Линклар

Шошилинч хабар
03 ноябр 2024, Тошкент вақти: 02:31

Сибирь дарёларини Ўрта Осиёга буриш. СССР тарихини буриб юборган лойиҳа ҳақида


Орол денгизи. Мўйноқдаги “Кемалар қабристони”- 26 сентябрь, 2018.
Орол денгизи. Мўйноқдаги “Кемалар қабристони”- 26 сентябрь, 2018.

45 йил муқаддам, КПССнинг XXV съездида Сибирь дарёлари сувининг бир қисмини Қозоғистон ва Ўрта Осиёга ташлаш тўғрисида қарор қабул қилинди. “Сибирь дарёларини буриш” номли мазкур лойиҳа, амалга оширилган тақдирда мислсиз экологик фожиага сабаб бўлиши мумкин эди. Унинг бекор қилиниши СССР жамоатчилигининг биринчи “катта ғалабаси” сифатида кўрилади.

Табиатдан марҳамат кутиб туролмаймиз

Сибирь дарёларини жанубга буриш ғояси XIX аср ўрталарида Яков Демченко исмли ўсмирнинг миясида “туғилган”. Жўғрофияга муккасидан кетган йигитча Киев гимназиясининг 7-синфида ўқиётганида-ёқ Обь ва Иртиш сувларининг бир қисмини Орол денгизи ҳавзасига ташлашга доир режа қораламасини ишлаб чиққан эди. Улғайиб, журналист бўлиб етишгач у 1871 йилда “Орол-Каспий пасттекислигини сувга тўйинтириш орқали ушбу минтақадаги мамлакатлар иқлимини яхшилаш” номли брошюрасини чоп эттиради, 1900 йилда эса унинг иккинчи нашрини чиқараркан, ҳукумат ва подшо назарига тушишдан умид қилади. Аммо камсонли тақризчилар Демченко режасини “телбаёна” деб топадилар. Ҳукуматнинг эса бошқа ташвишлари етарли эди. 1912 йилда Демченко вафот этди, лекин унинг ғояси “ўлмади” ва йиллар ўтиб, ўша ҳудудда, аммо бошқа мамлакатда “униб чиқди”. Бу мамлакатнинг ҳар бир фуқароси “табиатдан марҳамат кутиб ўтирмаслик керак”лигини болалигидан биларди.

Узоқ танаффусдан сўнг, 1948 йилда “телбаёна” лойиҳани эслаб қолишди: академик Обручев қурғоқчил Ўрта Осиёни Сибирь сувлари билан “тўйинтириш” имкониятлари ҳақида Сталинга хат ёзди. Аммо Сталин жавоб бермади. “Халқлар доҳийси”нинг бошида бошқа ташвишлари бор эди: совуқ уруш, ядро қуроли синовлари, “Америка таҳдиди”. Дарвоқе, Демченко режасини рўёбга чиқаришга туртки берган ҳам америкаликлар бўлди...

АҚШга тақлид қилиб

1960-йилларда Америка матбуоти “аср қурилиши”га менгзалган бир мегалойиҳани муҳокама қила бошлади: у шимолдаги дарёлар сувини мамлакат ичкарисидаги қуруқ ҳудудларга ва Мексикага йўналтиришни назарда тутарди. Ушбу лойиҳа тасдиқланганида, уни амалга оширишга 30 йил ва 100 млрд доллар пул керак бўлур эди.

Табиийки, 1-рақамли супердавлат мақоми учун АҚШ билан мусобақалашаётган СССР бунга хотиржам қараб тура олмади. Шунда Демченконинг ғояси эсга тушди, унинг рисолачасини топиб, чангини артиб, “аср лойиҳаси”га айлантириш учун илмий-тадқиқот институтларига тутқазишди.

Боз устига Сибирь дарёларига жанубга қайириш учун реал сабаб бор эди: Ўрта Осиёнинг табиий ресурслари поёнлаб борар, пахтага эҳтиёж эса йил сайин ортаётганди. Бир пайтлар тўлиб-тошиб оққан Сирдарё ва Амударё сувлари Оролга деярли етмас, денгиз барчанинг кўз ўнгида улкан намакобли кўлмакка айланиб борарди...

Орол денгизининг сунъий йўлдошдан олинган тасвири.
Орол денгизининг сунъий йўлдошдан олинган тасвири.

Лойиҳанинг ашаддий тарафдорларидан бири Қозоғистон ССР Фанлар академияси раиси Шафиқ Шокин эди. Академик Олмаота ва Москвадаги партия раҳбарларини, агар шимолдаги дарёлар жанубга бурилмаса, яқин йилларда Орол қуриб битиб, чўл шамоллари денгиз тубидаги минглаб тонна тузларни ҳавога кўтариб, юзлаб километр теваракдаги бутун набототни йўқ қилиши, Қозоғистон ҳудуди эса ҳатто яшашга яроқсиз бўлиб қолиши мумкинлигига ишонтира олди. Кучли далил таъсир қилди – 1971 йилда Қозоғистоннинг Қарағанда вилоятига Иртиш дарёсидан 500 чақиримлик канал тортилди. Эни 20 метрли бу канал суви унча кўп бўлмаса-да, Қозоғистоннинг кўмир саноати эҳтиёжларига бемалол етди. Канал атиги 6 йилда қуриб битирилганидан руҳланган “дарёбурарлар” уни Ўрта Осиёни Сибирь сувлари билан суғориш тизимининг муқаддимаси деб қабул қилишди. Бу ёғига ишлар жўнашиб кетди...

