Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:03

Ўзбекистон камида 5 миллион долларга таъмирдан чиқарган Ўш ўзбек академик театри биноси ишга туширилди (ФОТО)


Ўзбекистон томонидан бир ярим йилдан ортиқ вақт давомида реконструкция ва модернизация қилинган Ўшдаги Бобур номидаги ўзбек давлат академик театри биноси фойдаланишга топширилди.

24 апрель куни бинонинг очилиш маросимида Ўзбекистон маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков, Қирғизистон министрлар кабинети раиси ўринбосари Эдил Байсалов, Қирғизистон маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазири биринчи ўринбосари Қайрат Иманалиев, ТУРКСОЙ ташкилоти бош котиби Султан Раев, маҳаллий расмийлар, Ўзбекистон ҳамда Ўш вилоятининг бошқа туманларидан келган меҳмонлар иштирок этди.

“Бугун Ўш ўрдамиз учун катта байрам. Қирғизистон халқи учун, Ўзбекистон халқи учун, Марказий Осиёда катта воқеа бўлмоқда. Ушбу янги театрни бизга чин юракдан совға қилган қардош Ўзбекистон халқига, ҳурматли Шавкат Миромонович Мирзиёевга, бутун Ўзбекистон ҳукуматига биз - Қирғизистон ҳукумати ҳам, халқи ҳам чин юракдан миннатдорчилик билдирамиз. Рахмат, - деди расмий очилиш маросимида сўзга чиққан Қирғизистон министрлар кабинети раиси ўринбосари Эдил Байсалов.

Бобур номидаги Ўш ўзбек давлат академик драма театрида таъмир ишлари 2021 йилнинг 13 сентябрида бошланган. Марказий Осиёдаги энг кекса театрлардан бири бўлган санъат даргоҳини таъмирлаш учун Ўзбекистон ҳукумати беш миллион доллар ажратган эди. Қайта қуриш ишларини Ўзбекистондаги “ТРЕСТ 12” ҳиссадорлик жамияти бош пудратчи сифатида, 50-қурилиш бошқармасининг икки биргадаси эса субпудратчи сифатида олиб борди.

Ўтган йилнинг куз ойларида Ўш шаҳар мэрияси таъмирлаш ишларининг умумий қиймати 5 миллион долларга баҳоланаётгани, театрда қайта қуриш ишлари, режага мувофиқ, кейинги йил бошларида якунланиши кутилаётганини маълум қилганди.

Ўшанда қурувчилар бошланғич сметалар аниқлангани ва ҳаражат 84 млрд сўм ёки 7,5 миллион доллар деб ҳисоблангани, нарх-навонинг ошиб кетгани сабабли бу маблағ 8 миллион долларга бориши ёки ундан ҳам ошиши мумкинлигини айтишганди.

24 апрель куни ўтган очилиш маросими аввалида театр биноси ташқарисидаги майдонда маҳаллий санъаткорлар томонидан мусиқий дастур намойиш этилди. Шундан сўнг Ўзбекистон ва Қирғизистон расмийлари театрнинг айрим ходимлари, қурилиш ишларида жонбозлик кўрсатган қурувчиларга ўз совғаларини топширишди.

Тадбир сўнгида ўзбекистонлик санъаткорлар ва Бобур театри артистлари ҳамкорликда саҳналаштирган Бобур ҳаётига оид, “Айролик” деб номланган спектаклни намойиш этишди.

Спектаклдан сўнг мезбонлар томонидан Ўзбекистон маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбековга қирғиз миллий қалпоғи, чопон ва қамчи ҳамда Қуръон совға қилинди.

Озодбек Назарбеков бунга жавобан сўзлаган нутқида театр Қирғизистондаги ягона ўзбек театрининг аҳамияти ҳақида тўхталди:

“Қирғизистонни ҳам бошидан яхши-ёмон жуда кўп оғир кунлар ўтди. Лекин ўша оғир кунларда ҳам (актёрлар театрни) ташлаб кетмаган. Бир аҳволда ҳам шу актёрлар ҳар куни келиб, уйидан хонтахта кўтариб келиб, кўрпача кўтариб келиб юриб спектакль қилишди, ушлаб туришди бир неча йил. Буни ҳаммасини гувоҳимиз, биламиз, кўрганмиз, шунинг учун бу ҳамма учун қадрдон театр. Бу ҳамма учун қадрдон театр, қирғиз ҳалқи учун ёки қирғизистонликлар учун, бу ҳаммамиз учун қадрдон театр”, - деди Озодбек Назарбеков.

Шундан сўнг томошабинлар Ўзбекистон маданият ва туризм вазиридан бир қўшиқ ижро этиб беришни сўрашди. Тадбир Назарбековнинг қўшиқ куйлаши ва томошабинларнинг оммавий рақси билан якунланди.


Бобур номидаги ўзбек академик театри 1914 йилда Ўшдаги Рус-тузем мактаби қошида жадидчилар Раҳмонберди Мадазимов ва Болтихожи Султонов раҳбарлигидаги тўгарак сифатида иш бошлаган. 1918 йилда мазкур тўгарак Туркистон Реввоенсовети қошидаги театр труппасига айлантирилган. Маданият масканига 2004 йилда “Академик театр” мақоми берилган.

Ўшдаги Бобур номидаги Ўзбек давлат академик мусиқали драма театри Тошкентда 1913 йилда асос солинган ҳозирги Миллий Академик театрдан кейин Марказий Осиёдаги энг кекса театр ҳисобланади.

Форум

XS
SM
MD
LG