Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:59

Ҳокимлар ва вазирлар маориф ва тиббиёт ходимларини мажбурий меҳнатга жалб этмасликка ваъда берди


Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев (суратда) мажбурий меҳнатга барҳам беришни ваъда қилган ҳокимлардан бири.
Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев (суратда) мажбурий меҳнатга барҳам беришни ваъда қилган ҳокимлардан бири.

17 апрель куни Вазирлар Маҳкамасида бош вазир Абдулла Арипов раислигида йиғилиш бўлиб ўтди. Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бошланган мажбурий меҳнатга қарши кампания доирасида ўтказилган йиғилишда бош вазир бу борада содир этилган қонунбузарликлар ҳақида айтиб ўтди.

Бош вазир содиқлигини кўрсатиш учун бюджет ташкилотлари ходимларини мажбуран ишлатаётган раҳбарларни қаттиқ қоралади.

Йиғилишда бир неча вилоят ҳокими ҳамда икки вазир мажбурий меҳнатга йўл қўйганини тан олди ва бундай тутум қайтарилмаслигига ваъда берди.

Қуйида Бухоро, Фарғона, Қашқадарё вилоят ҳокимлари ҳамда Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш вазирларининг айтганларини келтирамиз. Материал kun.uz, xabar.uz сайтлари асосида тайёрланди.

Бухоро вилоят ҳокими Ўктам Барноев:

«Президентимизнинг Сирдарёда гапирган барча гапларини яхшилаб эшитдик. Бу гаплардан кейин вилоятдаги раҳбарлар, туманлар ва шаҳарлар ҳокимлари билан қатъий келишиб олдик, бундан кейин ҳеч кимни мажбурий меҳнатга жалб қилмаймиз.

Президентимизнинг сиёсати бундай йўналишда бўлганидан кейин бу масалаларга жиддий қараяпмиз.

Тўғрисини айтиш керак, олдинги сиёсатда пахтага олиб чиқмаса, ишдан олардик. Энди вазият бошқа. Лекин ҳали буни кўпчилик тушуниб етмаяпти. Президентимизнинг охирги гапларидан кейин кўпчиликка етиб борган деб ўйлайман. Ҳамманинг масъулияти ўзида. Бундан кейин вазиятни тузатиш учун кескин чораларни кўрамиз».

Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев:

«Ҳақиқатдан ҳам Фарғона шаҳридаги коллежлар кичик ҳалқа йўлига жалб қилинган. Ҳатто томорқа ишларига ҳам. Бунинг учун тегишли раҳбарлар чорасини олди.

Бу жуда катта уят. Энг кўп аҳолига эга шаҳар бўлатуриб, шунча корхона ташкилотлар бўлатуриб, ободонлаштиришдаям ходимлар етарли бўлатуриб, мажбурий меҳнатга йўл қўйилган.

Марғилонда ҳам Аҳмад Дониш кўчасини кенгайтиришда касб-ҳунар таълим коллежлари жалб этилган.

Биз чуқур хулоса қилдик. Яратилган шароитлардан самарали фойдаланмабмиз. Вилоятга ажратилган 84 миллиард сўмдан фақат 5 миллиард ўзлаштирганмиз. Бу жуда катта уят.

Ваъда бераман, таълим, тиббиёт ва бошқа бюджет ташкилотлари вакиллари мажбурий меҳнатга жалб этилса чора кўрилади».

Қашқадрё вилоят ҳокими Зафар Рўзиев:

«Энди чуқур хулоса чиқарамиз. Ҳаммаси юз фоиз тушунарли. Жамоатчилик ишлари учун пулларимиз етарли. Ижтимоий соҳа ходимлари, ўқитувчилар, талабалар мажбурий меҳнатга жалб қилинмайди».

Самарқанд вилоят ҳокими Туроб Жўраев:

"Абдулла Ниғматович, сизга ваъда бераман, бундан кейин ҳам буни ўзим қаттиқ назорат қиламан. Агар шуни қилмасак, биз нафақат президентга, халқимизга ҳам, сиёсатимизга ҳам хиёнат қилган бўламиз. Қўл остимдаги барча идоралар раҳбарларидан ижтимоий соҳа вакилларини бундай ишларга жалб қилмасликлари тўғрисидаги тилхатларини олиб қўйдим".

