чиқишга чақирди. Бу билан Навальний унинг таъсири ва нуфузини тан олмаётган Кремлга чақириқ ташлади.

Ҳибсдаги Навальний россияликларнинг совуқ об-ҳаво ва полиция тазйиқидан қўрқмай кўчага чиқишига умид қилмоқда.

“Қўрқманг, кўчага чиқинг”, дейди Россия байроғи олдида турган Навальний полиция идорасининг “суд зали” олинган видеода.

XS
SM
MD
LG