Линклар

Шошилинч хабар
09 январ 2025, Тошкент вақти: 22:11

Ўзбекистон хабарлари

Ўзбекистонда сўнгги беш йилда мингдан ортиқ интернет манба тақиқланди

Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон Олий судининг 2019 йилдан ҳозиргача чиқарган 80 дан кўпроқ қарори асосида мингдан ортиқ интернет манба тақиқланди.

Олий суд ахборот хизмати раҳбари Азиз Обидовнинг маълум қилишича, бу манбалар Facebook, «Одноклассники», Instagram, TikTok, Telegram ва YouTube тармоқларида фаолият юритган.

Улар Олий суд қарори билан диний ақидапарастлик, экстремистик ва террористик ғояларини тарғиб этишга йўналтирилган деб топилган. Бу манбалар тарқатган материалларни Ўзбекистон ҳудудида тайёрлаш, тарқатиш, сақлаш, олиб кириш ва намойиш этиш тақиқланган.

Олий суд расмийси бундай ҳолатлар Жиноят кодексининг 244−1-моддасига мувофиқ базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланишини эслатиб ўтган.

Кун янгиликлари

Чирчиқ дарёсида рейд: Табиатга 675 миллиард сўм зарар етказилган

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Чирчиқ дарёси ҳудудида ўтказилган навбатдаги назорат рейд тадбирларида табиатга қарийб 675 миллиард сўм миқдорида зарар етказилгани аниқланди.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, фуқаро А.Қ. дарёдан Volvo экскаватори ҳамда Howo юк машинаси ёрдамида табиий қум-шағал қазиб, “С.Қ.М” МЧЖ тош майдалаш цехига олиб кетаётганда ушланган.

Ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш ва айбдорларга нисбатан қонуний чора кўриш учун Бош прокуратурага юборилган.

Ишга доир бошқа тафсилотлар очиқланмаган.

Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи Чирчиқ дарёси муҳофаза минтақасидан ўзбошимчалик билан техника воситалари ёрдамида қум-шағал қазиб олиш тез-тез кузатилади.

Экология вазирлиги 2024 йил сентябрь ойида шундай ҳуқуқбузарлик оқибатида табиатга 183 миллиард сўм зарар етказилганини маълум қилган эди.

Ўзбекистон президенти фармони билан 2024 йил 1 майидан эътиборан Чирчиқ, Сангзор, Зарафшон, Норин, Қашқадарё, Сурхондарё ва Сирдарё дарёлари ўзанларидаги норуда материалларни қазиб олишга муддатсиз мораторий жорий қилинган. Ноқонуний қазиб олиш ишлари натижасида табиатга етказилган зарар учун жавобгарлик ҳам кучайтирилган.

ОАВ: Андижонда туманлар бюджети қонунчиликка зид тарзда тасдиқланган

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Андижон вилоятининг барча туман-шаҳар халқ депутатлари кенгашлари жамоатчилик муҳокамасига қўйилмаган маҳаллий бюджетни ошиғич равишда, бир кунда тасдиқлади.

Ҳолатни ўрганган Daryo.uz нашри бу ҳол Бюджет кодекси талабларига мутлақо зид, дея хулосага келган.

Маълум бўлишича, туман-шаҳар кенгашлари қарорлари лойиҳалари Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига 2024 йилнинг 27 декабрь куни жойлаштирилган. Муҳокама муддати 2025 йилнинг 11 январигача этиб белгиланган бўлса-да, ҳужжатлар бир кун ичида келишилган тарзда ҳуқуқий экспертизадан ўтказилган.

Шу тариқа 27-28 декабрь кунлари вилоятдаги барча шаҳар ва туманларининг халқ депутатлари кенгашлари раислари ҳудудларнинг 2025 йилги маҳаллий бюджетини тасдиқлашга оид қарорларни имзолаган.

Бюджет кодексининг 99-моддаси ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятига “E-qaror” электрон тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган низомга асосан туман ва шаҳар ҳокимликлари 10 октябрдан кечиктирмай лойиҳаларни Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жамоатчилик муҳокамаси ўтказилиши учун жойлаштириши лозим.

