Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:20

"Четдан аралашув бўлган”. Владимир Норов Москвага нима учун борди?


Владимир Норов ҳамкасби Сергей Лавров билан учрашувда Россия Қорақалпоғистондаги воқеалар бўйича Тошкент позициясини қўллагани учун миннатдорчилик билдирди.
Владимир Норов ҳамкасби Сергей Лавров билан учрашувда Россия Қорақалпоғистондаги воқеалар бўйича Тошкент позициясини қўллагани учун миннатдорчилик билдирди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов 11-12 июль кунлари Москвага борди. Бу Норовнинг шу йил апрелида Ўзбекистон ташқи сиёсат маҳкамасига раҳбар этиб тайинланганидан буён хорижга икки томонлама илк сафари.

Ташриф Қорақалпоғистонда 1-2 июль кунлари камида 18 кишининг ўлимига сабаб бўлган оммавий намойишлар ва зўравонликлар юзасидан мустақил текширув ўтказиш ҳақидаги халқаро чақириқлар манзарасида амалга оширилди.

Москва Қорақалпоғистондаги воқеалар Ўзбекистоннинг ички иши эканини айтиб, расмий Тошкент позициясини қўллаб-қувватлаган.

Россия ҳукуматига қарашли РИА- Новости агентлигининг билдиришича, Владимир Норов Кремль расмийлари билан учрашувлари чоғида Қорақалпоғистон воқеалари юзасидан тутган позицияси учун Москвага миннатдорчилик билдирган.

Ўзбекистон Конституциясининг янги таҳририда Қорақалпоғистон мақомига таклиф қилинган ўзгариш боис 1-2 июль кунлари Нукусда юз берган намойишлар тартибсизликларга айланиб кетган, Ўзбекистон ҳукуматига кўра, 4 нафар куч тузилмалари ходимлари дохил 18 киши ҳалок бўлган.

“Афсуски, муҳокама жараёни Қорақалпоғистонда референдум тўғрисидаги қонунга зид равишда қонунбузарликлар билан ўтказилди, -деган Норов сўзи давомида – умумхалқ муҳокамасига қўйилган конституциявий ўзгартиришларга қарши норозилик баҳонасида конституциявий тузум ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудий яҳлитлиги ҳамда бирдамлигини бузиш ҳаракати бўлди. Албатта, бу воқеаларга четдан аралашув бўлган”,-дея Норовнинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда РИА-Новости агентлиги.

Норов шу йилнинг 17 мартида Ўзбекистон Сенатида Украина борасида қилган кескин баёноти ортидан истеъфога чиқарилган Абдулазиз Комиловнинг ўрнига ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи этиб тайинланган. Комилов 17 мартдаги чиқишида Ўзбекистон Украинанинг бўлгинчи ДНР ва ЛНР республикаларини тан олмаслигини айтган. Норов ҳозирга қадар Украина борасида бирон баёнот бергани йўқ.

Хўш, Норовнинг Москвага сафари ва унинг Қорақалпоғистон ҳақидаги баёнотлари нимани англатади?

Озодлик минтақавий таҳлилчиларнинг бу борадаги фикрларини сўради.

Хуршид Ҳабиб, социолог, Германия:

Хуршид Ҳабиб.
Хуршид Ҳабиб.

-Норов ташқи ишлар вазири сифатида илк сафарини амалга оширадиган уч давлат бор эди: Қозоғистон, Хитой ва Россия. Бу уч давлат бугунги Ўзбекистоннинг асосий стратегик ҳамкорларидир, - дейди ўзбекистонлик сиёсатшунос Хуршид Ҳабиб.- Марказий Осиё давлатлари ички зиддиятлар, ўта аҳамиятли кўча намойишларидан сўнг ўзларига геостартегик қўллов қидиришади. Бу ҳамкор албатта кучли давлатлардан бири бўлиши лозим. Бу янгилик эмас. 2005 йилдаги Андижон воқеларидан сўнг қўллов топиш мақсадида Ўзбекистон биринчи президенти дастлаб Хитой ва Россияга ташриф билан борган. Бу икки давлат ўз вақтида Тошкентнинг Андижон воқеалари юзасидан кўрган чора-тадбирларини қўллаб-қувватлаган. Владимир Норовнинг Москвага сафарини ҳам айни мана шу эски услубнинг давоми сифатида қабул қилиш мумкин.

