Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:10

Фарғонада ҳам ўқитувчилар Мирзиёев ташрифига кўча тозалаяпти


Андижонда ўқитувчилар ҳам Мирзиëев келиши олдидан мажбурий меҳнатга сафарбар қилинган эди
Андижонда ўқитувчилар ҳам Мирзиëев келиши олдидан мажбурий меҳнатга сафарбар қилинган эди

Фарғона вилояти Ёзёвон тумани ўқитувчилари президент Мирзиёвнинг келишига тайёргарлик кўриш мақсадида ободонлаштириш ишларига мажбуран жалб қилинмоқда. Бу ҳақда Озодликка хабар берган ўқитувчиларнинг айтишларича, туман марказидаги ўқитувчиларнинг тенг ярми, қишлоқ мактабларининг барча техник ходимлари кўча тозалаш, гул экиш ишларига мажбуран жалб қилинаяпти. Ёзёвон тумани ҳокимлиги эса ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилинганини инкор қилмоқда.

Ёзёвон тумани марказидаги барча мактабларнинг ўқитувчилари ободонлаштириш ишларига жалб қилинаётгани ҳақида исми сир қолишини сўраган ўқитувчилардан бири Озодликка ёзди.

“Самарқандлик ўқитувчи аёл Диана Еникееванинг ўлими ҳам бизнинг ҳокимларга дарс бўлмади. Президент Ёзёвонга ҳам келиши мумкин экан, деган хабар ортидан яна ўқитувчилар кўчага ҳайдалди. Биз кўча супиргани эмас, ўқитувчиликка ўқиганмиз, десак ҳам, бу сиёсат, хоҳламасанг аризангни ёз дейишяпти. Ҳатто ўқувчиларимиз ҳам, “домла, биз барибир ўқитувчи бўлишни истамаймиз, чунки ўқисак ҳам барибир кетмончи бўлар эканмиз, Ундан кўра, бир амаллаб мактабни битириб, Россияга ишлагани кетамиз”, деб очиқ-ойдин айтишади. Биз беш йил ҳокимга фаррош бўлиш учун ўқидикми?”, деб ёзади ёзёвонлик ўқитувчилардан бири.

Озодлик суҳбатлашган ёзёвонлик ўқитувчилардан бири улар қилаётган ишларни бирма-бир санаб ўтади:

1. Йўл четидаги синиб кетган бордюр (бетон тўсиқлар – таҳр.)ларни олиб ташлаб, янгиларини ўрнатиб чиқяпти ва оқ-қора қилиб бўяшяпти.

2. Ҳокимиятнинг олдидаги атиргулларни кўчириб ташлаб, арча ва гуллар экиб чиқишди.

3. Йўл четларидаги бегона ўтларни кетмон билан чопишяпти ва кўчалар супириляпти, дейди ўқитувчилардан бири.

Ёзёвон туманидаги маҳаллий ташкилот раҳбарларидан бирининг Озодликка айтишича, президент келишига тайёргарликнинг асосий оғирлиги ўқитувчилар зиммасига тушмоқда:

“Фарғона вилояти ва Ёзёвон тумани ҳокими президентни ҳам алдайди, халқни ҳам алдайди. Президент келади экан, деб шошма-шошарлик билан ободонлаштиришга киришади, бўлмаса бу ўзларининг доим қиладиган ишлари. Ҳозир кўчаларда ишлаётган ўқитувчиларни ҳам, дўхтирларни ҳам кўп учратиш мумкин”, дейди раҳбарлардан бири.

Айни пайтда ўзини Ёзёвон тумани ҳокимининг ўринбосари сифатида иш бошлаганига уч кун бўлганини айтган, лекин ўзини таништиришдан бош тортган мулозимнинг Озодликка айтишича, бир нафар ўқитувчи ҳам мажбурий меҳнатга жалб қилинмаган:

“Ким берган бўлса ҳам нотўғри маълумот берибди. Чунки бизда ободонлаштириш бошқармамиз бор, унинг 200тадан ошиқ одами бор. Кейин ишсиз одамларни биз бу ишларга жалб қиляпмиз, уларга 300-500 минг сўмгача ойлик берамиз. Энди тинчлигимизни кўролмайдиган ғаламислар ҳам борда, шу нарса одамларни паникага чақиради. Бирор нафар ўқитувчи жалб қилинмаган, бизда ишчи кучи ўзи етарли”, деди ўзини таништирмаган ҳокимлик мулозими.

Ўзбекистонда таълим соҳаси ходимларининг ободонлаштириш ва дала ишларига жалб этилиши кенг тарқалган.

Шу ой ўрталарида Самарқандда президент Шавкат Мирзиёев ташрифи арафасида катта кўчани тозалашга жалб этилган 23 ёшли ўқитувчи КамАЗ юк машинаси остида қолиб ҳалок бўлгани ҳақда Озодлик хабар берган эди.

Президент матбуот хизмати раҳбари Комил Алламжонов ҳодиса юзасидан чора кўрилишини айтган, Олий Мажлис депутати Қодир Жўраев эса мажбурий меҳнат масаласини Олий Мажлис муҳокамасига кўтаришни ваъда қилган эди.

Давлат мулозимлари¸ хусусан¸ ҳокимлар расмий баëнотларда мажбурий меҳнат мавжудлигини бир овоздан рад этиб турган бир пайтда¸ ўқитувчи ва шифокорларни уларнинг касбий фаолиятига дахли бўлмаган ишларга мажбурлаш давом этмоқда.

XS
SM
MD
LG