Линклар

Шошилинч хабар
28 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:33

Фарғонада ИИБ ходими ўз ҳамкасбини пичоқлаб ўлдирганликда айбланиб ҳибсга олинди


Аброр Назаров маҳалла йиғилишида сўзлаяпти.
Аброр Назаров маҳалла йиғилишида сўзлаяпти.

Қўқон шаҳри темир йўл вокзалидаги ички ишлар бўлимчаси бошлиғи бўлиб ишлаган 40 ёшли милиция капитани Аброр Назаров ҳамкасби тарафидан пичоқлаб ўлдирилди.

Воқеа 19 октябрь куни Учкўприк туманида содир бўлди. Гувоҳлар ва туман ҳуқуқ-тартибот идораларидан бири мулозимининг Озодликка айтишича, шу куни кечқурун Аброр Назаров Учкўприк туманидаги ошхонада ҳамкасблари билан улфатчилик қилиб ўтирган пайтда чиққан жанжал пичоқлашувга айланиб кетган.

Фарғона вилоят ҳуқуқ-тартибот идораларида ишловчи мулозимнинг Озодликка айтишича, ҳозирда милиция зобитининг ўлдирилиши юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми “ж” банди билан жиноят иши қўзғатилган.

Қотилликда гумонланиб икки нафар шахс ушланган, уларга бирига нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган.

Бу маълумотни Ўзбекистон Бош прокуратураси мулозими ҳам тасдиқлади.

Прокуратура мулозими билдирувида айтилишича, 20 октябрь куни Учкўприк туман прокуратураси томонидан Д.Қ.га нисбатан ЖКнинг 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган:

"2018 йил 19 октябрь куни Д.Қ. ҳамкасби А.Н. билан ўзаро жанжаллашиб, ёнида бўлган пичоқ билан А.Н.ни қорин соҳасига бир маротаба уриб қасддан ўлдирган. Жиноят иши бўйича Д.Қ.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 97-моддаси 1-қисми билан айблов эълон қилиниб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган. Ҳозирда иш бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари Фаргона вилоят прокуратураси ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими томонидан олиб борилмоқда".

Фарғона вилоят Ички ишлар бошқармаси мулозими Озодликка қотиллик бўйича маълумот бера олмаслигини айтди.

- Жиноят-процессуал қонунчилигига биноан, тергов ҳаракатлари олиб бориляпти, лекин қотиллик бўйича маълумот беролмаймиз, - деди Фарғона ИИБси мулозими.

Милиция зобитининг воқеадан хабардор яқин қўшниси Озодлик билан суҳбатда Аброр Назаров Учкўприқдаги "Ёйилма" ошхонасида икки нафар ҳамкасби билан жанжаллашиб қолганини айтиб берди.

- Ҳамма ҳамкасблар Учкўприкда чойхонада ўтиришган, жанжал чикққан, гап талашиб уришиб кетишган. Аброр аканинг бир ўзи учтаси билан солишган, улар Аброр акани эплолмаган, орқадан кимдир пичоқ санчибди. Учта боласи етим қолди, 20 октябрь куни тупроққа қўйдик.

Абадон лақабли футболчи-милиционер

Аброр Назаров фарғоналик футбол ишқибозларига Абадон лақабли ҳужумчи сифатида таниш.

Назаров милицияга ишга ўтишдан олдин 1995-2000 йилларда Қўқоннинг “Темирйўлчи”футбол клубида тўп сурган.

- Қўқонда ўша йилларда номер биринчи футболчи эди. Футбол ишқибозлари уни сийлаб Абадон деган лақаб ҳам қўйишганди. Вокзалга ишга ўтганидан сўнг доим ёрдам сўраб борсак, аямас эди, қўлидан келганича ёрдам берар эди, раҳматли, - деди пичоқлаб ўлдирилган милиция зобидининг синфдоши.

Ўзбекистонда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ўртасида пичоқлашув ҳолатлари кам бўлсада учраб туради.

Шу йилнинг август ойида Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Пост-патруль хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бош бошқармаси бошлиғи Дилшод Акрамов ўз ходими тарафидан чавақланган эди.

Шу йилнинг май ойида Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманининг Мажбурий ижро бюроси бошлиғи Баҳром Жўраевни ишдан бўшатилган ходими пичоқлагани ҳақида Озодлик хабар берган эди.

XS
SM
MD
LG