Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:36

Ўзбекистон бозорларида картошка 1 ойда 3 баробарга қимматлаб кетди


Шўрчи тумани бозорида харидорлар картошка учун навбатда турибди. Озодликка 27 февралда етиб келган сурат.
Шўрчи тумани бозорида харидорлар картошка учун навбатда турибди. Озодликка 27 февралда етиб келган сурат.

Сурхондарëнинг Шўрчи туманида картошкага навбат юзага келгани ҳақида ўша ердаги мобил мухбиримиз хабар берди. Мавзуни ўрганиш чоғида Ўзбекистоннинг бошқа туманларида ҳам картошка нархи сўнгги бир ой ичида 200 фоизга қимматлагани аëн бўлди. Озодлик суҳбатлашган картошка импортерининг айтишича¸ республика озоқ-овқат заҳирасига етарли миқдорда картошка йиғилмагани бунга асосий сабабдир.

Сўнгги кунларда Ўзбекистоннинг айрим ҳудудлари бозорларида картошка нархи ўртача уч бараварга қимматлади. Тошкентнинг Фарҳод бозорида сабзавот сотадиган ва ўзини Равшанбек деб таништирган йигитнинг Озодликка айтишича, бундан бир ой аввал ҳар килоси 1000 сўмдан сотилган маҳаллий картошка 2800 сўмга чиққан.

- Супермаркетларда эса картошка нархи 3000 сўмга чиқди. Лекин Чорсу бозорида Қозоғистон¸ Белорусия ва Россиядан келтирилган картошкаларни арзонроқ олса бўлади. Лекин картошка тортилиб қолди бозорда¸ деган Равшанбекнинг назарида бу мавсумий ҳолатдир.

Камбағални урма сўкма картошка нархини ошир

Ўзбекистонлик блоггер Клара Шодмонованинг Озодлик мухбирига ëзишича, картошка қимматлагани - камбағаллар учун фожеа:

- Одамларнинг қозони ойлаб гўшт кўрмайди. Уларга энди картошкани ҳам қиммат сотишмоқда. Картошка - камбағаллар овқати. У нон ва гўшт ўрнини боса олади¸ дея таъкидлаган Шодмонова картошка нархи давлат назоратида бўлиши зарурлигини ëзади.

Ўзбекистонга чет элдан картошка импорт қиладиган логистик ширкат вакилининг Озодлик билан суҳбатда таъкидлашича¸ бозор мувозанатини ушлаб туриш учун давлат заҳирасида туриши керак бўлган картошка тугаган:

- Вақтида етарли ғамланмаган. Шу кунларда, масалан, картошкани минтақадаги мамлакатлардан тезда келтириб бозорни мувозанат қилиш ҳақида ҳам ўйлашмаяпти. Бир ой ичида картошканинг бу қадар қимматлагани жиддий муаммо¸ дейди суҳбатдош.

Ўзбекистон нега картошка жаннати бўла олмади?

Бундан атиги уч йил олдин Ўзбекистон матбуоти мамлакатнинг "картошка мустақиллигига эга бўлгани" ҳақида ëзган эди. Ҳатто баъзи нашрлар Ўзбекистон картошка экспорт қиладиган мамлакатга айланиши ҳақида "башорат" қилган эди. Аммо бугунга келиб бу гаплар иддао даражасида қолгани кузатилмоқда.

Ўзбекистонлик собиқ мулозим Анвармирзо Ҳусаинов бунинг сабабини эски ҳукуматнинг "ҳамма нарсани ўзимиз етиштирамиз", деган шиори чиппакка чиққани билан изоҳлади:

- Ўзбекистон ҳукумати 2020 йилда картошка етиштириш ҳажмларини 35 фоизга ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш режалаштирилган бўлса ҳам, бу хато стратегия. Ҳамма нарсани ўзимииз етиштирамиз, деган эски ғоядан воз кечиш керак. Ўзбекистоннинг қуруқ ҳавосида картошка яхши етишмайди. Бу иссиқ вақ қуруқ ҳаводан қўрқадиган ўсимликдир. Унга доимий намлик керак. Ўзбекистонда ҳар йили 1.5-2 миллион тонна картошка машаққат эвазига етиштирилади. Шу картошкани Белорусиядан олиб келиш мантиқли ва арзон бўлар эди¸ дейди собиқ мулозим.

Суҳбатдошга кўра¸ мамлакатнинг тўртта тоғ ҳудудида элит навдаги картошкани етиштириш учун фермер хўжаликларини ташкил этиш режалаштирилган бўлса ҳам бу режа ҳануз амалга ошмаган. Ҳосилнинг кўпи турли касалликлар боис нобуд бўлган.

Айни масалага расмийлар муносабатини олиш учун Ўзбекистон сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий тадқиқот институтига телефон қилдик.

Трубкани олган соҳа мутахассиси деҳқонлар улар тавсия қилган агротехника қоидаларига риоя қилмаслиги ва уруғлик картошка ноқонуний йўллар билан олиб келиниши боис касалликлар урчиганини айтиш билан кифояланди.

Илмий тадқиқот институти мутахассиси бозордаги картошка нархи ошиши учун жавоб бера олмаслигини писанда қилди.

Тошкент шаҳар ҳокимиятига яқин манбанинг айтишича¸ шаҳар ҳокимияти нарх-навони тушириш учун чора-тадбирлар кўрмоқда.

Суҳбатдошга кўра¸ ярмаркалар ташкил қилингани ва бошқа тушунтириш ишлари боис Тошкент бозорларида картошка учун навбат йўқ.

XS
SM
MD
LG