Линклар

Шошилинч хабар
26 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:10

Самарқандда 7 ёшли қизча боғчадаги арғимчоқдан йиқилиб ўлди


Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Ўзбекистоннинг Самарқанд вилояти Ургут тумани прокуратураси етти ёшли қизчанинг боғча ҳудудида арғимчоқдан йиқилиб ўлгани юзасидан суриштирув ишларини олиб бормоқда. Ҳодиса ўтган ой ўрталарида Ургут туманидаги 29-сонли боғчанинг болалар ўйнайдиган майдончасида рўй берган.

Озодликка маълум бўлишича, 7 ёшли Р.О. (қизчанинг исми маълум сабабларга кўра ошкор қилинмаётир - таҳр.) арғимчоқдан йиқилиб, жиддий жароҳатлар билан касалхонага ётқизилган.

Марҳуманинг яқинларига кўра, бир неча кун ўтиб қизалоқ касалхонанинг жонлантириш бўлимида вафот этган.

Исмини айтишни истамаган қариндошларидан бири, Озодлик билан суҳбатда, қизалоқ арғимчоқдан йиқилгач, 30 дақиқа давомида ерда ётгани, унга биринчи ёрдам кўрсатилмаганини даъво қилди:

- Фожиа содир бўлган кун болалар боғчасида тиббиёт ходими ҳам бўлмаган. Бола ярим соат ерда ётган, ҳеч ким эътибор бермаган.

Ургут туманининг Мактабгача таълим бўлими мулозими Озодлик билан суҳбатда ҳодиса ортидан боғча раҳбари ва бир неча тарбиячи ишдан олинганини айтди.

Аммо, мулозим бу қизчанинг боғча тарбияланувчилари рўйхатида бўлмагани аниқлангани, айни пайтда, унинг боғча ҳудудида нима қилиб юргани ўрганилаётганини таъкидлади.

- Бизга маълум бўлишича, бу қиз боғча тарбияланувчилари рўйхатида бўлмаган. У ўша куни боғча ҳудудига тасодифан кириб қолган. Қандай йиқилган, буни прокуратура ўрганяпти. Лекин, шу воқеадан сўнг боғчада назоратни кучайтирдик, директор ва бир қанча ходимни ишдан олдик. Болалар ўйнайдиган жойни текширдик, арғимчоқ ва бошқа жиҳозлар хавфсизлик қоидалари асосида ўрнатилганини кўрдик, - деди Ургут туманининг Мактабгача таълим бўлимининг ўз исмини айтишни истамаган мулозими.

Қизчанинг яқинлари эса унинг боғча тарбияланувчилари рўйхатида бўлмаганидан хабардорлигини айтмоқда. Уларнинг даъвосича, рўйхатга олинмай боғчага қатнаб юрган болалар талай.

Ургут туманининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларидан бирининг вакили эса фожиа бахтсиз ҳодиса сифатида баҳоланаётганини билдирди.

- Боғчадаги болалар ўйнайдиган қурилмалар хавфсизлик меъёрлари асосида ўрнатилган бўлган. Эҳтиётсизлик оқибатида бўляпти бу. Лекин, боғча ходимлари тарафидан ҳам эътиборсизлик бўлган бўлиши мумкин, тергов ҳали давом этяпти, - деди Ургут тумани хавфсизлик идораларидан бирининг ходими.

Аммо, яқинлари қизалоқнинг боғча тарбияланувчилари эътиборсизлиги туфайли нобуд бўлганини даъво қилиб, прокуратурадан уларни жазога тортишни талаб қилмоқда.

- Тарбиячиларнинг эътиборсизлиги ва масъулиятсизлиги туфайли қизимиз арғимчоқдан йиқилган ва вақтида ёрдам кўрсатилмаган. Ярим соат ерда ётган, ҳеч ким келмаган. Боғчада ўша куни биринчи ёрдам кўрсатувчи ҳамшира ҳам бўлмаган, - дейди Озодлик билан суