Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:35

Ота саккиз яшар қизини бўғиб ўлдирди


Андижоннинг Булоқбоши туманида Диёрбек Йўлдошев 8 ёшли қизи Севарани бўғиб ўлдирганликда айбланиб, ҳибсга олинди. Ҳуқуқ-тартибот идораларига кўра, Йўлдошев қизини ўлдириб, зовурга ташлаган ва жиноятни 40 кун давомида яшириб келган. Воқеа тафсилотларидан хабардорларга кўра, жиноят собиқ хотинига рашк ва алимент тўламаслик мақсадида амалга оширилган.

23 октябрь куни бедарак йўқолган саккиз ёшли Севара Йўлдошеванинг жасади 2 декабрь куни Булоқбоши туманидаги зовурдан топилди.

Қизнинг ўлимида унинг отаси 27 яшар Диёрбек Йўлдошев айбланмоқда.

Андижон ҳуқуқ-тартибот идораларидаги Озодлик манбасига кўра, 3 декабрь куни ҳибсга олинган Йўлдошев саккиз ёшли қизини бўғиб ўлдириб, зовурга ташлаган ва жиноятни 40 кун давомида яшириб келган. Йўлдошев тергов давомида қизини ўлдирганини бўйнига олган.

Йўлдошевни яқиндан билганлар у хотини билан ажрашгач, ёлғиз қизи учун алимент тўламаслик мақсадида ушбу қотилликка қўл урган деган иддаони айтишади:

- Диёрбек икки йилча бўлди хотини билан ажрашиб, бошқаси билан турмуш қурганига. Биринчи хотинидан бўлган қизига алимент тўлаб келган. Бунинг устига ҳеч қаерда ишламайди. Шу алиментдан қутилиш учун 8 ёшли қизини бўғиб ўлдирган, дейишяпти. Ҳавас қилса бўладиган қизалоқнинг умрини хазон қилди, - дейди исми сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган Йўлдошевни таниган булоқбошиликлардан бири.

Марҳум қизалоқнинг қариндошлари ҳам ушбу иддаони илгари суришади.

- Диёрбек ҳеч қаерда ишламаса-да, қизи учун алимент тўлаб келаётганди. Алиментдан қутилиш учун қизини атайлаб ўлдирган. Қотиллик рўй берган куни у ажрашган хотини турмушга чиқаётганини қизидан эшитиб қолади ва алам устида уни бўғиб ўлдирган, - дейди Севаранинг қариндошларидан бири.

Ушбу иддаоларни Озодликка бошқа манбалар тасдиқлангани йўқ. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳам тергов сири сифатида жиноят мотивларини очиқламади.

Ҳозирда Диёрбек Йўлдошев устидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 97-моддаси ("Қасддан одам ўлдириш") билан жиноий иш қўзғатилган.

Булоқбоши туман прокуратураси ишни тергов қилмоқда.

Сўнгги икки ой ичида Озодлик Ўзбекистонда оилада жанжал оқибатида рўй берган камида тўртта қотиллик ҳақида хабар берди.

Ўтган ой Хоразмнинг Шовот туманида эр ўзини хотинини сўйиб, ёқиб юборди.

Октябр ойи бошида Сурхондарёнинг Термиз шаҳрида уч фарзанднинг онаси қайноанаси билан уй-жой устида талашиб, уйига ўт қўйиши оқибатида 72 ёшли қайнона ўтда ёниб ҳалок бўлди, 9 яшар ўғил куйиш жароҳати билан касалхонага ётқизилди.

Август ойиида эса Фарғонада 51 ёшли ота машина устида талашиб, 27 ёшли ўз ўғлини, устига бензин қўйиб, ёқиб юборгани ҳақда Озодлик хабар берган эди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев шу ой бошида ўтказилган селектор мажлисида Фарғонада ўз қайнонасини уриб ўлдирган қотил келин ҳақида гапирар экан маҳаллий матбуот бу каби жиноятларни ёритмаётганини танқид қилган эди.

Президентга кўра, Фарғона вилояти Фарғона тумани Ёрдон қишлоғида келин ўз қайнонасини уриб ўлдирган.

"Нега бирорта мақола ўқимадим, нега чиқишлар қилинмади. Мен сизларга ҳар видеоселекторда тайёр мавзу айтаяпман. Жамоатчилик, мутасаддилар бу мавзуларни нашрларда кўтариб чиқмаяпти. Наҳотки, ўзбек оиласида келин ўз қайнонасининг қотилига айланса", - деди Шавкат Мирзиёев.

XS
SM
MD
LG