Лойиҳалар жамоатчилик муҳокамаси якунлари бўйича келиб тушган таклифлар асосида қайта кўриб чиқилиб, 1 ноябрдан кечиктирмай тегишли кенгашларга киритилиши зарур.

Афсуски, ҳудудлардаги адлия бўлимлари бошлиқлари жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилмаган қарор лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиб, мақсадга мувофиқлиги юзасидан хулоса беришган. Бундан ташқари, қарорлар кенгашлар раислари томонидан сессия ўтказилмасдан ва депутатлар томонидан тасдиқланмасдан қабул қилинган”, деб ёзди Daryo.uz.

Жамоатчилик маҳаллий ва республика даражасидаги депутатлардан бюджет назоратини кучайтиришни талаб қилиб келади.

Аввалроқ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари қарийб 10 триллион сўмлик бюджет ўзгаришини саноқли дақиқада тасдиқлаб бергани ҳам эътирозларга сабаб бўлган эди.

"Umid avto" раҳбари фирибгарликда гумонланиб қўлга олинди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Тошкент шаҳри Янгиҳаёт тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими “Umid avto companes” МЧЖ мансабдорларига нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” банди (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатди.

Kun.uz нашрининг ИИВ Тергов департаменти маълумотига таянган ҳолда хабар қилишича, тергов ҳаракатлари доирасида мазкур МЧЖ раҳбари Абдуманноп Абдураҳмонов процессуал тартибда ушланган.

Тергов идораси ЖКнинг 168, 188-1 (пул маблағларини ва (ёки) бошқа мол-мулкни жалб этишга доир ноқонуний фаолият) ҳамда бошқа моддаларида айбланаётган жамият мансабдорларига оид айблов хулосасини жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани судига юборган.

ИИВга кўра, тергов жараёнида айбланувчи Абдуманноп Абдураҳмонов “Umid avto”, “Orient avto”, “Business Orient auto”, “Orient auto hamkor”, “Umid auto xizmati”, “Umid avto companes” ва “Orient auto Toshkent” МЧЖларнинг раҳбари сифатида ҳам фаолият олиб боргани аниқланган. Терговнинг тўлиқлиги ва қонун устуворлигини таъминлаш мақсадида дастлаб қўзғатилган жиноят ишидан А.Абдураҳмонов ва бошқаларнинг қисмлари алоҳида иш юритувга ажратилган.

Ҳозирда барча айбдорларни терговга жалб қилиш ва жабрланувчиларга етказилган моддий зарарни қоплаш чоралари кўрилаётгани билдирилган.

Ўзбекистонда одамларнинг автомобиль олиб бериш ваъдасига ишониб, миллионлаб сўм маблағидан ажралиб қолиши илк бор кузатилаётгани йўқ.

Озодлик 2024 йил декабрь ойида Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида давлат рўйхатидан ўтказилган “Halal Auto Leasing kompany” МЧЖ мансабдорларига нисбатан фирибгарлик айблови билан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар қилган эди.

Сўнгги йилларда аниқланган молиявий фирибгарликлардан зарар кўрганлар сони юз мингларни ташкил этиши айтилади.

Ўзбекистонда тақиқланган манбалар рўйхати эълон қилинди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ўзбекистон Республикаси Олий суди интернетдаги диний экстремистик, террористик ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган деб топилган ҳамда мамлакат ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ва намойиш этилиши тақиқланган манба ҳамда контентларнинг янгиланган рўйхатини эълон қилди.

Рўйхатга салкам 1400 та профиль, канал ва материаллар киритилган. Жумладан, Facebook ижтимоий тармоғидаги 203 та, Telegram мессенжеридаги 713 та, Instagram ижтимоий тармоғидаги 226 та, YouTube видео-хостингидаги 135 та, Одноклассники ижтимоий тармоғидаги 35 та, Tik-tok платформасидаги 44 та профиль ва материаллар тақиқланган деб топилган.