Марказий Осиёнинг қайси бир нуқтасида кескин вазият пайдо бўлса, учинчи куч сабаб қилиб қўрсатилади. Буни сўнгги марта Қозоғистондаги январь воқеалари пайтида, кейинроқ Нукус воқеалари пайтида ҳукуматлар эътироф этди. Лекин бу сирли “учинчи куч” ким ёки нима экани ҳанузгача сир бўлиб қолмоқда. Шунинг учун бу каби баёнотларга жиддий эътибор қаратиб бўлмайди.

Эмил Жўраев, сиёсатшунос, Қирғизистон:

Эмил Жўраев.
Эмил Жўраев.

-Қорақалпоғистондаги воқеаларга келадиган бўлсак, бу ерда Россиянинг қўли борлиги шубҳалидир. Бу воқеаларга кўпроқ Ўзбекистон марказий ҳукумати йўл қўйган хатолар сабаб бўлди. Бироқ Тожикистондаги Тоғли Бадахшон ҳам, Ўзбекистондаги Қорақалпоғистон ҳам Россиянинг бу икки давлатга босим ўтказиш нуқтаси ўлароқ қолаётганини эсда тутиш муҳим. Норовнинг вазир сифатида Москвага илк ташрифи мана шу нуқтаи назардан тушунарли бўлади. Лекин бу босим нуқтаси Россия томонидан бугун ишлатилмайди. Қозоғистон бошқа масала. Қозоғистоннинг айрим ҳудудлари Россияники экани тўғрисидаги Москва иддаоларини ўта жиддий қабул қилиш лозим. Шунинг учун ҳам қозоқ ҳукумати Россиядан масофаланишни аста-секинлик билан бошламоқда.

Бу воқеаларнинг барчаси Москва Марказий Осиё давлатлари учун ташқи сиёсатдаги бош ориентир бўлиб қолаётганини яна бир бор исботлайди. Украинада уруш бошланиши ортидан минтақа давлатлари ҳукуматлари жуда катта муаммога дуч келди: ҳар бир давлат бу урушдан ўзини Москванинг ғазабига дучор бўлмаган ҳолда олислатиш, айни пайтда Москва билан яхши муносабатларни сақлаб қолиш учун ҳаракат қила бошлади. Бу жараёнда Марказий Осиё давлатлари Ташқи ишлар вазирликлари ва Мудофаа вазирликлари даражасида Москва ўзи учун “нозик” деб ҳисоблайдиган соҳаларда гўёки “ён бера бошлади”. Масалан, Қирғизистонда Россия билан умумий ҳаводан мудофаа тизимининг яратилиши, Тожикистон билан ҳарбий ҳамкорликни мустаҳкамлаш каби масалалар шуларга оиддир.

Фаррух Азизов, сиёсатшунос, Тожикистон:

Тоғли Бадахшондаги тартибсизликлар пайтида олинган фотосурат.
Тоғли Бадахшондаги тартибсизликлар пайтида олинган фотосурат.

-Тоғли Бадахшон ва Қорақалпоғистон Тожикистон ва Ўзбекистонга Россия босим кўрсатиши мумкин бўлган ҳудудлардир. Бироқ Тоғли Бадахшондаги воқеаларда ҳам, Қорақалпоғистондаги воқеаларга ҳам асосан Душанбе ва Тошкент ҳукуматларининг хатолари сабаб бўлди. Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон ҳукуматларидан фарқли ўлароқ шу кунгача Украинадаги урушга ўз муносабатини ҳеч қандай тарзда билдирмади. Россия Украинага уруш очганидан сўнг Душанбега АҚШ делегациялари кўплаб кела бошлади. Негаки, Душанбе ва Россиянинг Толибон юзасидан позициясида зиддият пайдо бўлди. Душанбе аксилтолиб кучларни қўлламоқда, Москва эса Толибон билан музокаралар ўтказмоқда. Путин Душанбе ҳанузгача Россия таъсир доирасида қолаётганига шахсан ишонч ҳосил қилиш мақсадида Тожикистонга сафар қилди. Бундан ташқари ,Тоғли Бадахшондаги мураккаб вазият юзасидан Владимир Путин президент Эмомали Раҳмонга қўллов кўрсатишини шахсан билдирди.

XS
SM
MD
LG