Тошкент вилояти Оҳангарон туманида прокуратура ва миллий хавфсизлик биноларини қуриш учун тадбиркорлардан ўлпон йиғилди. Туман прокуратураси биноси қурилишида харажатларнинг бир қисмини кўтарган оҳангаронлик тадбиркорлардан бири бу ҳақда шикоят қилиб, Ўзбекистон президентига ёзган хатининг нусхасини Озодликка тақдим этди. Тадбиркорнинг иддао қилишича, прокуратура биноси қуриб битказилгунига қадар туман прокурори ўзига қарашли, қўшни Янгийўл туманидаги тўйхонани ҳам қуриб олган. Бу иддаоларини ўрганишга уринган Озодликка маълум бўлишича, ундан аввалроқ туман миллий хавфисзлик хизмати биноси ҳам маҳаллий ишбилармонлар ҳисобидан қурилган.
Шахси сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган оҳангаронлик тадбиркорнинг иддао қилишича, яқинда қуриб битказилган прокуратура биноси харажатларининг катта қисми тумандаги хусусий бизнес ҳисобидан қопланган. Тадбиркорнинг айтишича, прокуратура биносининг очилиш маросимига Ўзбекистон Бош прокурори Ихтиёр Абдуллаев келган пайтда тадбиркорлар унинг олдига киришга уринишган, лекин бунга йўл қўйилмаган.
Шундан кейин тадбиркор президент Ислом Каримов номига арзнома билан мурожаат қилишга қарор қилган.
“Туман прокурори Ғайрат Муҳамадиев тадбиркорлардан мажбуран пул йиғдирди. Пул тўламаган тадбиркорларга нисбатан жиноят иши қўзғатишди. Тўлаганларга тегмади. Мен пул тўлаганлардан бириман. Прокуратура биноси сметасида бўлмган ошхонасига деб, 300 миллиондан ошиқроқ пул йиғилди”, дейилади президент номига ёзилган шикоят хатида.
Унда яна иддао қилинишича, янги бино қуриб битказилгунига қадар туман прокурори Ғайрат Муҳамадиевга тегишли бўлган, қўшни Янгийўл туманидаги “Шердор” тўйхонаси биноси ҳам оҳангаронлик ишбилармонларга солинган ўлпон ёрдамида кўтарилган.
Озодлик тадбиркорнинг бу иддаоларига изоҳ беришни сўраб, Оҳангарон тумани прокурори Ғайрат Муҳамадиевга телефон орқали мурожаат қилди. Прокурор изоҳ беришдан бош тортди:
- Ўшаларнинг ўзларини топиб, гаплашинг. Менга нимага телефон қиласиз? Менга телефон қилманг! Келиб, ўзингизни таништиринг, ўзингизни кўрсатинг! Сизнинг кимлигингизни қаердан биламан? Менга телефон қилманг,- дея гўшакни қўйиб қўйди Оҳангарон туман прокурори Ғайрат Муҳамадиев.
Лекин оҳангаронлик бир неча хусусий тадбиркор ва фермерлар туман прокуратураси биноси қурилиши учун пул ўтказиб беришганини тасдиқлашди. Маиший хизмат соҳасида ишловчи тадбиркорлардан бири ўтган йилнинг ёз ойларида “туман прокуратураси талаби билан 5 миллион сўм ўтказиб берган эдик”, дея билдирди.
Озодликка маълум бўлишича, маҳаллий фермерлардан бири прокуратура биносини қуришда иштирок этган ишчилар озиқ-овқати харажатларини кўтарган.
Озодлик билан гаплашган оҳангаронлик яна икки тадбиркор ҳам туман прокуратураси биноси харажатларининг катта қисми хусусий бизнес томонидан кўтарилганини тасдиқлади. Лекин бу икки тадбиркор прокуратура биноси қурилишига пул бермаган. Чунки улар бир неча ой аввалроқ туман миллий хавфсизлик хизмати биносини қуришда кўмаклашишган.
“Прокуратура биноси учун пул сўраб, ҳокимиятга чақиришган эди. Лекин биз ундан аввалроқ СНБ биносини қуришда ёрдам берган эдик. Ҳокимиятнинг махсус ҳисоб рақамига сўралган пулни ўтказиб берган эдик. Шунга, “СНБга ёрдам берган эдик, прокуратура ошиқча бўляпти”, деб айтдик. Кейин улар бироз инсоф қилишди шекилли, “СНБга ёрдам берганлар майли бу сафар беришмасин. Бошқалар қўлдан келганча ёрдам беринглар”, дейишганини эслайман”, дейди тадбиркор.
Яна бир тадбиркор ҳам МХХ биносини қуришда молиявий кўмак кўрсатгани туфайли, прокуратура ўлпонидан қутулиб қолганини тасдиқлади.
Ўзбекистонда давлатга қарашли иншоотлар қурилиши харажатларини аҳоли ҳисобидан қуриш одатий ҳолга айланган.
Шу йил ферваль ойида мамлакат бўйлаб маҳаллаларда посбонларга кулба қуриш учун маҳаллий аҳолидан пул йиғилгани тўғрисида Озодлик хабар қилган эди.
Ундан аввалроқ эса, Тошкент вилояти Чиноз туманидаги марказий стадионни капитал таъмирдан чиқариш харажатлари ҳам бюджет ташкилотлари ва маҳалла фуқаролик йиғинлари ҳисобидан қопланган эди.