Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:50

Маданий ва сиёсий мерос. Собиқ МХХ биноси вазирнинг ўғлига ноқонуний сотилган бўлиши мумкин


“Марказий бино” сотувга қўйилгани ҳақида Давлат активларини бошқариш агентлиги эълон қилинган сурат, 10 апрель, 2021.
“Марказий бино” сотувга қўйилгани ҳақида Давлат активларини бошқариш агентлиги эълон қилинган сурат, 10 апрель, 2021.

Тошкент шаҳри марказидаги 70 йиллик бино - собиқ Миллий хавфсизлик хизмати (ҳозирги Давлат хавфсизлик хизмати) эски биноси бўлган - “Марказий бино” хусусий қўлларга сотилгани очиқланган куни Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатидан чиқарилган.

Туризм ва спорт вазирлиги қошидаги Маданий мерос агентлиги матбуот хизматидан олинган маълумотга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг (ВМ) тегишли қарори 2021 йил 17 июнда чиқарилган. Бинонинг сотилгани ҳақидаги хабар ҳам айни шу куни Давлат активларини бошқариш агентлиги сайтида эълон қилинганди.

Бу бинонинг METROPOL GROUP масъулияти чекланган жамиятга (МЧЖ) сотилгани, ширкатнинг 100 фоиз активи Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг ўғли - Дониёр Комиловга тегишли экани ҳақидаги хабарлар ҳам июнь ойида пайдо бўлганди. Ширкат эса Ўзбекистонда жорий йил март ойида рўйхатга олинган.

“Марказий бино”ни шахсан кўздан кечирган санъатшунослардан бирига кўра, Вазирлар Маҳкамаси қарори билан рўйхатдан чиқариб юборилган бу объектни маданий мерос ўлароқ сақлаб қолиш лозим.


Айни кунда “чиқарилган-сотилган” мерос

Туризм ва спорт вазирлиги қошидаги Маданий мерос агентлигидан олинган маълумотга кўра, Тошкент шаҳри марказидаги Сайилгоҳ кўчасида жойлашган собиқ МХХ биноси маданий мерос миллий рўйхатидан чиқарилган.

Расмий маълумотга кўра, бу ҳақдаги Вазирлар Маҳкамаси қарори 2021 йилнинг 17 июнида қабул қилинган ва айни қарор билан яна 10 га яқин объект маданий меросга оид кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатидан олиб ташланган. Агентлик вакили бу ҳужжатни Озодликка тақдим қила олмаслигини билдирди.

Айнан 2021 йилнинг 17 июнида бу бино Россия фуқароси 100 фоиз улушига эгалик қиладиган, аммо Тошкентда рўйхатдан ўтказилган METROPOL GROUP масъулияти чекланган жамиятига сотилгани расман эълон қилинган эди.

Агентлик матбуот хизмати, 1950 йилларда қурилган ва мустақил Ўзбекистоннинг янги тарихида махсус хизматларнинг марказий идораси сифатида ваҳима солиб турган бино нега рўйхатдан чиқарилганига оид саволга жавоб бермади.

Агентлик раиси Турсунали Қўзиев: "Масаланинг тафсилотларини тўлиқ ўрганиб чиқмагунимга қадар изоҳ беролмайман", деб жавоб берди. Озодлик агентликдан расмий жавоб кутмоқда.

“Улуғворлик ва дабдаба мужассам”

Аввалроқ Rost24.uz нашри, таҳририят сўрови билан, ҳозирда тугатилган ташкилот - Маданият вазирлиги қошидаги Маданий мерос департаменти ишчи гуруҳи собиқ МХХ биносини кўздан кечиргани ва маданий мерос миллий рўйхатида қолиши керак, деб хулоса берганини хабар қилди. Нашр бинонинг сотилиши қонуний бўлганини савол остига олган.

Маданий мерос департаментининг МХХ эски биносини шахсан бориб кўрган собиқ ходимининг Озодликка билдиришича, экспертлар ўтган асрнинг 50 йилларида қурилган бинони, унинг яқинидаги яна бир тарихий объект - Романовлар саройи билан бирга сақлаб қолиш ҳақида хулоса берган.

