Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:21

Манбалар: Абдулазиз Комилов ТИВга қайтмаслиги мумкин


Абдулазиз Комилов Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг энг узоқ муддат ишлаган раҳбаридир.
Абдулазиз Комилов Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг энг узоқ муддат ишлаган раҳбаридир.

Озодликнинг Ўзбекистон ҳукуматига яқин манбаларига кўра, “хорижда даволанаётган” Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ҳукуматдаги вазифасига қайтмаслиги мумкин.

Тошкентдаги манбалар 74 яшар вазирнинг эҳтимолий истеъфосини унинг соғлиги билан эмас, балки шу йилнинг 17 март куни Ўзбекистон Сенатида Украинадаги вазият юзасидан қилган баёноти билан боғламоқда.

Комилов Сенатдаги баёнотида Ўзбекистон “Украинанинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини тан олиши ва Донецк ҳамда Луганцк халқ республикаларини тан олмаслиги”ни таъкидлаганди.

Вазир шунингдек, Ўзбекистон “бугунги оғир кунларда Украинага гуманитар ёрдам берамиз ва ҳозирги оғир вазиятни инобатга олиб гуманитар ёрдам юборишда давом этиши”ни айтган.

Комиловнинг Сенатдаги баёноти унинг АҚШга ташрифи ортидан янграган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига яқин манбанинг Озодликка айтишича, вазирнинг баёноти Президент Администрацияси билан келишилган ва Ўзбекистоннинг Украина борасида 2014 йил Қрим аннексиясидан сўнг эгаллаб келган позициясига ҳамоҳангдир.

Аммо Россия томони баёнотга “оғриқли муносабат билдирган” ва Кремлнинг норозилиги Тошкентда “тўполон”га сабаб бўлган.

Озодлик манбалари бу "дипломатик можаро" ортидан Абдулазиз Комилов истеъфо ҳақида ариза ёзишга мажбур бўлганини айтмоқда.

Ҳозирча Озодликда Комиловнинг кутилаётган истеъфосига доир расмий маълумот мавжуд эмас.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг исмини очиқламасликни сўраган ходими Абдулазиз Комиловнинг истеъфоси кутилаётганини қатъиян рад этди. Айни пайтда у "вазирни бир ҳафта олдин кўргани ва у касал кўринмагани"ни ҳам қўшимча қилди.

Тошкентдаги ғарблик дипломатлардан бири Абдулазиз Комиловнинг эҳтимолий истеъфоси ҳақидаги гапларда "жон борлиги"ни тахмин қилди. У вазирнинг Украинадаги вазият юзасидан баёноти Россия томонининг норозилигига сабаб бўлганидан хабардорлигини билдирди.

Комиловнинг баёнотидан бир кун ўтиб, 18 март куни Ўзбекистондан Украинага юборилган 2,5 тонналик гуманитар ёрдам Тошкентга қайтарилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига яқин манбанинг Озодликка билдиришича, ҳозиргача бу ёрдамнинг Украинага етиб боргани ҳақида расмий маълумот йўқ.

Озодлик манбалари Ўзбекистоннинг янги ташқи ишлар вазири лавозимига вазир ўринбосари Владимир Норов номзоди кўриб чиқилаётганини тахмин қилмоқда.

23 март куни Туркиянинг собиқ бош вазири Бинали Йилдиримни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида вазир ўринбосари Владимир Норов қабул қилган эди. Норов 2006-2010 йилларда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири бўлган.

Бошқа бир манбага кўра, номзодлар орасида Бош вазир ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов ҳам бор. Умурзоқов 30 март куни Хитойнинг Тунси шаҳрида Афғонистонга қўшни давлатлар ташқи ишлар вазирлари учрашувида қатнашди. Айни учрашув доирасида у Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан ҳам музокаралар олиб борган.

ТИВ: Вазир хорижда даволанмоқда

29 март куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги “Сўнгги 10 кун ичида Тиббиёт бош бошқармасининг 1-сон Марказий клиник шифохонасида даволанган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов тиббий муолажаларни давом эттириш учун хорижга кетгани” ҳақида хабар тарқатди.

Хабарда Комиловнинг қандай хасталикдан даволанаётгани, аҳволи қандайлиги ва қайси хорижий давлатга кетгани ҳақида маълумот берилмаган.

Расмий хабардан Абдулазиз Комилов Украинадаги вазият ҳақида қилган баёнотидан икки кун ўтиб касалхонага тушгани англашилади.

Озодлик манбалари вазирнинг ҳақиқатан ҳам муолажа олаётганини айтмоқда.

"Фарқли" баёнот

Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг Сенатдаги баёноти Россиянинг Украинага тажовузи бошланганидан 22 кун ўтиб янгради.

Бунга қадар расмий Тошкент Украинадаги вазият борасида “нейтрал ва вазмин” позицияни эгаллаганини айтиб келаётганди.