Олий суд матбуот хизмати фуқароларни “тақиқланган интернет манбалардан йироқ бўлиш”, “диний ақидапарастлик, экстремизм ва терроризм тузоғига тушиб қолиш”дан сақланишга ундаган.

Озодлик аввал хабар қилганидек, Олий суд 2019-2024 йиллар мобайнида чиқарган 80 дан зиёд қарор асосида мингдан ортиқ интернет манбани тақиқлаган.

Ўзбекистон Жиноят кодексининг 244-1-моддасига мувофиқ, жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этганлик учун БҲМнинг икки юз баравари миқдорида жаримадан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.

Уч давлат бош вазирлари чегарада учрашишди

Адилбек Касималиев, Абдулла Арипов ва Қоҳир Расулзода (чапдан ўнгга), 2025 йил 8 январи
Адилбек Касималиев, Абдулла Арипов ва Қоҳир Расулзода (чапдан ўнгга), 2025 йил 8 январи

Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов, Қирғизистон бош вазири Адилбек Касималиев ва Тожикистон бош вазири Қоҳир Расулзода 8 январь куни уч давлат чегаралари туташган нуқтада учрашди.

Ўзбекистон ҳукумати матбуот хизмати ахборотига кўра, ушбу учрашув уч мамлакат президентлари давлат чегараси масалалари бўйича аввал эришган келишувлар доирасида ташкил қилинган.

Расмий Тошкент Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти, Қирғизистоннинг Боткен вилояти ва Тожикистоннинг Сўғд вилояти давлат чегаралари туташган нуқтада ўтказилган учрашув рамзий маънога эга эканини таъкидлаган.

Қирғзистон ҳукумати матбуот хизмати қайдича, бош вазирлар мамлакатлар савдо, логистика, энергетика ва маданий-гуманитар алоқалар каби муҳим йўналишларда ҳамкорликни кучайтириш учун катта салоҳиятга эга эканини урғулаган. Уларнинг фикрича, чегараолди ва минтақалараро ҳамкорликни ривожлантириш ўзаро ҳамкорликнинг муҳим таркибий қисми саналади.

Учрашувда келажакдаги уч томонлама тадбирларни ташкил этиш билан боғлиқ масалалар атрофлича муҳокама қилингани билдирилган.

Озодлик 2023 йил январь ойида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўзаро давлат чегараларини делимитация қилиш жараёнини якунлагани ҳақида хабар қилган эди. Ўшанда Марказий Осиё бўйича эксперт Аркадий Дубнов минтақада катта хавотир уйғотадиган Қирғизистон билан Тожикистон ўртасидаги чегара масаласи қолганини айтганди.

Qanot Sharq авиаширкати ўнлаб рейсни бекор қилди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ўзбекистоннинг Qanot Sharq авиаширкати 20 январдан 6 мартгача бўлган муддатда А320 самолётларида амалга ошириладиган қатор рейсларни бекор қилмоқда.

Компания матбуот хизмати қатновлар бекор қилинишига C-check, яъни техник кўрик ва текширувни сабаб сифатида кўрсатган.

Компания юзага келган ноқулайлик учун йўловчилардан узр сўраган ва чипталарни қайтариш ёки алмаштириш масаласида қўллаб-қувватлаш гуруҳига мурожаат қилишни тавсия этган.

Бекор қилинган парвозлар рўйхатида ички йўналишлар, шунингдек, Россиянинг Москва, Санкт-Петербург шаҳарларига рейсларни кўриш мумкин.

Qanot Sharq рейслари бекор бўлиши Қозоғистонда Azerbaijan Airlines ширкатига тегишли Embraer йўловчи учоғи ҳалокатга учрагани Озарбайжон, БАА, Исроил ва Қозоғистон авиакомпаниялари маълум муддатга Россияга парвозларни тўхтатган даврга тўғри келмоқда.

