Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:03

Самарқандда 20 яшар фермер йигит уйи молхонасида осилган ҳолда топилди


Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, ҳар йили мамлакатда 100 минг кишидан 6 нафари ўзини ўлдиради.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, ҳар йили мамлакатда 100 минг кишидан 6 нафари ўзини ўлдиради.

Самарқанд вилояти Пахтачи туманида 28 январь куни 21 ёшли О.Н ўз уйи молхонасида осилган ҳолда топилди. Яқинлари у ўзини осган бўлишини айтишмоқда. Пахтачи туманининг Истиқбол маҳалласида фермерлик билан шуғулланиб келган йигитнинг нега жонига қасд қилгани маълум эмас. Бу воқеа юзасидан туман прокуратураси суриштирув олиб бормоқда.

Фермер йигитнинг исми сир қолишини сўраган яқин қўшниларидан бирининг Озодликка айтишича, воқеа 28 январь куни кечки пайт содир бўлган.

Дод-вой кўтарилди. Қўни-қўшни тўпланди. Милиция келди. Онаси ҳушидан кетиб қолган. Нимага бундай қилганига ҳаммамиз ҳайронмиз. Онаси молларга сув бергани борганида қўй боғлайдиган арқон билан ёғоч тўсинга осилган ҳолда кўрган”, - дейди қўшни.

Пахтачи тумани Ички ишлар бўлимининг ўзини таништирмаган мулозимига кўра, бу воқеадан кейин жасад суд-тиббий экспертизасидан ўтказилган ва О.Н.нинг нафас йўлларининг беркилишидан келиб чиққан механик асфиксия натижасида ўлганлиги аниқланган.

Марҳумнинг Озодлик гаплашган қўшниси ўлган йигит оиласи билан чорвадорлик ва фермерлик қилиб келганини айтади.

"Булар томорқа ери ва беш-олти моли ҳисобидан тирикчилик қилиб келган. Фермерлик фаолияти билан боғлиқ муаммоси бўлганидан хабарим йўқ", - деди қўшниси.

Озодлик суҳбатдошларига кўра¸ ўлим сабаблари ҳақида аниқ маълумот йўқлиги ортидан¸ марҳум яшаган маҳаллада турли тахминлар кўпайиб кетган.

Кимдир “севгиси рад қилингани боис, ўспирин изтиробга тушганини айтса, бошқалар “оиладаги иқтисодий тушкунлик сабаб” ўз жонига қасд қилган бўлишини айтади.

Марҳумнинг исмини айтмаган қариндоши бу иддаоларни рад қилди.

Оилада бешта жон, бошқалар қатори зўрға кунини кўриб яшашади. Агар иқтисодий тушкунлик бўлса¸ унда ҳамма ўзини осиши керак. Севган қизи бўлганини ҳам билмаймиз. Лекин уни уйлантириш ҳаракатига тушишган эди. Руҳий проблемаси ҳам бўлмаган. Тўғриси¸ биз нимага ўзини осганини билмаяпмиз, ҳайронмиз, - дейди осилган холда топилган 20 ёшлик О.Н.нинг қариндоши.

Кейинги бир ой ичида Озодлик тўрт ўзбекистонликнинг ўзини осиш орқали жонига қасд қилгани ҳақида хабар қилди.

Хусусан¸ Қашқадарё вилояти, Ғузор туманининг 27-умумтаълим мактабининг 14 яшар ўқувчиси 17 январь куни уйининг молхонасида осилган ҳолда топилди.

Бундан олдин 9 январь куни Наманган вилоят, Косонсой туманидаги Қўқимбой қишлоғида яшаган 23 яшар йигит молхонасида осилган ҳолда топилган эди.

Жиззах вилоят, Фориш туманидаги Маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежининг 3-босқич ўғил бола ўқувчиси эса 6 январь куни осилган ҳолда топилган эди.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган коллеж ўқитувчисининг айтишича, 28 декабрь куни 3-босқичда ўқийдиган яна бир ўқувчи - қиз бола осилган ҳолда топилган.

Президент Шавкат Мирзиёев ҳам 2017 йилнинг 22 декабрида ўтган ҳукумат йиғилишида, мамлакатда ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпайганини таъкидлаб, мутасадди идораларни ушбу муаммога эътибор қаратмаётганликда айблаган эди.

Ўтган йилнинг 16 март куни президент ўз жонига қасд қилишнинг олдини олишга қаратилган махсус қарор ҳам қабул қилди.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, ҳар йили мамлакатда 100 минг кишидан 6 нафари ўзини ўлдиради.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳисоботида дунё бўйича ҳар 40 секундда бир одамнинг ўзини ўлдириши¸ 20 одамнинг эса ўз жонига қасд қилишга уриниши айтилади.

XS
SM
MD
LG