Халқ таълими вазири Улуғбек Иноятов:

«Тўғрисини айтадиган бўлсам, раҳбар сифатида менда журъат етишмаган. Керак бўлса, вақтида мажбурий меҳнатга хайрихоҳ бўлиб, буни ватанпарварлик сифатида билиб, тепасида турганман.

Ўша пайтда сиёсатимиз шунга мос эди. Чунки, биз зиёлилар бу жараёнда қатнашмасдан, бир четда турсак бўлмасди, буни жамиятдаги ўзгаришларга муносабат сифатида кўрилган бўларди.

Ҳозирги кунда Халқ таълими тизимида 675 минг нафарга яқин ходим ишлайди. Техник ходимлар билан бирга. Мен уларнинг ҳар бирига етиб бора олмайман, лекин семинарларда қонуний меҳнат ва ноқонуний меҳнат фарқи борасида тушунчалар бериб борамиз. Ҳар бир ходимнинг ҳуқуқи масаласида тушунча бериб борамиз.

Тўғрисини айтадиган бўлсам, бундай ўзгаришларга мослаша олмадик. Шунинг оқибатида мана шу ҳолатлар келиб чиқди. Самарқанддаги ҳолатни шахсан бориб ўргандим, бу ерда барчаси оғзаки топшириқлар билан бўлган. Ҳеч қандай ҳужжат бўлмаган. Каттақўрғон тумани халқ таълими бўлими мудири ўқитувчиларни ободонлаштириш ишларига жалб қилиш борасида оғзаки топшириқ берганини тан олди. У ўз аризасига кўра ишдан бўшади. Мактаб директори ҳам»,

Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов:

«Ҳақиқатан ҳам мен раҳбар сифатида шу масалага эътибор бермаганман ва назоратимга олмаганман. Муҳтарам президентимиз Сирдарё вилояти Сайхунободда ўтказган йиғилишдан кейин эртасига Жиззах вилоятидаги барча соҳа раҳбарлари, депутатлар, касаба уюшмалари раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари, ҳокимлик вакиллари иштирокида йиғилиш ўтказдик. Бундан кейин ҳар битта вилоятда шундай йиғилиш ўтказишни режа қилиб олдик. Шу билан бир қаторда, 19 апрель куни соат 14:00да Бош вазир ўринбосари Акмалов Қаҳрамон Валиевич бошчилигида бутун Республика бўйича селектор ўтказишни режалаштирдик.

Шу билан бир қаторда, ҳар бир вазирлик ва бошқармаларда назорат гуруҳларини ташкил этдик. Ишонч телефонларига хабар бериш тизимини йўлга қўйяпмиз.

Ва, албатта, бу ерда ҳар бир раҳбаримиз ва ходимларимизнинг ҳуқуқий саводхонлиги ва маданиятини ошириш бўйича ҳам ишларни олиб боришимиз керак. Бунда ҳам ўзимизга чора-тадбирларни белгилаб олдик.

Мен муҳтарам президентимизга ва сизга миннатдорлик билдирмоқчиман. Чунки, мана шу ижтимоий соҳа, айниқса, тиббиёт соҳаси ходимларини бундай ноқонуний ишларга жалб қилишда қалқон бўлиб, тўсиқлар қўйиб бераяпсизлар. Шунинг учун мен миннатдорлик билдираман ва бу борада бундан кейин хатоларга йўл қўймасликка ваъда бераман».

***

Маълум бўлишича, Ўзбекистонда мажбурий меҳнатнинг олдини олишнинг молиявий асослари ҳам мавжуд. Кун.уз сайти маълумотига қараганда, 2018 йили ишсиз аҳолини жамоат ишларига жалб қилиш мақсадида 714 миллиард сўм маблағ ажратилган. Бу пулнинг 84 миллиард сўми Фарғона вилоятига ажратилганини, ундан фақат 5 миллиарди ўзлаштирилганини вилоят ҳокими ўзининг юқорида келтирганимиз "тавба-тазаррусида" тан олди.

Абдулла Арипов пул тўғрисида:

“Шунча пул бор эди. Биринчи чоракда салкам 150 миллиард пул ажратилганди. Бор йўғи 40 миллиард сўм ишлатилган. Бу ҳудудлардаги кўп ҳокимлар ҳужжатларни тўғри ўқишни билмаслиги, ёки президент яратиб бераётган имкониятлардан фойдалана олмаслигига яққол намуна».

Материал kun.uz, xabar.uz сайтлари асосида тайёрланди.

XS
SM
MD
LG