Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:30

Қашқадарёда ўзини осган 14 яшар бола ўқиган мактаб психологи маоши кесилди


rope
rope

Қашқадарё вилояти, Ғузор туманининг 27-умумтаълим мактабининг 14 яшар ўқувчиси 17 январь куни уйининг молхонасида осилган ҳолда топилган.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган маҳалла фаолининг айтишича, бу воқеадан сўнг вилоят ҳокимлигидан вакил келиб мажлис ўтказган ва болалар билан яхши ишламагани учун мактаб психологининг уч ойлик маоши кесилганини айтган.

Туман прокуратураси бу воқеа юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётганини айтди.

Ғузор туманининг Совбоғ қишлоғида яшаган, 27-умумтаълим мактабининг 8-синф ўғил бола ўқувчиси, 2005 йилда туғилган А.Т. 17 январь куни уйининг молхонасида ўз жонига қасд қилган.

Ўқувчининг Озодлик гаплашган, исми сир қолишини сўраган яқин қариндошларидан бирининг айтишича, воқеа кечки пайт содир бўлган:

“Ўша куни улар оилавий кечки овқат ейишган. Кейин онаси болага молхонага бориб, молларнинг тагини тозалаб келишни буюрган. Орадан анча вақт ўтса ҳам у ҳеч келмас экан. Кейин онаси молхонага кириб кўрса, ўзини осиб қўйган экан”, дейди қариндошларидан бири.

Ғузор тумани ички ишлар бўлимининг ўзини таништирмаган мулозимига кўра, бу воқеадан кейин бола суд-тиббий экспертизасидан ўтказилган ва у нафас йўлларининг беркилишидан келиб чиққан механик асфиксия натижасида ўлганлиги аниқланган.

Ғузор тумани прокуратурасининг ўзини таништирмаган мулозими Озодликка бу ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётганини айтди:

“Албатта, текширилувчи идорага нисбатан хизмат текшируви тайинланади. Кимдир масъулиятсизликка йўл қўйган бўлса, ҳақиқатан бу воқеада айби бўлса жавобгарликка тортилади. Терговга қадар текшириш давомида ҳамма ҳолатга тегишли баҳо берилади”, деди прокуратура мулозими.

Аммо, Совбоғ маҳалла фаолларидан бирининг Озодликка айтишича, 27-мактаб психологига жазо берилган:

“Бу воқеадан кейин вилоят ҳокимлигидан бир опа келиб, қишлоғимиздаги коллежда ўқитувчилар, маҳалла фаолларини йиғиб мажлис қилди. Мен ҳам ўша мажлисда қатнашдим. Опа ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари бўлмаслиги учун мактаб маъмурияти етарлича иш қилмагани, психолог ўқувчилар билан ишламаганини танқид қилди. Кейин бундай ҳолатлар жазосиз қолмаслиги кераклигини айтиб, мактаб психологининг уч ойлик маоши кесилишини, мактаб раҳбариятига ҳам тегишли жазолар кўрилишини айтди”, деди маҳалла фаоли.

Ўзбекистонда ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари ҳақида Озодлик сўнгги кунларда бир неча марта хабар қилди.

Наманган вилоят, Косонсой туманидаги Қўқимбой қишлоғида яшаган 23 яшар йигит 9 январь куни ўз уйининг молхонасида осилган ҳолда топилди.

Масалан, Жиззах вилоят, Фориш туманидаги Маиший хизмат кўрсатиш касб-ҳунар коллежининг 3-босқич ўғил бола ўқувчиси 6 январь куни осилган ҳолда топилган эди.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган коллеж ўқитувчисининг айтишича, 28 декабрь куни 3-босқичда ўқийдиган яна бир ўқувчи - қиз бола осилган ҳолда топилган.

Президент Шавкат Мирзиёев ҳам 2017 йилнинг 22 декабрида ўтган ҳукумат йиғилишида, мамлакатда ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кўпайганини таъкидлаб, мутасадди идораларни ушбу муаммога эътибор қаратмаётганликда айблаган эди.

Ўтган йилнинг 16 март куни президент ўз жонига қасд қилишнинг олдини олишга қаратилган махсус қарор ҳам қабул қилди.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, ҳар йили мамлакатда 100 минг кишидан 6 нафари ўзини ўлдиради.

Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳисоботида дунё бўйича ҳар 40 секундда бир одамнинг ўзини ўлдириши¸ 20 одамнинг эса ўз жонига қасд қилишга уриниши айтилади.

XS
SM
MD
LG