Линклар

Шошилинч хабар
26 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:31

ИШИДда бўлган ўзбек жангари хотини ва 4 боласини қутқаришда ёрдам сўрамоқда (ВИДЕО)


Ўзбекистонлик болакай Суриядаги жангарилар қамоқхонасига қандай тушиб қолди?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:27 0:00

Ўзбекистонлик болакай Суриядаги жангарилар қамоқхонасига қандай тушиб қолди?

Суриянинг шимоли-ғарбидаги Мари шаҳрида 5 ярим ой муқаддам очилган "Экстремизмга қарши кураш маркази"да 4 нафар ёш боласи бор бир ўзбекистонлик оила сақланмоқда.

Марказда “Ислом давлати” (ИД) экстремистик гуруҳи сафида бўлганлар, гуруҳ назоратидаги ҳудудларда бўлганлар ва уларнинг аёллари, болалар реабилитациядан ўтади.

Аммо, ундан сўнг уларни нима кутмоқда – бу ҳозирча номаълум.

“Болаларимизга ёрдам беринг!”

Шу кунларда Озодликка ўзини 4 фарзанднинг онасиман, деб таништирган ўзбекистонлик аёл ижтимоий тармоқлар орқали боғланди.

Исмини сир сақлашни сўраган 30 яшар аёлнинг иддао қилишича, у ва унинг 36 яшар турмуш ўртоғи қарийб 2 йил муқаддам ИД сафидан қочиб чиқиб, Сурия ҳукуматига мухолиф бўлган Сурия озодлиги армияси (СОА) назорати остидаги марказга келтирилган.

“Биз адашиб, ДАИШга (ИД-таҳр.) тушиб қолганмиз. 2016 йил декабрда қочиб чиқаётганимизда буларнинг (СОА – таҳр.) қўлига тушдик. Шундан бери ёш болаларимиз билан қамалиб ўтирибмиз. Яшаётган жойларимиз чодир, зах, болаларимиз учун қишда совуқ бўлди. Илтимос, болаларимизни бу аҳволдан қутқаришда ёрдам беринг”, деб даъво қилди ўзбекистонлик аёл.

Энг каттаси 9, кичиги 1 яшар фарзандлари, аёлнинг иддао қилишича, марказда сақланаётган катта ёшдаги тутқунлар билан бир хил шароитда қолмоқда.

Айни пайтда бу аёл қўлида уларнинг шахсини тасдиқловчи бирор ҳужжати йўқлигини билдирди.

ИШИД жангарилари реабилитацияси

Экстремизмга қарши кураш маркази Бош директори, суриялик журналист Ҳусайн Носир, Озодлик билан суҳбатда, марказда 4 ёш боласи бўлган ўзбекистонлик оила сақланаётганини тасдиқлади.

“Бир эркак ўзбекистонлик, унинг аёли ва 4 боласи ўзбекистонлик. Бундан ташқари, туркманистонлик бир оила ҳам бор”, деди Ҳусайн Носир.

Ўтган йилнинг октябрь ойида очилган реабилитация марказида аввалига 100 га яқин тутқун сақланаётганди. Уларни реабилитация қилиш - ИШИД ғояларидан қайтариш учун экспертлар гуруҳи – диншунослар, психолог, социолог ва юристлар ишлаётгани билдирилганди. Ҳозирга келиб, булардан фақат 24 нафар хорижлик тутқун қолган.

Бу марказнинг очилгани ҳақида қатор ғарб агентликлари, хусусан, CNN хабар қилган эди.

ИШИДчиларнинг “ёлғон ҳикоялари”

Марказдаги тутқунлар бир неча тоифага – ашаддий экстремист жангарилар, бу ғоядан қайтган ва таслим бўлган жангарилар, куч билан ёки алдов йўли билан ИШИДга қўшилиб қолганлар тоифасига ажратилади.

Хусусан, ўзбекистонлик оила бевосита жанг ҳаракатлари бўлган ҳудуддан чиққан ва ўзлари таслим бўлган тутқунлар сафида сақланаётгани айтилди.

Марказ раҳбарияти тутқунлар, аввалига, ўз ҳикоялари ва улар билан экспертлар қурган суҳбатлар асосида тоифаларга ажратилишини билдирди.

Марказ СОАга қарашли қамоқхона базасида ташкил қилинган ва раҳбарияти муассаса қамоқхона тартибида қўриқланишини билдирди.

Ҳусайн Носир борадиган жойи бўлмаган жангарилар​нинг кўпчилиги жуда хавфли жиноятчи экани, ИШИД назоратидан озод қилинган ҳудудларда қўлга олинган ўта радикал, террорчи хорижлик жангарилар тақдири ҳал қилиниши зарур бўлган жиддий муаммо эканини алоҳида таъкидлади.

Аммо, айни пайтда, Маридаги марказни ташкил қилган СОАнинг ўзи Сурия ҳудудида бирор қонуний статусга эга бўлмаган, Сурия ҳукумати томонидан террорчи ташкилот сифатида кўрилаётган гуруҳдир.