Qanot Sharq хусусий авиаширкати аввал ҳам ўз парвозларини “техник сабабларга кўра” бекор қилгани маълум.

МБ бир мижоз учун банк карталари сонини чеклади

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ўзбекистон Марказий банки бир фойдаланувчи учун расмийлаштириладиган банк карталари сонини чеклади.

Телеграмдаги “Мижозлар учун” канали маълумотига мувофиқ, регулятор ишлаб чиққан вақтинчалик тартибга кўра, битта жисмоний шахс (битта ЖШШИР учун) битта банкда кўпи билан 5 та ва умуман барча банкларда 20 тагача, шу жумладан, виртуал ва кобейжинг карталарига эга бўлиши мумкин.

Ушбу талаб хорижий валютада очилган карталарга татбиқ этилмайди.

Банкларга жисмоний шахсларнинг карталари (шу жумладан виртуал) бўйича 12 ой давомида ҳеч қандай операция амалга оширилмаган бўлса, карта эгасини хабардор қилган ҳолда уларни блоклаш топширилган.

Маълум бўлишича, ушбу тартиб хизмат доирасида фойдаланиш учун мўлжалланган бўлиб, тижорат банкларига ижро учун йўлланган. Унинг амал қилиш муддати 2025 йил 1 январидан 2025 йил 31 декабригача белгиланган.

Тармоқ фаоллари ушбу тартиб ими-жимида қабул қилинганига эътибор қаратмоқда.

МБ 2024 йил ноябрь ойи охирида бир кишига тўғри келадиган карталар сонини чеклашни режалаштираётганини маълум қилган бўлса-да, бу борада ҳужжат ишлаб чиқилгани жамоатчиликка расман эълон қилинмаган.

Ўшанда регулятор бу чорани карталар билан боғлиқ шубҳали (фирибгарлик) операцияларнинг олдини олиш мақсади билан изоҳлаганди.

Расмий статистикага кўра, банк карталари эгаларининг қарийб 97 фоизи (22 миллион киши) 5 тагача, 3 фоизи (770 минг киши) 5 тадан 20 тагача, 0,03 фоизи (7000 киши) эса 20 дан ортиқ карта очган.

Иқтисодчилар карталар сонини чеклаш ташаббусига эътироз билдирган. Жумладан, Отабек Бакиров буни “ўтган ёмон замонда қолиб кетган ойболта усули” деб атаган.

Давлат мулозимларига автомобиль харидини камайтириш буюрилди

BYD автомобиллари (иллюстратив сурат)
BYD автомобиллари (иллюстратив сурат)

Ўзбекистондаги вазирлик, идора ва ҳокимликлар 2025 йилда тежамкорлик ва барқарорликни таъминлаш тамойили асосида бюджет маблағларини тежаш ва самарадорлигини ошириш бўйича бир қатор чораларни кўриши лозим. Президентнинг 1 январдан кучга кирган “Давлат бюджетининг 2025 йил ижросини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида шу каби талаблар назарда тутилган.

Қарорга асосан жорий йил охиригача қуйидагилар бўйича таклиф киритиш тақиқланади:

• республика ижро этувчи ҳокимият органларининг бошқарув ходимлари иш ҳақи миқдорини ошириш (меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорини ошириш бундан мустасно);

• Қорақалпоғистон Республикаси бюджетининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бюджетларининг қўшимча манбалари ҳисобидан хизмат автомобиллари (махсус автотранспорт влоситалари бундан мустасно), қимматбаҳо юмшоқ мебеллар ва офис жиҳозлари (таълим, илм-фан, соғлиқни сақлаш, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларида фойдаланиладиганлардан ташқари) харид қилиш.

Белгиланишича, республика ижро этувчи ҳокимият органларининг бюджетдан ташқари жамғармалари ҳисобидан хизмат автомобиллари, қимматбаҳо юмшоқ мебеллар ва офис жиҳозлари фақат Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда харид қилинади.

