Жорий йилнинг 23 июнь куни 53 нафар афғон чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари ва маҳаллий қуролли гуруҳлар Шўртепа тумани ҳудудидан Ўзбекистонга ўтди.
Бу ҳақда маълум қилган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматининг билдиришича, “зарурий суриштирув ва тергов тадбирлари ўтказилганидан сўнг ушбу афғон фуқаролари ватанига қайтарилган”.
Ўзбек дипломатлари қайдича, Ўзбекистон ҳудудига ноқонуний киришга қилинган ҳар қандай уринишлар қатъий бартараф этилади, давлат чегарасини бузганларга эса энг кескин чоралар кўрилади.
Ўзбекистон Афғонистондаги, жумладан, чегарадош шимолий вилоятлардаги ҳарбий-сиёсий вазиятнинг ривожланишини диққат билан кузатиб бораётганини урғулаган ТИВ ихтилофга алоқадор барча томонларни куч ишлатишдан тийилишга ҳамда тинч аҳоли орасида қурбонлар келиб чиқишига йўл қўймасликка чақирган.
“Ўзбекистон томони Афғонистон билан анъанавий дўстона ва яхши қўшничилик муносабатларини асраш, бетарафликни сақлаш ҳамда қўшни мамлакат ички ишларига аралашмаслик тарафдори эканлигини қатъий маълум қилади”, дейилган вазирлик баёнотида.
Ўзбекистон ва Тожикистон президентлари 23 июнь куни бўлиб ўтган телефон мулоқоти чоғида тожик-афғон чегарасида юзага келган вазиятни муҳокама қилишган эди. Тожикистон президенти матбуот хизматининг билдиришича, Шавкат Мирзиёев ва Эмомали Раҳмон Афғонистон билан чегарадош ҳудудларда юзага келган вазиятни “ўта кескин” дея баҳолашган.
Пайшанба куни Тожикистон МХДҚ Чегара қўшинлари мамлакат ҳудудига Афғонистондан 134 нафар ҳукумат аскари қочиб ўтгани, улар “инсонпарварлик ва яхши қўшничилик тамойилларига амал қилган ҳолда” Тожикистонга қўйилгани ҳақида маълумот тарқатганди.
Бу орада Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги “қўшинларни жанговар шайликка келтириш бўйича амалий машғулотлар бошлаган”.
Вазирлик матбуот хизмати маълумотига кўра, хусусан, мудофаа вазири раҳбарлигида шу кунда Тошкент ва Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округлари ҳамда Ҳаво ҳужумидан мудофаа қўшинлари ва Ҳарбий ҳаво кучлари ҳарбий қисм ва бўлинмаларида қўққисдан текширувлар бўлиб ўтяпти.
“Бунда шахсий таркиб ва жанговар техникаларнинг шайлиги текширувдан ўтади”, дейилган Мудофаа вазирлиги хабарномасида.
Шунингдек, “Ангрен” ва “Термиз” умумқўшин дала майдонлари ҳудудида Тошкент ва Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўшинлари қўмондонликлари тасарруфидаги ҳарбий қисм ва ҳамкорликдаги куч тузилмалари ўртасида ўзаро тажрибалар алмашиш ҳамда ҳаракатларни мувофиқлаштириш, ҳарбий хизматчиларнинг амалий дала кўникмаларини такомиллаштириш мақсадида батальон тактик ўқувлари ўтказилиши кўзда тутилган.
Қайд этилишича, тактик ўқувлар давомида “Тревога” сигнали берилганда шахсий таркибнинг ҳаракатлари, белгиланган йўналиш бўйича ҳимояни кучайтириши, қўйилган жанговар ўқув вазифаларини сифатли бажариш борасидаги кўникмалари синовдан ўтказилади ҳамда шартли душманнинг эҳтимолий жойлашган ҳудуди аниқланиб, кейинчалик улар томонидан олиб борилиши мумкин бўлган фаол ҳаракатларни бартараф этиш мақсадида улар жойлашган ҳудудларга авиация ҳамда артиллерия бўлинмаларининг куч ва воситалари ҳамда миномётчилар батареяси томонидан зарбалар берилади.
Вазирлик ўқув машғулотлари давом этганини маълум қилган, бироқ улар қачон поёнига етишини очиқлаган эмас.
Афғонистонда Толибон ҳаракати Марказий Осиё давлатлари чегарасидаги 20 га яқин туманни ишғол этгани, шу жумладан Ўзбекистонга бевосита чегарадош Балхда беш туманни эгаллагани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.