Бошпанасиз қолган жангарилар

Ҳусайн Носирга кўра, марказдаги тутқунлар, шу жумладан, ўзбекистонлик оила юртига қайтишдан қўрқаётир. ​Аммо, агар ушбу марказ экспертлар гуруҳи уларни хавфсиз, деб топган тақдирда Сурияда қолиши ёки фақат юртига қайтарилиши мумкин.

​Бунга қадар Норвегиядаги Қочқинларга ёрдам ташкилоти - The Norwegian Refugee Council (NRC) вакили Ироқнинг Мосул шаҳри жанубидаги шу каби яна бир марказда ҳам ўзбекистонлик 16тага яқин оила сақланаётганини маълум қилган эди.

Ташкилот вакили Мелани Мархам марказдаги оилаларнинг баъзиларида 1-2, баъзиларида эса 5-6 тагача бола борлигини, уларнинг шахсини аниқлаш жараёни бораётганини билдирган.

ИШИДдан қутулган жангари иддаоси

Озодлик марказда сақланаётган ўзбекистонлик оила бошлиғи - 36 яшар ўзбекистонлик собиқ жангари билан ҳам суҳбатлашди.

Ўзини икки мутахассислиги бўлган олий маълумотли программист, иқтисодчи, деб таништирган бу йигит ИШИД сафига одам тужжорларининг алдови билан тушиб қолганини иддао қилди.

Унинг даъво қилишича, Ўзбекистонда бошлаган тижорат иши юришмагач, аввал Қозоғистон ва Россияга ишлашга борган, кейинчалик 2015 йилнинг қишида Туркияга бориб, унга иш топишга ёрдам берган ҳамшаҳарлари кўмаги билан оиласини ҳам Истанбулга олиб борган.

“2015 йилнинг ёзида бизга зайтунзорда оила бўлиб ишлайсизлар, деб айтиб, аслида Сурияга ДАИШга 3 минг долларга сотиб юборишган. Ким сотганини, уларнинг Ўзбекистондаги шерикларининг ҳаммасини танийман. Энг бошидан уларга ишониб ўзим адашдим, жазоимни тортишга тайёрман. Аммо, хотиним ва болаларимни қутқаришда ёрдам беринг, бу уруш ҳудудидан чиқишига ёрдам беринг”, деб даъво қилади Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда бу жангари.

Унинг иддаосича, 2015 йилнинг июлидан 2016 йилнинг декабригача у оиласи билан 4 марта қочишга уринган, аммо қочолмаган.

“ДАИШдагилар кўзимнинг олдида ўзбекларни ўзига қўшиб, хотинини ҳам отиб ташлаган неча марта. Болаларини араб, озар жангариларга тарқатворишган. Мен ДАИШдан хотиним ва болаларимни қутқариш учун 2016 йилнинг декабрида Талфардан шу Сурия озодлиги армиясининг ҳудудигача ҳижобда келиб, буларга таслим бўлдим. 5 яшар ўғлимнинг қочганда, оёқ кийими тушиб қолган экан, кўрмабмиз ҳам, бечора туни билан ялангоёқ юрган совуқда. Онаси кичик қизимни кўтарган, мен эса қорнимдан 3 та ўқ еганман, ҳеч нарса кўтара олмайман. Болаларим менинг дастимдан нима кунларни кўрди”, деди 36 яшар ўзбекистонлик.

Мирзиёев Ироқ ва Суриядан қайтаётганлар ҳақида

2014 йилда “Ислом давлати” экстремист гуруҳи Сурия ва Ироқда ҳалифалик ўрнатганини даъво қилганидан бери бу ҳудуддаги уруш ҳаракатларида қатнашган ва кейинги йиллар ичида қайтарилган Ўзбекистон фуқаролари сонига оид расмий рақамлар Озодликда йўқ.

Озодликнинг бу борада маълумот сўраб, Ўзбекистон ИИВ ва бошқа ҳуқуқ-тартибот идораларига қилган мурожаатлари ҳозирча жавобсиз қолмоқда.

Аммо, ўтган йилнинг 15 ноябрида жиноятчиликка қарши кураш мавзуида видеселектор ўтказган президент Шавкат Мирзиёев, Озодликка маълум бўлишича, илк бор Сурия ва Ироқдан қайтаётган радикал кайфиятдаги Ўзбекистон ватандошлари масаласига тўхталган эди.

"Ироқдан қаерга кетади улар? Мана Америкага бориб, террорист бўлди бизнинг Ўзбекистон фуқароси. Бошқа жойларда бўлаяпти мана. Шунча масжидларни нима учун қилаяпмиз? Масжидга бориб ибодат қилганнинг дунёқараши ўзгариши керак... Биронта бегона одам, биронта боламиз қаерда юргани, четда нимага юрибди? Уни мана Америкага 2010 йил кўчиб кетганди, ота-онаси Ўзбекистонда-ку?! Қаёққа қараяпмиз?!" деган матндан чиқиб гапирган президент.