Бюджет ташкилотларининг 2025 йил учун харажатлар сметасини тузишда мебель, офис жиҳозлари ҳамда товар-моддий захираларини харид қилиш харажатлари миқдорини 2024 йилга нисбатан 10 фоизга камайтирган ҳолда (боғчалар, умумтаълим мактаблари ва соғлиқни сақлаш муассасаларидан ташқари) режалаштириш топшириғи берилган.

Сўнгги вақтларда вазирлик ва ҳокимликларнинг қимматбаҳо машиналар харид қилаётгани жамоатчилик эътирозига сабаб бўлаётган эди.

Озодлик аввалроқ Самарқанд вилояти ҳокимлиги 630 миллион сўмлик автомобиль харидига оид қарорни яшириб қўйгани ҳақида хабар қилган эди.

Шунингдек, гарданидаги 6,6 миллиард сўм қарз ҳам Андижон тумани ҳокимлигини қимматбаҳо автоулов сотиб олишдан тўхтата олмаган.

Онаси томонидан калтакланган тўрт яшар қизалоқ вафот этди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳрида онаси томонидан аёвсиз калтаклаган 4 яшар қизча 7 январь куни жароҳатлардан вафот этди. Бу ҳақда Qalampir.uz нашри хабар қилди.

2024 йил 23 декабрь куни Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани тиббиёт бирлашмасига 2020 йилда туғилган Й.М. танасидаги турли жароҳатлар билан қабул қилинган. Ҳолат юзасидан ўтказилган терговга қадар текширувда 47 ёшли аёл норасида қизини қаттиқ калтаклаб, тан жароҳати етказгани аниқланган.

2024 йил 27 декабрь куни ҳолат юзасидан Чирчиқ шаҳри ИИБ томонидан аёлга нисбатан Жиноят кодексининг 126-1-моддаси 7-қисми “б” банди (оилавий зўравонлик) билан жиноят иши қўзғатилган.

Қизчанинг вафоти ортидан онасига қўйилган айблов оғирлашади.

Тергов вақтида жиноят натижасидаги оқибат ўзгаргани, яъни жабрланувчининг ўлими факти жиноятга ҳуқуқий баҳо бериш жараёнига таъсир қилади – оғирроқ жазони кўзда тутувчи қисмга қайта малакалаш лозим бўлади ”, деган Болалар омбудсмани ўлим фактини изоҳларкан.

Олий Мажлис Сенати 2024 йил 15 август куни “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунни маъқуллаган эди. Ўшанда юқори палата мажлисида кейинги йилларда болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари кўпайиб бораётгани, уларнинг олдини олиш, жабрланувчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг амалдаги ҳуқуқий механизмлари етарли даражада самара бермаётгани қайд этилганди.

Аввалроқ Ўзбекистондаги болалар уйлари ва тутинган оилаларда тарбияланаётган 1,5 мингдан зиёд бола “зўравонлик содир этиш хавфи юқори ҳисобланган тоифа”да қолаётгани билдирилганди.

Ислом тараққиёт банки Ўзбекистонга 40 млн доллар ажратади

Ислом тараққиёт банки логоси
Ислом тараққиёт банки логоси

Ўзбекистонда Ислом тараққиёт банки (ИТБ) иштирокида “Кичик ва ўрта корхоналарнинг иқтисодий барқарорлигини мустаҳкамлаш” лойиҳаси амалга оширилади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 6 январидан кучга кирган 903-сонли қарорига мувофиқ, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги лойиҳани ўз вақтида амалга ошириш, мувофиқлаштириш, ИТБ қарзларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш бўйича масъул орган этиб белгиланган.

2025-2027 йиллар давомида амалга ошириладиган лойиҳа кичик ва ўрта тадбиркорликни молиялаштиришда қўшимча имкониятларни яратиш, молиявий хизмат турларини кенгайтириш, шунингдек, исломий молиялаштириш салоҳиятини оширишга қаратилган.

