Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:31

ДХХ раиси мухолифатни мамлакатга таҳдид солувчи омиллар қаторида тилга олди


Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати раиси Ихтиёр Абдуллаев.
Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати раиси Ихтиёр Абдуллаев.

Олий Мажлис Сенатининг ўн тўртинчи ялпи мажлисида иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати раиси Ихтиёр Абдуллаев “Ўзбекистон Республикасининг Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида”ги қонуни юзасидан ўз фикрларини билдиргани тўғрисида ЎзА ахборот агентлиги хабар қилди.

Агентликка кўра, Ихтиёр Абдуллаев мамлакат хавфсизлигига таҳдид солаётган омиллар ҳақида ҳам гапирган.

Айрим беқарор қўшнилар, қайтаётган жангарилар ҳақида:

“Айрим бизга яқин бўлган давлатлардаги беқарорлик, террорчилик ҳаракатларнинг фаоллашгани, жангарилар сафида бўлган ҳамюртларимизнинг қайтиб келиши, қўшни давлатлар билан чегараларнинг очилгани туфайли кириб келаётган одамлар кўпайгани, улар орасида ёмон ниятли кимсалар ҳам учраётгани, улар билан диний экстремистик руҳдаги адабиётларнинг кириб келаётгани маълум хавфлар ҳамон мавжудлигини кўрсатмоқда. Эътиқод эркинлигини айримлар нотўғри тушуниб, турли оқимларга киришга ҳаракат қилаётганида намоён бўлмоқда”.

Мухолифат ҳақида:

“Ўзини мухолифат санаб юрган айрим кучларнинг фаоллашуви, фаолиятларини қонунийлаштиришга интилаётгани замирида мамлакатга кириб, ундаги барқарорликни издан чиқаришга қаратилган ҳаракат мавжуд”.

Экстремистлар таъсирига тушаётган муҳожирлар ва хавфли инвестициялар ҳақида:

"Ўзбекистоннинг бошқа давлатлар ҳудудида меҳнат қилаётган фуқаролари кўп ҳолларда турли экстремистик оқимлар таъсирига тушаётгани хавфли ҳолатлардан бири. Хорижий давлатлардан кириб келаётган инсвестицияларнинг барчасини ҳам фойдали, деб бўлмайди. Буларнинг ҳеч бири эътиборимиздан четда қолмаслиги керак".

ДХХ нинг вазифалари тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати раиси Ихтиёр Абдуллаев Олий Мажлис Сенатининг ўн тўртинчи ялпи мажлисида қилган чиқишида ўзи бошқараётган идоранинг вазифалари тўғрисида бундай деди:

“Қонун асосида хизмат ходимлари мамлакатимиз конституциявий тузуми ҳудудий яхлитлиги, бошқарув тизимидаги давлат хавфсизлигига таҳдид солувчи коррупциявий ҳолатларга қарши курашади. Юқори лавозимдаги шахслар, уюшган жиноий гуруҳларнинг коррупциявий ҳаракатлари, ноқонуний давлат харидлари, тизимли коррeпуцион жиноятларга барҳам бериш, уларнинг олдини олиш борасида изчил фаолият юритади”.

29 март кунги мажлисида Олий Мажлис Сенати “Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида”ги қонунни қабул қилди.

Бу қонун президент Шавкат Мирзиёевнинг 14 март кунги “Ўзбекистон Республикасининг давлат хавфсизлиги тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ ишлаб чиқилган.

Қонунда Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузуми, суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва манфаатларини ташқи ва ички таҳдидлардан ҳимоя қилувчи махсус ваколатли орган этиб белгиланди.

Қонунга мувофиқ¸ давлат чегараларини қўриқлаш¸ разведка ва контразведка учун масъул ДХХга “терроризм, экстремизм, уюшган жиноятчиликка, қурол-яроғ, гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласига қарши курашиш; давлат манфаатлари ва хавфсизлигига таҳдид солувчи миллий, ирқий ва диний адоватни тарғиб этишга қаратилган бузғунчилик фаолиятининг олдини олиш, уни аниқлаш ва унга барҳам бериш бўйича фаолият олиб бориш¸” ваколати ҳам берилди.

Янги қонунда ДХХга давлат идоралари¸ жамоатчилик ташкилотлари ва тадбиркорлик фаолиятига аралашиш ваколати берилмаган.

Айни пайтда¸ қонунда ДХХ ҳузурида давлат хавфсизлиги билан шуғулланувчи тизимлар устидан жамоатчилик назорати ўрнатувчи маслаҳат кенгаши тузиш кўзда тутилади.

Мазкур қонун президент имзолаган кундан бошлаб¸ кучга киради.

XS
SM
MD
LG