Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:33

“Автотест” имтиëзи фош қилинган мақолалар маҳаллий матбуотдан олиб ташлаттирилди


Ўзбекистонлик ҳайдовчиларнинг малакасини “Автотест” МЧЖга қарашли курслардагина оширишга йўл очувчи қонун танқид қилинган мақолалар Uza.uz¸ Kun.uz¸ Minbar.uz сайтларидан 7 май куни олиб ташланди. Тилга олинган нашрлар ходимларининг айтишича¸ мақолани олиб ташлаш буйруғи ДХХдан келган.

Айни пайтда “Автотест”га берилган имтиëзлар ҳақида фикр билдирган Мухрим Аъзамхўжаев¸ Хуршид Йўлдошев каби блогерларнинг ижтимоий тармоқлардаги постлари ҳам 7 май куни ўчирилган.

Озодлик суҳбатлашган тошкентлик журналистнинг айтишича¸ сайтлардан олиб ташланган мақолаларда Сенат тасдиқлаган қонун матни ва президент имзолаган матн орасида фарқ борлиги фош қилинган эди.

Minbar.uz сайтида фақат 6 соат умр кўриб, 7 май куни олиб ташлаттирилган мақола «Энди барча ташкилотларнинг ҳайдовчилари мажбурий ўқитилади, лекин парламент маъқуллаган қонун бошқача эди» деган жумла билан бошланади. (Мақоланинг тўлиқ матни Озодликда бор)

Mақолада Олий Мажлис депутатлари томонидан расман қабул қилинган қонун лойиҳаси ими-жимида ўзгартирилган ҳолда президент тарафидан тасдиқлангани фош қилинган эди. "ДХХ дан қўнғироқ қилишиб, мақолани зудлик билан олиб ташлашни буюришди",- дея таъкидланади.

Озодлик билан суҳбатлашган тошкентлик журналистнинг айтишича, Uza.uz ва Kun.uz нашрларидаги “Автотест” га доир мақолалар Хавфсизлик кенгаши мулозимининг талаби ортидан олиб ташланган.

Ўзбекистон ичидаги нашрлардан фақат Gazeta.uz нашридагина “Автотест”нинг монополияси ҳақида 3 май куни чоп қилинган мақола 8 май куни ҳам олинмай турган эди.

“Автотест”монополияси ҳақидаги мақолалар кимни ҳуркитди?

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари 2019 йил 6 февралда маъқуллаган қонун асосида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартишлар малака ошириш сертификатига эга бўлмаган ҳайдовчиларга жарима қўллашни назарда тутади.

Жорий йилнинг 28 февралида сенаторлар тасдиқлаган қонун лойиҳасида ҳам малака ошириш сертификати барча юридик шахсларга эмас, балки фақат йўловчи ва юк ташиш билан шуғулланадиган ҳайдовчиларга тааллуқли экани белгиланган.

Аммо 2019 йил 3 майда президент имзолаган ва матбуотда эълон қилинган қонуннинг расмий матнида малака ошириш сертификати яна барча юридик шахсларга тааллуқли эканини кўриш мумкин.

Озодлик суҳбатлашган тошкентлик журналистнинг айтишича¸ Сенат тасдиқлаган қонун матни ва президент имзолаган матн орасида фарқ бор.

- Депутат ва сенаторлар маъқуллаган қонун лойиҳасида ҳар икки йилда малака ошириш барча юридик шахс ҳайдовчиларига эмас, фақат йўловчи ва юк ташиш билан шуғулланадиган юридик шахсларнинг ҳайдовчиларига мажбурий бўлиши белгиланган. Президент 3 май куни имзолаган қонунда эса барча ташкилотларнинг ҳайдовчилари мажбурий ўқитилиши айтилади¸ - дейди суҳбатдош.

Унинг таъкидича «Сенат аввал қабул қилинганидан анча фарқли қонунни маъқуллагани ортида яна ўша “Автотест”нинг “қулоғи” кўринмоқда»

- Энди фақат йўловчи ва юк ташиш билан шуғулланадиган юридик шахсларнинг ҳайдовчилари эмас, барча юридик шахсларнинг ҳайдовчилари ҳар 2 йилда “Автотест”да малака ошириши керак. Сертификати бўлмаган ҳайдовчилар ЭКИҲнинг бир баравари (тахминан 202 минг сўм) миқдорида жарима тўлайди. Энди барча ташкилотларнинг ҳайдовчилари мажбурий ўқитилади, лекин парламент маъқуллаган қонун бошқача эди¸ - деди суҳбатдош.

Тошкентлик журналист назарида “Автотест”нинг монополияси расман бекор қилинган бўлса-да, амалда ҳали ҳам вазият ўзгаришсиз қолмоқда.

Ўзини "Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутати ëрдамчиси", деб таништирган ва исми айтилмаслигини сўраган мулозим Озодлик билан суҳбатда “Автотест” монополияси ҳақидаги мақолалар кимни ва нега қўрқитгани тўғрисида фикр юритар экан, деди:

- Қандай қилиб Олий Мажлис китобча шаклида чоп этган қонун матни президент имзолаган қонун матнидан фарқли бўлиши мумкин? Демак кимдир ўз манфаати йўлида қонун лойиҳасини ўзгартириб президентга тақдим қилган. Бу аслида жиноят. Буни фош бўлишидан қўрққан одам, албатта, «Автотест»га яқин одамдир.

Интернетдаги қатор нашрлар¸ чунончи kommersant.uzнинг ëзишича¸ "Аvtotest-Report" МЧЖнинг муассиси Давлат солиқ қўмитасининг, кейинчалик шахсан президентнинг эндиликда собиқ матбуот котиби, айни пайтда эса президент маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари мақомида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигини бошқараётган Комил Алламжоновдир.

“Автотест”га берилган имтиëзлар ҳақидаги мақолалар маҳаллий матбуотдан олиб ташлангани ва Сенат маъқуллаган қонун матни ва президент имзолаган матн орасидаги фарқ борасида изоҳ сўраб, Озодлик Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигини бошқараётган Комил Алламжоновга мактуб ëзди.

Алламжоновдан “тез орада жавоб беришга харакат қиламан” деган жавоб келди. Лекин мақола битгунига қадар ваъда қилинган жавоб келмади.

Ўтган йили Ўзбекистон парламенти депутатлари "Аvtotest-Report" МЧЖ монополиясига қарши чиқиб, юридик шахслар автомобиллари учун айнан ушбу фирмадан мажбурий сертификат олиши борасидаги ҳукумат қарорига қарши чиққанди.

Февраль ойи бошида депутатлар ушбу қарорни қайта кўриб чиқиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига сўров жўнатган эди.

Озодлик "Автотест" билан боғлиқ мавзуни бир неча бор кўтарган.

-

XS
SM
MD
LG