Gazeta.uz нашрининг аниқлик киритишича, 2024 йил апрель ойида имзолаган битим доирасида лойиҳа учун 30 миллион доллар қарзни ИТБ, қолган 10 миллион долларни эса Ислом бирдамлиги тараққиёт жамғармаси ажратади.

Ўттиз миллион доллар муробаҳа тамойили бўйича кичик бизнесни молиялаштиришга йўналтирилади. Қолган маблағлар кредит бўйича кафиллик, бизнес инжиниринг ва салоҳиятни ошириш ташаббуслари, бошқарув ва аудит харажатлари учун сарфланади.

2023 йилда Тошкентда ўтган инвестиция форуми доирасида ИТБ билан умумий қиймати 400 миллион долларлик битимлар имзоланганди.

Озодлик аввалроқ Ўзбекистонда ислом банки тизимини йўлга қўйиш йўлидаги муаммоларни таҳлил қилган эди.

Депутатлар электрон сигаретани тақиқлашни таклиф қилишмоқда

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ўзбекистон ҳудудида айрим турдаги тамаки маҳсулотлари, никотинни истеъмол қилиш мосламалари, шу жумладан, электрон сигареталарни ишлаб чиқариш, тайёрлаш ва ўтказиш тақиқланиши мумкин.

Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракциясининг 6 январь куни бўлиб ўтган йиғилишида ушбу тақиқ кўзда тутилган қонун лойиҳаси муҳокама қилинган.

Партия матбуот хизмати қайдича, сўнгги йилларда никотинни етказиб бериш мосламалари, электрон сигареталар ва улар учун суюқликлар ҳамда қиздириладиган тамаки маҳсулотларининг Ўзбекистонга қонунга хилоф равишда олиб кириш ҳолатлари ва айланмаси ортиб бормоқда. Бундан ташқари, ушбу маҳсулотларни аҳоли, айниқса, ёшлар орасида истеъмол қилиш ҳолатлари кўпайган.

Шунга кўра бу турдаги маҳсулотларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш ёки ҳудудидан олиб чиқишга нисбатан таъсирчан чора сифатида маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланиши режалаштирилган.

Gazeta.uz нашрининг аниқлик киритишича, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга 186−2-модда (муомаласи тақиқланган тамаки маҳсулотлари, тамакини ҳамда никотинни истеъмол қилиш мосламалари, шунингдек, электрон сигареталар ва чилимларни ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, реализация қилиш, олиб кириш) киритилиши мумкин. Ушбу қоидабузарлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда (17-34 млн сўм) жарима жазоси назарда тутилади.

Ўзбекистон Жиноят кодексини ҳам шу номдаги 186−4-модда билан тўлдириш таклиф этилмоқда. Ушбу хатти-ҳаракатларнинг оғирлик даражасига кўра жаримадан тортиб 12 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланиши кўзда тутиляпти.

Ўзбекистонда поезд чипталари нархи яна оширилади

“Афросиёб” электропоезди (иллюстратив сурат)
“Афросиёб” электропоезди (иллюстратив сурат)

Жорий йилнинг 1 февралидан эътиборан Ўзбекистонда темирйўл чипталари нархи оширилади. Бу ҳақда маълум қилган “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ матбуот хизмати нарх қимматлашини темирйўл инфратузилмаси харажатлари, электр энергияси, ёқилғи ва транспорт харажатларини қоплаш, юқори тезликда ҳаракатланувчи электропоездларни харид қилиш ва йўловчи вагонлари паркини янгилаш каби мақсадлар билан изоҳлаган.

Янги тарифга мувофиқ, юқори тезликда ҳаракатланувчи “Афросиёб” электропоездларининг VIP, бизнес тоифадаги чипта нархлари 25 фоизга, эконом тоифадаги чипта нархлари 20 фоизга, “Шарқ”, “Насаф” ва “Ўзбекистон” поездларнинг чипта нархлари эса 30 фоизга оширилмоқда.

