Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:59

Андижон ҳокими хусусий ширкатларни ҳарбий қисмни асфалтлашга мажбурлади


Андижондаги хусусий асфалт ширкатлари вилоят ҳокими уларни Жалақудуқ туманидаги ҳарбий қисмга асфалт етказишга мажбурлаганини айтишмоқда. Ширкат эгаларидан бирининг Озодликка айтишича, вилоят ҳокими уларни 12 сентябр куни тўплаб, ҳар бирига 200 тоннадан асфалтни ҳарбий қисмга жўнатишни тайинлаган, транспорт ҳаражатини ҳам улар зиммасига юклаган. Ҳокимлик мулозими Озодликка, асфалт ширкатларидан ёрдам сўралганининг сабаби вилоятдаги қурилишлар учун бюджетдан ажратиладиган маблағ етмай қолганлигида эканини айтди.​

Андижон вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов вилоятдаги асфалт-бетон ишлаб ишлаб чиқарувчи ҳусусий ширкатлар эгаларини йиғиб, Жалақудуқ туманидаги Жанубий Оламушук ҳудудида жойлашган ҳарбий қисмга асфалт етказиб беришни буюрган.

Бу эса иқтисодий қийинчиликларни бошдан кечираётган хусусий асфалт ширкатлари эгалари норозилигини уйғотган.

Ширкат эгаларидан бири бу ҳақда Озодликка шундай деди:

- Ҳоким 12 сентябр куни мулкчилик шакли хусусий бўлган асфалт заводлари эгаларини тўплаб босим ўтказди. Унинг айтишича, ҳар бир асфалт заводи катта кичиклигига қараб, 200 тоннагача асфалт олиб бориб бериши керак экан. 1 килограмм асфалт 230-240 сўм бўладиган бўлса, бизга бу, етказиб бериш ҳаражати билан, 50 миллион сўмдан кўпроққа тушади. Қаердан оламиз буни, бошимиз қотган, - деди исми сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган асфалт заводи раҳбари.

Андижондаги яна бир асфалт-бетон ширкати эгаси Озодлик билан суҳбатда ҳокимни ҳусусий тадбиркорликни рағбатлантириш ўрнига уни талаш билан шуғулланаётганликда айблади.

- Кўпчилик асфалт ширкатлари касод ёқасига келиб қолган. Маҳсулот ишлаб чиқариш бўлмаяпти. Чунки битум, яъни смола йўқ. Битум эркин савдода йўқ. Ҳоким асфалт талаб қилишдан олдин битум топиб беришга ёрдам берса бўлар эди. Лекин, ҳокимни бу қизиқтирмайди. Ерни тагидан бўлса ҳам асфалт топиб жўнатасан, деяпти. Бола-чақани ризқини қийиб, йил бўйи мисқоллаб топган даромадимиз ҳисобидан ҳоким буйруғини бажаришга мажбурмиз. Акс холда эртага налогчиларни устимизга ҳайдайди, - деди андижонлик тадбиркор.

Озодлик бу юзадан Андижон вилояти ҳокимлига боғланганида матбуот хизмати раҳбари бу ҳақда изоҳ беролмаслигини айтди.

Ҳокимликнинг бошқа бир мулозими Озодликка, асфалт ширкатларидан ёрдам сўралганининг сабаби вилоятдаги қурилишлар учун бюджетдан ажратиладиган маблағ етмай қолганлигида эканини айтди.

- 1500 тоннадан кўпроқ асфалт керак бўляпти. Шунинг учун ҳайрия, ҳашар йўли билан тадбиркорлардан бу ишни қўллаб-қувватлаш сўралди. "Аслбек-файз" ва бошқа ширкатлар ўзлари, ўз ихтиёри билан асфалт етказиб беришни зиммасига олди, - деди Андижон вилояти ҳокимлиги мулозими.

Ўзбекистонда маҳаллий ҳокимларнинг оғзаки буйруқлари билан тадбиркорлардан қурилишларга, турли хил тадбирларга пул ўтказишга ёки қурилиш материаллари етказиб беришга мажбурланииши одатий ҳолга айланган.

Бундан аввал Андижон қатори бошқа вилоятларда ҳам ҳокимликлар ҳусусий ширкатларни "Нуроний масканлари" қурилиши учун 5 миллион сўмдан 10 миллион сўмгача пул ўтказишга мажбурлагани ҳақда Озодлик хабар берган эди.

XS
SM
MD
LG