Гарчи Ўзбекистон Қрим аннексиясидан кейин ҳам Украинанинг ҳудудий яхлитлигини дастаклаган эса-да, таҳлилчилар Комиловнинг баёноти оҳанг жиҳатидан “қатъийлиги” билан ажралиб турганига эътибор қаратишди.

Вазир Сенатдаги ҳисоботида Украина мавзусига тегинмаган, бу ҳақда сенаторлардан бирининг саволига жавобан гапирган. Аммо маҳаллий журналист ва блогерлар Комиловнинг Украина ҳақидаги саволга “жавоби тайёр бўлгани ва бу Ўзбекистоннинг қатъий позициясини акс эттиргани” ҳақида ёзишди.

Абдулазиз Комиловнинг Украинадаги вазият юзасидан баёноти Вашингтонда АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен билан музокаралар ортидан янграган.
Абдулазиз Комиловнинг Украинадаги вазият юзасидан баёноти Вашингтонда АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен билан музокаралар ортидан янграган.

Кремль Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг 17 март куни қилган баёнотига расман муносабат билдирмади.

21 март куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Россия президенти Владимир Путин билан телефон мулоқоти ўтказгани хабар қилинди. Кремль матбуот хизмати “Ўзбекистон президенти Россия томонининг позицияси ва ҳаракатлари юзасидан тушуниш изҳор қилгани”ни билдирди.

Ўзбекистон томони икки давлат раҳбарлари ўртасида 25 февраль куни ўтган телефон мулоқоти ҳақида Кремлнинг айни мазмунда тарқатган хабари юзасидан изоҳ берган, унда “Мирзиёев Россиянинг ҳаракатлари юзасидан тушуниш изҳор қилгани” ҳақидаги Кремль талқини рад этилганди.

Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати Кремлнинг сўнгги хабари юзасидан бу каби изоҳ бергани йўқ.

Энг узоқ ишлаган вазир

74 яшар Абдулазиз Комилов Ўзбекистон ҳукуматининг энг кекса мулозимларидан бири. У икки марта мамлакат Ташқи ишлар вазири лавозимига тайинланган ва ушбу лавозимда умумий ҳисобда 19 йилдан кўпроқ ишлаган.

Комилов сўнгги бор Ташқи ишлар вазири лавозимига марҳум Ислом Каримов томонидан 2012 йилда тайинланган эди. У собиқ ҳукуматнинг 2016 йилда Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келганидан сўнг вазир лавозимини сақлаб қолган ягона аъзосидир.

Абдулазиз Комилов илк бор 1994 йилда Ташқи ишлар вазири этиб тайинланган ва 2003 йилгача ушбу лавозимда ишлаган.

Совет даврида СССРнинг Ливандаги элчихонаси ҳамда Ташқи ишлар вазирлиги Яқин Шарқ бўлимида ишлаган Абдулазиз Комиловнинг “собиқ СССР КГБсидан чиққан кадр” экани айтилади. Унинг расмий таржимаи ҳолида КГБда хизмат қилгани ҳақида маълумот йўқ. Аммо Абдулазиз Комилов 1992 йилда Москвадан Ўзбекистонга қайтгач эгаллаган илк лавозими Ўзбекистон МХХ раисининг ўринбосарлиги бўлган.

Абдулазиз Комиловнинг Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири лавозимидаги фаолияти Ўзбекистоннинг АҚШ ва бошқа ғарб давлатлари билан яқин муносабатлар ўрнатган даврига тўғри келади.

2004 йилда Комилов Ташқи ишлар вазири лавозимига тайинланиши ортидан Ўзбекистон Эроннинг ядровий дастурига қарши АҚШ мавқеини дастаклаган ва орадан кўп ўтмай, ҳар икки томондан юқори даражадаги ташрифлар амалга оширилганди.

Комилов 2003-2010 йилларда Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси бўлган. Айни лавозимда у 2005 йилдаги Андижон воқеалари ортидан ёмонлашган ўзбек-америка муносабатларининг қайта тикланишида муҳим рол ўйнагани айтилади.

Комилов Ўзбекистоннинг Ғарб билан муносабатлари яхшиланган ва Андижон воқеалари сабаб Тошкентга нисбатан жорий этилган санкциялар бекор қилинган 2012 йилда Ташқи ишлар вазири лавозимига қайтган эди.

Абдулазиз Комилов Ўзбекистоннинг совет давридаги раҳбари Шароф Рашидовнинг куёвидир.

Унинг Россия фуқароси бўлган ўғли Дониёр Комилов ўтган йил ёзида Тошкент марказидаги собиқ МХХ биносини сотиб олиши ортидан тилга тушган эди. Маҳаллий матбуот бино Дониёр Комиловга тегишли METROPOL GROUP МЧЖ га сотилишидан аввал Маданий меросга оид кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатидан чиқарилганига эътибор қаратган.

XS
SM
MD
LG