“Афросиёб” электропоезди йўлкираси қуйидаги кўринишда бўлади:

Тошкент–Бухоро:

• VIP – 994 000 сўм;

• бизнес – 751 000 сўм;

• эконом– 484 000 сўм;

Тошкент—Қарши:

• VIP – 854 000 сўм;

• бизнес – 634 000 сўм;

• эконом – 406 000 сўм.

Тошкент–Самарқанд:

• VIP – 619 000 сўм;

• бизнес – 450 000 сўм;

• эконом – 294 000 сўм.

“Ўзбекистон темир йўллари” 2024 йил 20 январидан “Афросиёб”, “Шарқ”, “Насаф” ва “Ўзбекистон” поездлари чипта нархини 20 фоизга кўтарган эди.

2024 йил 15 майидан эса “Афросиёб” электропоездларининг чипта нархи 20-40 фоиз миқдорида оширилганди.

Озодлик аввал хабар қилганидек, Олий Мажлис Сенатида темирйўл чипталари қимматлаб кетгани ҳолда хизмат сифати яхшиланмагани танқид қилинган. Юқори палата чипта нархи холислик, ҳалоллик мезонлари асосида белгиланганини савол остига олган.

Андижонда газ портлашида бир киши нобуд бўлди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Андижон вилояти Марҳамат туманидаги хонадонда рўй берган газ портлаши оқибатида бир киши вафот этди.

Daryo.uz нашрининг Бош прокуратура матбуот хизматидан олинган маълумотга таянган ҳолда ёзишича, 3 январь куни соат 03:00 атрофида Шомат маҳалласи Ипак йўли кўчасида яшовчи фуқаро Х.Шокиров хонадони ётоқхонасида қўлбола усулда қурилган иситиш печини ёқмоқчи бўлиб гугурт чаққан вақтида хонага тўпланган табиий газ ва ҳаво аралашмасидан чақнаш юз берган.

Оқибатда ушбу хонада бўлган Х. Шокиров танасининг 90 фоизи, турмуш ўртоғи Л. Шокирова танасининг 35-40 фоизи, ўғли Ж.Ҳамзаев танасининг 20-30 фоизи, қизи Х. Ҳамзаева танасининг 70 фоизи қисми куйиши ташхиси билан шифохонага ётқизилган.

Вояга етмаган Х. Ҳамзаева олиб борилган тиббий муолажаларга қарамай 4 январь куни вафот этган. Оиланинг қолган аъзолари шифохонада қолмоқда.

Жабрланувчиларга нисбатан суд-тиббий экспертизаси тайинланган. Ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда.

“Ҳудудгазтаъминот” акциядорлик жамияти мулозимига кўра, 2024 йилнинг 11 ойи мобайнида Ўзбекистон бўйлаб газ билан боғлиқ 74 та бахтсиз ҳодиса қайд этилган. Оқибатда 82 нафар одам қурбон бўлган, 80 дан зиёд киши турли даражада тан жароҳати олган.

2024 йил 17 декабрь куни Фарғона шаҳри Аҳмад Яссавий кўчасида жойлашган “Petrolium” пропан газ тўлдириш шохобчасида содир бўлган портлаш ҳам ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокама қилинган. Расмий версияга кўра, портлаш оқибатида тўрт киши ҳалок бўлган. Аммо воқеа гувоҳлари Озодликка расман хабар қилинганидан кўпроқ одам қурбон бўлганини айтган.

Ўқувчилар яна совуқда юпун кийимда тадбирга олиб борилди

Сурхондарёда совуқ кунда юпун кийимда тадбирга жалб қилинган болалар (Боалалар омбудсмани матбуот хизмати фотоси)
Сурхондарёда совуқ кунда юпун кийимда тадбирга жалб қилинган болалар (Боалалар омбудсмани матбуот хизмати фотоси)

Сурхондарё вилояти Денов туманида ўқувчиларни совуқ ҳавода юпун кийимда тадбирга жалб қилган мансабдорлар интизомий жазога тортилди. Бу ҳақда Болалар омбудсмани матбуот хизмати маълум қилди.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда ўқувчилар қаҳратон совуқда юпун кийимда тадбирга олиб борилгани танқидларга сабаб бўлганди.

