Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:11

Ўқитувчи Диана вафот этган туманда мудир ва мактаб директори ишдан олинди


Марҳум ўқитувчи Диана Еникеева эри Егор ва қизи билан
Марҳум ўқитувчи Диана Еникеева эри Егор ва қизи билан

Самарқанд вилоят прокуратураси мажбурий меҳнатга жалб этилган ўқитувчи Диана Еникееванинг фожеали ўлими суриштируви натижасида 2 мулозим ишдан олинганини билдирди. Прокуратуранинг Facebook тармоғида эълон қилинган расмий хатида айтилишича, Каттақўрғон тумани Халқ таълими бўлими мудири ва Диана ишлаган 42-мактаб директори ишдан олинган.

Прокуратура суриштируви натижалари:

Ушбу мактубни Facebook ижтимоий тармоғидаги "Халқ билан мулоқот" гуруҳида Комил Жалилов исмли фойдаланувчи эълон қилди.

Каттақўрғон туманидаги мактаб ўқитувчиси, кўча тозалашга чиқарилган 23 ёшли Диана Еникеевани юк машинаси уриб юборгани ҳақида Озодлик 15 март куни хабар қилган эди.

Ёзишича, Комил Жалилов бу фожеадан сўнг президент Мирзиёевнинг виртуал қабулхонасига мурожаат қилган ва унинг мурожаатига Самарқанд вилояти прокурори Ф.Зуфаров номидан жавоб келган.

Мактубда айтилишича, Диана Еникееванинг фожеали ўлими бўйича Ўзбекистон ЖКнинг 266-моддаси, 2-қисми асосида 14 март куни қўзғатилган жиноят иши суриштируви тугаб, 29 март куни иш судга оширилган.

Суриштирув натижасида "ободонлаштириш ишларини ўтказишда йўл қўйган камчиликлари учун" Каттақўрғон тумани Халқ таълими бўлими мудири Жуманазаров А., 42-мактаб директори Болтаева Н. ишдан олинган, мактаб директори ўринбосари Маматов Х.га ҳайфсан эълон қилинган.

Шунингдек, вилоят прокурори жавоб хатида Дианани уриб юборгани учун ЖКнинг 266-моддаси, 2-қисмида айбланган ҳайдовчининг иши судга оширилгани айтилган.

ЖКнинг 266-моддаси, 2-қисмида транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш ўлим ҳолати билан тугаши кўзда тутилган ва айби исботланса, ҳайдовчи 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Ҳокимиятдан расмий жавоблар:

Бунга қадар ушбу ҳодиса юзасидан Каттақўрғон тумани ва Самарқанд вилояти ҳокимликлари муносабат билдирган.

Хусусан, 19 март куни Самарқанд вилоят ҳокими Туробжон Жўраев ўқитувчи аёл ўлими билан боғлиқ ҳодиса холис суриштирилиши ва унга ҳуқуқий баҳо берилиши таъминланишига сўз берган.

Айни пайтда, "Бахтсиз ҳодисанинг Давлатимиз раҳбарининг вилоятимизга ташрифи билан боғлаб оммавий ахборот воситаларида турли хабарлар ва муносабатлар билдирилаётгани нохолис талқин ҳисобланади ва ҳақиқатга мос келмайди", дейилган эди Самарқанд вилояти ҳокими Туробжон Жўраевнинг баёнотида.

Каттақўрғон туман марказидаги 42- умумтаълим мактабининг меҳнат ўқитувчиси Диана Еникеевани 14 март куни Сув омбори қишлоғидан ўтувчи автомобиль йўлини тозалашга олиб чиқилган пайтда КамАЗ юк машинаси уриб юборган эди.

Бу ҳақда хабар қилган манба ўқитувчиларнинг кўча тозалашга мажбурлангани акс этган бир қанча фотосуратларни Озодликка тақдим этди:

Мажбурий меҳнатнинг расмий эътирофи:

Мажбурий меҳнат қурбони сифатида талқин қилинаётган Диана Еникеева воқеаси маҳаллий нашрларда ҳам ёритилди ва бу мавзу ижтимоий тармоқларда ҳам кенг муҳокамага сабаб бўлди.

Илк бор расмийлар ҳам мажбурий меҳнат қурбонлари мавзусини тилга олди.

Жумладан, Халқ таълими вазирининг ўринбосари Алишер Саъдуллаев рўй берган фожиага ўз муносабатини билдирди:

"Бас, етар! Ўқитувчиларни тинч қўйинг. Ҳамма ўз ишини қилсин. Парламент аъзолари, депутатлар ва бошқа давлат органлари, келинглар, бир меъёрий ҳужжат ишлаб чиқайлик. Миллат тақдири-ку ахир!", деб ёзди жумладан Саъдуллаев ўз Фейсбук саҳифасида.

19 март куни Алишер Саъдуллаев бу борада, албатта, ижобий натижага эришиш учун ҳаракатлар кетаётганини таъкидлади Озодликка.

Куни кеча Ўзбекистон президентининг матбуот котиби Комил Алламжонов ҳам Диана ўлими билан боғлиқ ҳодиса ўрганилишини билдирган эди.

"Бўлиб ўтган ҳодиса, албатта, жуда ачинарли. Фожиага олиб келган сабаблар ҳозирда ўрганилмоқда. Натижасига кўра тегишли чоралар белгиланади. Ўз номимдан марҳуманинг оила-аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этаман", деб ёзди 17 март куни баёнот тарқатган Комил Алламжонов.

Ўзбекистонда мажбурий меҳнат

Шавкат Мирзиёев давлат тепасига келганидан кейин ҳам у бориши эҳтимоли бўлган жойлардаги ободонлаштириш ишларига ўқитувчи ва тиббиёт ходимларини мажбуран жалб қилиш давом этяпти.

Ўзбекистонда ўқитувчиларнинг ўз иши қолиб ободонлаштириш ва дала ишларига мажбуран жалб қилинаётгани ҳақида Озодлик бир неча бор хабар берган эди.

Ўтган йили пахта мавсумида Андижон, Фарғона, Наманган вилоят ҳокимлари ҳам пахта мавсумида ўқитувчиларни теримга чиқармаслик ҳақида ваъда берган бўлса-да, лекин тез орада бу ваъдаларини бузган ва ўқитувчилар пахта тергани жўнатилган эди.

Шунингдек, ўқитувчиларнинг йил давомида ободончилик ишларига ҳам жалб қилинаётгани кузатилади.

XS
SM
MD
LG