1968 йилда КПСС МҚ пленуми (ва шахсан Леонид Брежнев) Госплан, СССР Фанлар академияси ва бошқа ташкилотларга Иртиш, Обь ва Тоболь дарёлари сувларини қайта тақсимлаш бўйича батафсил режа ишлаб чиқишни топширди. Яъни, бу дарёлардан оз-оздан – бошланишига йилига 25 куб километр сув олиб, жанубга ташлаш назарда тутилганди. Канал ва сув омборлари қурилишини тезлаштириш учун керак бўлса атом бомбаларини қўллаш ҳам истисно қилинмади. Орол қуриётгани камдек, Каспий суви ҳам жадал чекина бошлагани маълум бўлгач, олимлар МҚдан шимол сувларини буришни тезлаштиришни илтижо қила бошлашди.

Аммо, атай қилгандек, КПСС XXV съездида ўша оламшумул қарор қабул қилинганидан сўнг, 1977 йилдан бошлаб Каспий саёзлашуви бирдан тўхтади ва кейинги йилларда сув сатҳи тикланди. Олимлар Каспийнинг ўзгарувчан денгизлигини билиб олишди, лекин мегалойиҳани энди тўхтатиб қоладиган куч йўқ эди. Иш аллақачон бутуниттифоқ кўламида бошлаб юборилганди.

“Аср лойиҳаси” билан 48 та лойиҳалаш ва 112 та илмий-тадқиқот институтлари, 32 марказий вазирлик (ва 9 та республика вазирлиги), 32 академик институт шуғулланарди... Саккиз йил мобайнида ёзилган матнлару, ҳисоб-китоб ва илмий тадқиқотлар натижаларининг ўзи 50 жилд бўлди, харита ва чизмалардан 10 та альбом тайёрланди.

“Шимолий” йўналиш ва адоқсиз ҳисоб-китоблар

1976 йилга келиб Сибирь дарёларини қайириш учун техник ҳужжатлари шай қилинди. Олимлар бўлажак канал учун тўртта – иккита шимолий ва иккита жанубий йўналишни ишлаб чиқишди. “Жанубий вариантлар” Обь ва Иртиш қўшилган жойдан Амударё ва Сирдарёга қадар 2500 км узунликда ягона асосий канал қазишни назарда тутарди. “Шимолий лойиҳа” муаллифлари эса Ханти-Мансийск ҳудудида Обь дарёсидан Иртиш этагига қадар, у ердан эса Тоболгача қисқароқ канал қазишни тавсия этишди. Шундан сўнг сув Ғарбий Сибир пасттекислигини Шимолий Оролбўйи билан боғловчи Тўрғай сойи орқали оқиб, катта каналдан Амударё ва Сирдарёга ҳайдалиши керак эди.

Ишнинг энг қийини сувайиргични ёриб ўтиш эди, чунки бунинг учун 6 млн кубометрдан зиёд тупроқни ўйиб олиш керак эди-да. Бошида ишни тезлаштириш мақсадида ядро зарядларини портлатишни режа қилишган эди, лекин ўхшамади. 1971 йили Каспийга Печора дарёсидан сув ҳайдаш лойиҳаси доирасида ими-жимида ер остида учта ядро зарядини портлатишганида “бебош” шамол ядро булутларини Ғарбга ҳайдаб кетиб, Европада ҳаммани оёққа турғизган эди. СССР халқаро жанжални бир амаллаб босди-босди қилдию аммо бирйўла ядро портлатишдан воз кечишга мажбур бўлди.

Обь дарёси. Томск минтақаси, Россия.
Обь дарёси. Томск минтақаси, Россия.

Шунга қарамай “шимолий” вариант барибир арзонроқ ва жозибалироқ туюларди, ахир унда канал узунлиги бир неча юз чақиримга қисқароқ эди-да. Алал-оқибат 1976 йили КПСС XXV съездида худди шу вариант тасдиқланди. Бош лойиҳачи этиб “Союзгипроводхоз” белгиланди, Госпланда буларнинг барини ҳисоб-китоб қилиш учун Давлат эксперт комиссияси тузилди.

Ҳисоб-китоб қилинди ҳам: канал 16 миллиардга тушар экан. СССР давлат бюджети бунча харажатни кўтара олмасди. Қайта ҳисоблашди: энди икки баравар кўп чиқариб беришди! Госпланга энг тежамли вариантларни ҳисобга олиб, қайта-қайта ҳисоблашни амр қилишди – зора арзонроқ йўли топилиб қолса?

1985 йил келди, МҚда учта бош котиб алмашди, Каспий бурунги соҳилларига деярли қайтди ҳамки, Госплан ҳисоб-китобдан бўшамасди. Нимадир қилиш керак эди. Нималиги маълум – тўхтатиш керак эди лойиҳани. Аммо КПСС съезди маъқуллаган ташаббусни маблағ йўқлиги сабабли тўхтатиш... Йўқ, бунга ҳеч кимнинг юраги дов бермасди.

Шунда Горбачёвнинг қайта қуриши ва ошкоралик сиёсати жонларга ора кирди.

Ташқи ва ички кураш

Совет Иттифоқида шимол дарёларини қайириш ғояси мухолифлари керагидан ортиқ эди. Биринчи галда сибирликлар қарши эди бунга. Кўплаб рус зиёлилари, аввало қайта қуриш шарофати билан овози салмоқ касб этган “Литературная газета” ва бир нечта “қалин” журнал атрофида жипслашган ёзувчилар ҳам КПССга терс бўлишди. Матбуотда бирин-кетин ғазабнок мақолалар пайдо бўла бошлади, 1986 йилда эса Сибирь дарёларини буриш қатор адабий нашрларнинг “навбатчи” мавзусига айланди. Ўша йили Москвада ўтган Ёзувчилар союзи съездини ҳазиллашиб “мироблар съезди” деб аташди: съезд минбарига кўтарилган икки адибдан бирининг нутқида “дарёларни буриш” лойиҳаси танқид остига олинганди.

Бир пайтнинг ўзида академик Александр Яшин бошлиқ олимлар (геологлар, биологлар, тупроқшунослар, математиклар) гуруҳи лойиҳа амалга оширилган тақдирда бутун канал бўйлаб ерости сувлари юзага кўтарилишини, дарёлар ҳавзаларида балиқлар қирилиб кетишини, мангу музлик ҳудуди таниб бўлмас қадар ўзгариб кетишини, Шимолий муз океани сувлари шўрланишини, иқлим ўзгаришини ва, ниҳоят, канал бўйлаб Қозоғистон ва Ўрта Осиё ҳудудида сон-саноқсиз ботқоқликлар ва минглаб гектар шўрхок ерлар пайдо бўлишини башорат қилишди. СССР ФАнинг бешта бўлими лойиҳа юзасидан салбий экспертлик хулосалари тайёрлади, ФА Президиумига, Министрлар Советига очиқ хатлар йўлланди, шунингдек матбуот орқали тўғридан-тўғри Горбачёвга мурожаат қилинди.

1986 йил баҳорида Горбачёв Яшин билан учрашиб, унинг далилларини диққат билан эшитишга ваъда берди. Ўша йилнинг 14 августида эса КПСС МҚ Сиёсий бюросининг махсус йиғилишида ишни тўхтатишга қарор қилинди – “...Сибирь дарёларини ўрта Осиё ва Қозоғистонга буриш билан боғлиқ лойиҳани амалга оширишда давом этиш мақсадга мувофиқ эмас деб тан олинган”и муносабати билан.

Ҳанузгача кўпчилик бу воқеани Совет Иттифоқида фуқаролик жамиятининг биринчи ғалабаси, деб билади. Сиртдан қараганда, ростдан ҳам ҳокимият ўз фуқаролари фикрига қулоқ тутгандек кўринарди. Бироқ, айтишларича, аслида ҳақиқий кураш парда ортида – “Госплан” ва мулозимлар даражасида кечган. Республикалар вазирликлари ва пудратчилар лойиҳа амалга оширилиши учун, иқтисодчилар ва МҚ аппаратчилари унинг зиддига кураш олиб борганлар. “Дарёларни буриш” ғоясининг энг қудратли душманларидан бири Алексей Косигин эди, 70-йилларла лойиҳага старт бериш бир неча бор кечиктирилиши айнан унинг хизматларидир.

Нима бўлганида ҳам МҚ енгил тин олди: мамлакат бюджетининг белини букиб қўйиши мумкин бўлган дарди-харина лойиҳани бекор қилиш учун яхши баҳона топилганди. Ва партия гўё “меҳнаткашларнинг хоҳиш-истакларини қабул қилиб” обрўйини сақлагандек кўринди...

Бироқ зиёлиларни бу ғалаба ниҳоятда руҳлантириб юборди: режим, жамоатчилик босими остида илк дафъа ён берган эди. Цензура тўғони ўпирилиб, матбуот энг “муқаддас” нарсалар – партия аппарати ва КПССнинг чексиз ҳокимияти танқид қилинган ўткир мақолаларга тўлиб-тошди. Шу тариқа Сибирь дарёлари ҳокимият ва жамият муносабатларида бурилиш нуқтаси бўлиб хизмат қилди. Натижада, тарихдаги энг буюк ирригация лойиҳасини амалга оширишга чоғланган мамлакат беш йилдан сўнг тарихга дўнди. Дарёлар эса “соғ-омон” қолди.

XS
SM
MD
LG