Аниқланишича, 2024 йил 6 декабрь куни Денов туманида кўприк очилиш маросимига тумандаги 14 ва 16-сонли мусиқа мактабларининг ўқувчилари (16 нафар қиз ҳамда 4 нафар ўғил бола) Маданият бошқармаси топшириғига кўра енгил байрамона кийимда жалб қилинган.

Болалар омбудсмани тақдимномаси асосида Маданият вазирлиги болаларнинг соғлиғи хавф остига қўйилгани юзасидан ҳудуднинг тегишли мансабдорларига нисбатан интизомий жазо қўллаган.

Kun.uz нашри кўприк очилишида Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов ҳам вилоят фаоллари билан биргаликда қалин кийимларда ҳозир бўлганига эътибор қаратган.

Ҳолат юзасидан вилоят ҳокимига бирор чора кўрилгани маълум эмас.

Болаларни совуқ об-ҳавода турли тадбирларга жалб қилиш ҳолатлари аввал ҳам кўп марта кузатилган. Озодлик бир муддат аввал совуқда ўқувчиларни юпун кийимда байроқ ҳилпиратишга олиб чиққан Андижондаги мактаб раҳбарлари ишдан олингани ҳақида хабар қилган эди.

Собиқ Олий ва ўрта-махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов талаба қизларнинг меҳмонларни кутиб олиш учун совуқда адрас кўйлак кийиб гул кўтариб боришини “мажбурий меҳнатнинг бир кўриниши” ўлароқ баҳолагани маълум.

Айиқ билан кураш тушган Шаҳрам Ғиёсов жаримага тортилди

Айиқ билан курашаётган боксчи Шаҳрам Ғиёсов (видеодан скриншот)
Айиқ билан курашаётган боксчи Шаҳрам Ғиёсов (видеодан скриншот)

Айиқ билан машғулот ўтказиб, ҳуқуқбузарликка йўл қўйган боксчи Шаҳрам Ғиёсов базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдорида жаримага тортилди.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, спортчига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 111-моддасига кўра баённома расмийлаштирилган.

Шаҳрам Ғиёсов вазирликка чақиртирилиб, унга жисмоний шахслар томонидан ёввойи ҳайвонларни сақлаш ва турли мақсадларда фойдаланиш, ҳайвонларга шафқатсиз муносабатда бўлиш тақиқлангани тушунтирилган.

Қайд этилишича, боксчи узр сўраган, ўз хатосини тушуниб етгани ва бундай ҳолат бошқа такрорланмаслигини таъкидлаган.

Пировардида айиқ Фарғона ҳайвонот боғига топширилган.

2024 йил охирида ижтимоий тармоқларда тарқалган Шаҳрам Ғиёсовнинг айиқ билан “cпарринг” тушаётган акс этган видеолавҳа жамоатчиликнинг эътирозига сабаб бўлганди.

Видеода бокс бўйича жаҳон чемпиони ва Олимпиада кумуш медали совриндори Шаҳрам Ғиёсов спорт залида тумшуғбоғдаги айиқ билан жанг қилиб, жониворни бир неча бор чалқанчасига йиқитганини кўриш мумкин. Беллашув давомида бошқа бир киши айиқни жиловда ушлаб турган.

Вазирлар Маҳкамасининг “Ёввойи ҳайвонларни сақлаш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, 2025 йил 1 январидан эътиборан жисмоний шахслар томонидан ярим эркин шароитларда, сунъий яратилган яшаш муҳитида ёки тутқунликда сақланиши тақиқланган ёввойи ҳайвонлар рўйхати тасдиқланган. Бу рўйхатга айиқ ҳам киритилган.

Ҳукумат ҳужжатига мувофиқ, бошқа ҳайвонлар қатори айиқларни ҳам давлат ва мобил циркларида (шапитолар) сақлаш ҳамда улардан цирк томошаларини ўтказиш мақсадларида фойдаланиш ман этилади.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG