Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:00

Бобомурод Абдуллаевга қийноқ қўлланилганини экспертиза тасдиқламади


Ўзбекистонда давлат тўнтаришига уринишда айбланаётган журналист Бобомурод Абдуллаевга МХХнинг Тошкентдаги ҳибсхонаси ("Гвардейский") да қийноқ қўлланилганини суд томонидан тайинланган экспертиза тасдиқламаган.

Бу ҳақда 15 март куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида журналистлар Бобомурод Абдуллаев ва Ҳаёт Насриддинов ҳамда икки тадбиркор Равшан Салаев ҳамда Шавкатжон Оллоёровлар устидан маҳкамада ҳакам Зафар Нурматов маълум қилган.

Ҳакам Зафар Нурматов 15 март кунги суд мажлисида Бобомурод Абдуллаев ишида қийноқлар бўйича комплекс суд-тиббий экспертизаси ўтказилгани, экспертиза Абдуллаевга қийноқ қўлланилгани ҳақидаги иддаоларни тасдиқламаганини айтган.

Нурматовга кўра, комплекс экспертиза Абдуллаевни аввалдан касали бўлгани ва шу касали уни безовта қилаётган бўлишини кўрсатган.

3 март куни журналист Бобомурод Абдуллаев билан учрашган унинг адвокати Сергей Майоров ҳибсхонада ўз мижозига қийноқлар қўлланилган бўлишини айтганди.

Бир кун ўтиб Тошкент шаҳар судида ўтказилган маҳкамада Абдуллаев баданида қийноқ белгиларини суд ҳайъатига кўрсатганидан сўнг ҳакам Зафар Нурматов суд-тиббий экспертизаси ўтказишни тайинлаган эди.

15 март кунги маҳкамани "Эзгулик" инсон ҳуқуқлари ташкилоти фаоли Абдураҳмон Ташанов кузатди.

Ташановга кўра, ҳакам айблов хулосасини ўқиб эшиттирган.

- Айблов хулосасида тўрттала судланувчи давлат тўнтаришига уриниш, давлат раҳбариятини обрўсизлантиришга ҳаракат, конституциявий тузумни куч билан издан чиқариш, қуролли тўнтаришга уриниш, давлат амалдорлари шахсияти ва оилаларини обрўсизлантириш ва ҳоказоларда айбланади. Бобомурод Абдуллаев 2003-2005 йилларда Усмон Ҳақназар тахаллуси билан мақолалар ёзганини тан олди. Абдуллаев тергов жараёнида қийноққа солингани ва кўрсатмалар қийноқ остида олингани, сентябрь ойида уйи олдидан ўғирлаб кетилганини айтди. Ҳибсга олишганида қаердаман, деса "Салимбойнинг подвалидасан", деб айтишган. Икки кундан сўнг тергов изоляторига олиб боришгани, Пўлат Бобожонов (Ички ишлар вазири - таҳр.) ва Ихтиёр Абдуллаевга (ДХХ раиси - таҳр.) қарши кўрсатма беришга мажбур қилишганини айтди, - деди Ташанов.

Журналист Бобомурод Абдуллаев¸ блогер Ҳаëт Насриддинов¸ тадбиркорлар Равшан Салаев ва Шавкат Оллоëровлар Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 159-моддаси (Конституциявий тузумга тажовуз) бўйича айбланмоқда.

Ўтган йилнинг 27 сентябрида МХХ томонидан ҳибсга олинган Бобомурод Абдуллаев 2011 йилдан "Усмон Ҳақназаров" имзоси остида "амалдаги тузумни ўзгартиришга чақирувчи" мақолалар чоп этиш ва Ўзбекистонда "инқилоб қилиш"га уринишда гумонланмоқда.

Бобомурод Абдуллаевга алоқадор иш юзасидан 2017 йилнинг тахминан 20 октябрь куни қўлга олинган иқтисодчи Ҳаёт Насриддинов ва Абдуллоҳ Нусрат тахаллуси остида Интернетда эълон қилган мақолалари ортидан 2016 йилнинг 22 июлида қамоққа олинган Акром Маликов ҳам тергов қилинган.

2018 йилнинг 31 январида ҳибсда қолаётган Ҳаёт Насриддинов Андрей Сахаров номидаги "Мардлик учун" халқаро мукофотига сазовор бўлган.

12та халқаро ташкилот Ўзбекистон ҳукуматидан Бобомурод Абдуллаев, Ҳаёт Насриддинов ва Акром Маликовни озод этишни талаб қилган эди

XS
SM
MD
LG