“Иккала бинода ҳам бўлганман. Романовлар саройи уй музейига айлантирилди. Илмий кенгаш билан баҳорда СНБ биносини ҳам кўрдик. Маданий мерос рўйхатидан чиқармаслик ва музейга айлантириш бўйича хулоса берилган эди”, деди исмини сир сақлаб гаплашган собиқ мулозим.

Мулозим МХХ эски биноси қай асосда маданий мерос рўйхатидан чиқарилганию сотилганидан бехабарлигини айтади. Аммо у бинонинг маданий мерос объекти сифатидаги аҳамиятига шубҳа қилмайди.

“СНБ биносининг Буюк Турон кўчасида жойлашган эски қисми 1950 йилда қурилган. Ўзида совет классицизми услубининг энг яхши анъаналарини акс эттирган. Бинода устунлардан, безаклардан унумли фойдаланилган. Ўзида улуғворлик ва дабдаба мужассам, мустаҳкам ва гўзал бино. Аслида совет давридан бери маданий мерос рўйхатида. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 октябрдаги 846-сонли қарори билан маданий мерос миллий рўйхатидан жой олган”.

Сирли “савдо ғолиби”

Тошкентнинг Юнусобод туманидаги Сайилгоҳ кўчасида жойлашган ва Давлат активларини бошқариш агентлиги (ДАБА) ҳужжатларида “Марказий бино” деб номланган собиқ МХХ биноси жойлашган ер участкасининг умумий майдони 2,2 гектарга тенг.

Бино ва иншоотларнинг майдони 40 минг 243 кв.м, унда коммуникация тармоқлари - сув, газ, электр, иссиқлик тармоқлари мавжуд. ДАБА бу бинонинг сотувга қўйилгани ҳақида шу йилнинг 10 апрелида хабар берган эди.

Шу йилнинг 17 июнь куни агентлик МХХ эски биноси сотилганини қисқагина эълон қилди, бошқа тафсилотларни очиқламади:

“Тошкент шаҳри, Сайилгоҳ кўчаси манзилида жойлашган собиқ “Марказий бино” бўйича 210,0 миллиард сўм сотиб олиш нархи билан – “METROPOL GROUP” МЧЖ савдо ғолиби, деб топилди”.

Реестр ҳужжатига кўра, Тошкент марказидаги бинони 210,0 млрд. сўмга (қарийб 20 миллион АҚШ доллари) сотиб олган METROPOL GROUP МЧЖ шу йилнинг февраль ойида рўйхатга олинган ширкатдир.

Дониёр Комиловга тегишли ширкатнинг реестр қайди
Дониёр Комиловга тегишли ширкатнинг реестр қайди

Фаолият тури тижорат фаолияти ва менежмент бўйича консалтинг, таъсисчиси - Дониёр Абдулазизович Комилов, раҳбари Якушевич Георгий Игоревич.

Устав капитали 5 миллиард сўмни ташкил қилган ширкат улушига тўлиқ Дониёр Комилов эгалик қилади. Озодлик тасарруфидаги маълумотларга кўра, Д. Комилов Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг ўғлидир.

Россия фуқароси бўлган Д. Комилов, кичик тадбиркорлик субъекти сифатида қайд этилган ширкатни Ўзбекистонда очган сана билан давлат активидаги маданий мерос кўрилган бинони сотиб олишигача бўлган муддат атиги 4 ойга яқин. Ширкат устав капитали 5 миллиард сўм, сотиб олинган бино қиймати эса 210 миллиард сўм.

Ҳозиргача ДАБА ҳамда METROPOL GROUP МЧЖ бу “олди-берди”ни ҳеч бир шаклда изоҳлагани йўқ.

Вазирнинг ишбилармон ўғли

Rusprofile базасида берилган маълумотларга кўра, Дониёр Комилов Россияда “Селена” ва “КТС” компаниялари таъсисчисидир.

“Селена” МЧЖ 2016 йил октябрда Москвада рўйхатдан ўтган, қимматли қоғозлар соҳасида фаолият юритадиган ширкат. “КТС” ширкати эса, орадан 2 йил ўтиб, 2018 йил октярбда Москвада рўйхатдан ўтган, молиявий соҳада хизмат кўрсатувчи ширкатдир.

Бундан ташқари, Д. Комилов 2010–2014 йилларда Газпромбанкка қарашли “Управляющая компания-Стратегические активы” ёпиқ акциядорлик компаниясини бошқарган. 2015-2016 йилларда “Уралмашзавод” директорлар кенгаши аъзоси ҳам бўлган.

2018 йилда эса “Ўзбеккўмир” АЖ ҳукумат қарори билан, Дониёр Комиловнинг Россиядаги “Селена” ва “КТС” компанияларида бош директор сифатида келтирилган Николай Емельянов номига очилган “ПрогрессГорТех” МЧЖга ишончли бошқарувига берилган. Аммо 2019 йилга келиб, президент Шавкат Мирзиёев бу қарордан воз кечган эди.


Ўтмишда Абдулазиз Комилов билан бирга ишлаган ва унинг ўғли Дониёр Комиловнинг Россиядаги бизнесини яхши билган собиқ ҳукумат мулозимига кўра, кўмир конини сотиб олиш қароридан президент эмас, балки Россиядаги бизнес ҳамкорлар воз кечган бўлиши эҳтимоли катта.

“У кўмир кони бизнеси жуда чарчаган, у ердан катта даромад кўриш мумкин эмас. Раматов бошқаруви пайтида кўмир кони шахталари, кратерлари жуда ночор аҳволга келиб бўлган. Шунинг учун булар кейин Ўзбекистонда ширкатлар очиб, давлат активларини арзимаган пулга сотиб олиш бизнесига ўтди”.

Собиқ мулозим иддаосига кўра, Д. Комилов Тошкентда яқинда очган ширкат ортида асли ўзбекистонлик миллиардерлардан бири туради ва бунақа бизнес ҳамкорлик Ўзбекистонда узоқ йиллар ташқи сиёсатга маъсул бўлиб келган Абдулазиз Комиловнинг алоқалари устига қурилган.

“Дониёрнинг Россияга келиб жойлашиши, Газпромбанкдан иш топиши ва банкнинг Ўзбекистонга оид секторини бошқариши - буларнинг ҳаммаси отасининг дастаги билан бўлган”, дейди исмини сир сақлаб гаплашган собиқ мулозим.

Аввалдан келишилган савдо

Президент Шавкат Мирзиёев 2020 йилнинг октябрида “Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолаган.

Мазкур фармонда “3 мингга яқин давлат иштирокидаги корхоналар фаолияти тўлиқ ўрганилгани” ва “давлат иштирокидаги корхоналарнинг улушини кескин қисқартириш”га қарор қилингани айтилган.

Фармонда 500 га яқин корхона ва ташкилот ҳамда давлат активидаги 15 та кўчмас мулкни хусусий секторга сотиш кўзда тутилганди.

Хусусан, МХХ биносини сотиб олувчидан келгусида офис, савдо, савдо-кўнгилочар, маданий-хордиқ, спорт, туристик ва бошқа хизматлар кўрсатиш фаолияти йўналишларидан бири ёки бир нечтасини амалга оширилиши талаб этилиши айтилган.