Мирзиёевнинг сўзларидан у 31 октябрь куни Нью-Йорк шаҳрида юк машинаси билан йўловчиларни бостирган 29 яшар ўзбекистонлик Сайфулло Соипов​ни назарда тутганини тушуниш мумкин.

Ўзбекистонда назорат кучайган...

"Ислом давлати" экстремистик гуруҳи дунёнинг аксар давлатлари, хусусан Марказий Осиё ва Россияда ҳам террор ташкилоти сифатида тақиқланган. Шу боис, Сурия ва Ироқдан қайтаётган радикал кайфиятдаги шахсларни Ўзбекистонда узоқ муддатлик қамоқ жазолари кутмоқда.

Жумладан, 2 апрель куни Kun.uz нашри берган хабарда айтилишича, Жиноий ишлар бўйича Наманган вилоят суди 8 наманганликни одам ёллаш ва Суриядаги террорчи гуруҳлар сафида жангларда иштирок этганликда айблаб, 6 йилдан 14 йилгача қамоққа ҳукм қилган.

Шу йилнинг февраль ойида Тошкент вилоят Оққўрғон туман жиноят ишлари бўйича суди Ўзбекистон ватандоши Аҳрор Қосимовни “Ислом давлати” гуруҳига одам ёллашда айбдор деб топиб, 10 йилга қамади. Айбловда айтилишича, бу шахс Туркияда туриб, ёлланган жангариларни Сурияга олиб ўтиш билан шуғулланган.

Шунингдек, шу йилнинг январь ойида Самарқанд вилоят жиноят ишлари бўйича суди самрақандлик Асқар Йўлдошевни “Ислом давлати” ғояларини тарғиб қилишда айблаб, 8 йилга қамагани хабар қилинган.

Бундай хабарларни кейинги пайтларда маҳаллий расмий ва норасмий матбуот бот-бот ўқиш мумкин бўлмоқда.

"Даракчи" газетасида чоп қилинган мақола.
"Даракчи" газетасида чоп қилинган мақола.

Аммо, шу кунга қадар Сурия ва Ироқ ҳудудида бўлган ва Ўзбекистонга қайтгач, ҳибсга олинган, қамалган ёки оқланган фуқаролар аниқ сонига оид расмий маълумотлар Озодликка маълум эмас.

...қўшнилардачи?

Қўшни Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон ҳукуматлари ортга қайтган ёки қайтарилган фуқароларга чора кўриш, хусусан, уларнинг аёллари ва болаларини реабилитация қилиш учун ҳукумат миқёсида чора кўрилаётгани ҳақида расмий баёнот бериб келаётгани маълум.

Жумладан, ўтган йилнинг 12 декабрь куни Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси ўринбосари Нургали Билисбеков парламент йиғилишида қилган чиқишида бу масалани кўтарган, хусусан, Сурия ва Ироқда қозоғистонлик 390 бола (214 ўғил бола, 176 қиз бола) борлиги аниқланганини маълум қилганди.

“Шубҳасиз, бизнинг олдимизда бу болаларни реабилитация қилиш учун қилиниши керак бўлган катта иш турибди”, деган эди Билисбеков.

Шунингдек, Қозоғистон ҳукумати расмийсининг айтишича, кейинги бир неча йил ичида бу ҳудудда бўлган 63 бола ортга қайтарилган.

Сурия ва Ироқдаги ўзбекистонликлар

Айни пайтда Сурия ва Ироқ ҳудудида қолаётган ёки 2011 йил – Сурияда фуқаролик уруши бошланганидан сўнг бу давлатга, кейинроқ Ироққа борган ўзбекистонликларнинг аниқ сони Озодликка маълум эмас.

АҚШдаги Soufan Group тахминича, 2016 йилнинг майига қадар Ироқ ва Сурияга камида 1 ярим минг ўзбекистонлик борган, Марказий Осиёдан борганлар сони эса 4 минг 200 кишидир.

Мазкур гуруҳнинг 2017 йил 27 октябрда эълон қилган сўнгги ҳисоботига кўра, “Ислом давлати” Сурия ва Ироқда чекинганидан кейин, 33 давлатнинг 5,6 минг фуқароси ўз ватанига қайтган, булардан 500 нафари Марказий Осиё давлатларидандир.

Гуруҳ ҳисоб-китобича, 2015 йилнинг декабрига қадар Сурия ва Ироқда “Ислом давлати” сафларида 86 давлат фуқароси жанг қилган, уларнинг сони 27-31 минг киши атрофида бўлган.

2017 йилнинг июль ойида Туркия ҳуқуқ-тартибот идоралари Сурияга ўтишга уринган ёки ўтиш ниятида бўлган жами 54 мингга яқин хорижлик рўйхатга олингани, булар дунёнинг 143 давлатидан борган шахслар эканини маълум қилган.

Soufan Group ўз ҳисоботларида қайтарилган ёки яширинча қайтаётганлар кейинчалик жаҳон давлатлари махсус хизматлари ва ҳуқуқ-тартибот органлари учун катта муаммо бўлиши мумкинлигини қайд этиб келади.

XS
SM
MD
LG