Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:31

Ўзбекистон МОҚ: Чусовитинани "ортиқча толиқтирмаслик" учун байроқдорликдан олинди (ВИДЕО)


Оксана Чусовитина
Оксана Чусовитина

Ўзбекистон Олимпия қўмитаси Токио-2020 Олимпия ўйинларида байроқдори Оксана Чусовитинани бошқа спортчига ўзгартиргани юзасидан расмий баёнот берди. Спорт раҳбарияти афсонавий спортчини "ортиқча толиқтирмаслик мақсадида" байроқдорлик бошқа спортчига топширилганини билдирди.

Оксана бу ҳолатни жиддийлаштирмасликка чақирса-да, унинг мухлислари #МенБизОксанаЧусовитина флешмобини бошлаб юборишди.

1992 йилги Олимпия чемпиони, 3 карра жаҳон чемпиони, Европа ва Осиё ўйинлари чемпиони, жаҳон тарихида 8 та Олимпиадада иштирок этган афсонавий ўзбек гимнастикачиси, 46 яшар Оксана Чусовитина ўзининг охирги Токио Олимпиадасида Ўзбекистон байроғини кўтармади.

Олимпиада очилишига бир неча соатлар қолганида Олимпия жамоаси раҳбарияти ундан байроқдорликни олиб қўйиб, боксчи Баҳодир Жалолов ва таэквондочи Нигора Турсунқуловага топширди.

Оксана бу ҳолат унинг кайфиятини бузганини айтди.

"Менга ҳеч қандай тушунтириш беришмади. Шунчаки мен бормаслигимни айтишди. Тамом. Мотивацияни ўлдиришди. Бундай қилиш мумкин эмас. Ҳаммамиз ҳам одам, тушунтиришса бўларди..." - деди Оксана Чусовитина.

Кейинроқ Оксана ўз мухлисларидан кўнгилларини чўктирмаслик ва янги Олимпиадани хурсандчилик билан бошлашни сўради:

- Менинг азиз мухлисларим! Мени қўллаб-қувватлаганингиз учун сиздан жуда миннатдорман. Келинг, бу улуғ кунда кўнглимизни ғаш қилмайлик! Уни хурсандчилик билан қабул қилайлик. Яқинда мусобақалар бошланиб кетади ва унда муносиб чиқиш қилиш учун бизга тинчлик керак. Ҳаммангизга раҳмат! - деди ўзбекистонлик гимнастикачи.

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси бир кун ўтиб бу янгиликни изоҳлашга уринди. Ўзбекистон Олимпия қўмитаси раҳбарияти “толиқтирмаслик мақсадида” байроқни Оксанадан олиб қўйганини расман билдирди:

- Регламентга кўра, спорт гимнастикаси ва бокс баҳслари 24-июлдан бошланади. Оксана Чусовитина эса 25-июл куни саралаш босқичида қатнашади. Шу боисдан Токио-2020 штаби ва федерация раҳбарлари билан маслаҳатлашган ҳолда ҳамюртларимиз Оксана Чусовитина ҳамда Бобоусмон Батуровни ортиқча толиқтирмаслик мақсадида старти кейинроққа тўғри келадиган бошқа номдор вакилларимиз, боксчимиз Баҳодир Жалолов ва таэквондочи Нигора Турсунқулова делегациямиз байроқдори бўладиган бўлди.

Олимпия қўмитаси матбуот хизмати бу қарор 21 июл куни – Олимпиада очилишига 2 кун қолганда қабул қилинганини маълум қилди.

17 июл куни Ўзбекистон МОҚ Япониядаги XXXII Ёзги Олимпия ўйинлари очилиш маросимида Ўзбекистон байроғини гимнастикачи Оксана Чусовитина ва боксчи Бобоусмон Ботуров кўтаришини эълон қилганди.

Оксана Чусовитинанинг Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси байроқдорлигидан тушунтиришларсиз олиб ташланиши спорт жамоатчилиги ва ижтимоий тармоқларда катта норозиликларни келтириб чиқарди.

“Бундай қарорлар айрим ҳолларда инглиз тилини билмайдиган, халқаро матбуот ва олам қандай тузилгани тўғрисида тасаввурга эга эмас одамлар томонидан қабул қилинаяпти, деган фикр мени тарк этмаяпти. Чусовитинани охирги дақиқаларда байроқдор сифатида алмаштириш ғояси калласига келган одамнинг фикрларини шундай мумкин бўлса керак... Истеҳзоли вазият. Аммо, Британиянинг энг қадимги нашри саналган The Guardian газетаси четга суриб қўйилган Чусовитинага янги мақоласини бағишлади. Уни дунёдаги энг фаол гимнастикачилардан, деб аташди”, деб ёзди Фейсбук фойдаланувчиси Aziza Umarova.

Айни дамда интернетда спортчи ҳимоясига #ЯМыОксанаЧусовитина (#МенБизОксанаЧусовитина) флешмоби бошланиб кетди.

“Мен сиёсатдан йироқман, лекин бу қарор ортида сиёсат кўриниб турибди. Юртим ватандоши сифатида бу ноҳақликка кўз юмиб туролмайман. Олимпия ўйинларида мамлакатимиз байроғини кўтариш учун ундан муносиброқ одамни мен шахсан билмайман! Оксана, мен сени қўллаб-қувватлайман, сен ўзбек спортининг энг ёрқин намояндасисан! Оксана Чусовитинага байроқни қайтариб беринг ва бизнинг афсонавий спортчимиз жонажон Ўзбекистон туғини шараф билан кўтарсин!- деб ёзди бошқа фойдаланувчи.

2016 йилда Оксана Чусовитина еттита Олимпиада иштирокчиси сифатида Гиннес рекордлар китобига киритилганди.

2021 йилги Токиодаги халқаро мусобақа у учун 8чи ва ўзининг сўзларига сўра сўнггисидир. Ўзбекистоннниг афсонавий спортчиси 41 йил ва 56 кунлик ёшида спорт гимнастикасидаги энг ёши улуғ иштирокчи сифатида қайд этилди.

1991 йилда Чусовитина СССР терма жамоаси таркибида икки карра жаҳон чемпиони унвонини олганди. Илгари СССР ва Ўзбекистондан ташқари, Оксана Германия шарафини ҳам ҳимоя қилиб келган.

Аввалроқ Чусовитина Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида спорт гимнастикаси бўйича ўтган жаҳон кубоги босқичида навбатдаги ғалабасини қўлга киритганди.

Жаҳон спорт гимнастикаси афсонасига айланган ўзбекистонлик спортчи Оксана Чусовитина Токиода Олимпиадасидан кейин спорт фаолиятини якунлашини режалаштираётганини билдирган эди.

XS
SM
MD
LG