Ўзбекистон ҳукуматининг шахси сир қолиш шарти билан Озодликка гапирган яна бир собиқ мулозимига кўра, президент фармони чиқишидан бир неча ой ўтиб, Тошкентда METROPOL GROUP МЧЖ ширкатининг унча катта бўлмаган устав фонди билан очилиши - Тошкентдаги ерлару мулкларни олигархларга арзимаган пулга сотиш схемасининг очиқ кўриниб турган моделидир:

“Тошкент марказидаги ширин луқмаларни арзимаган пулга сотиб олишнинг оддийгина схемаси бу. Буни ҳамма билади ва президент Шавкат Мирзиёевнинг ўзи шу схемани қўллаяпти, афсуски. Ташқаридан пулдорларимиз келиб, сармоя киритсин, деган бўм-бўш гаплар билан. Бу келаётганларнинг ҳаммаси Жаҳонгир Ортиқхўжаев билан шерик бўлиб, “любая бизнес хороша” қабилида иш қилаяпти. Марказдаги ерларни арзимаган пулга сотиб олиб, меҳмонхоналарни қуриб ётибди ёки бўлиб, катта пулга сотяпти”.

Бундай схемалар ҳақида Озодлик аввал ҳам ёзган, қатор суриштирувлар ўтказган. Аммо расмийлар бу борадаги саволларни муттасил жавобсиз қолдириб келади.

"Миллий фалокат"

“Олтин мерос” халқаро хайрия жамғармаси, мамлакатда 12000 та деб рўйхатга олинган маданий мерос объектларидан ҳозирги кунда 9000 га яқини қолганини билдирган.

Озодлик билан гаплашган санъатшунослар, маданий мерос объекти сифатида яхши сақланган бинолар ва ер участкаларини турли сабаблар билан рўйхатдан чиқариб-сотиш ва шунингдек, тарихий биноларни саводсизларча таъмирлашга уриниб, уларга зарар етказиш муттасил давом этаётганидан жиддий хавотир билдирмоқда.

Жорий йилнинг 7 апрель куни президент Шавкат Мирзиëев фармони билан Маданият вазирлигидаги энг катта ташкилот - Маданий мерос агентлиги янги ташкил қилинган Туризм ва спорт вазирлигига ўтказилган эди.

Ўзбекистон туризм ва спорт вазирлиги ҳузурида янги тузилган Маданий мерос агентлигининг 21 июнь куни бўлиб ўтган илк йиғилишида сўзга чиққан Бош вазир ўринбосари, Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов департаментнинг сўнгги йиллардаги реставрация фаолиятини “миллий фалокат” деб атаган эди.

Бухородаги Ситораи Моҳи Хосса саройини таъмир қилиш давомида қадимий нақшларни вайрон қилган Маданий мерос реставрация гуруҳи устидан жиноят иши очилгани ҳақида Озодлик хабар берган.

Бундан ташқари, Хиванинг “Тош ҳовли” мажмуасида олиб борилган реставрация ҳам “ўта малакасиз”, деб танқид қилинган. Озодлик “Тош ҳовли” мажмуасида олиб борилган реставрация оқибатида қадимий нақшу нигорлар вайрон қилингани ҳақида мутахассисларнинг хавотирлари акс этган видеолавҳаларни эълон қилган эди.

Хивадаги обиданинг вайрон қилиниши юзасидан жиноят иши очилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:55 0:00

Бу репортаж эфирга узатилганидан бир неча кун ўтиб, Хоразм вилоят прокуратураси ЮНEСКО ҳимоясидаги тарихий обида - Хива "Ичан қалъа" музей-қўриқхонасидаги Тош ҳовли саройининг қадимий девори қонунга хилоф равишда олиб борилаётган таъмирлаш-тиклаш ишлари оқибатида бузилгани юзасидан куни жиноят иши очилган эди.

Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Саида Мирзиёева Тошкент вилоятининг Бўка туманида президентнинг беш ташаббусини тақдим қилганидан икки йил ўтиб, бу ердаги 4-асрга оид археологик ёдгорлик устига қурилган ёшлар мажмуаси вайронага айланди.

Аҳоли орасида Мухтепа ëки Аждартепа деб ҳам номланадиган бу қадимий шаҳарни 2019 йилда ким вайрон қилганлигини Бўка тумани суд ва прокуратура ходимлари текширган, суди қарорига кўра, қадимий шаҳарга 239 млрд сўмлик зарар етказилган.

XS
SM
MD
LG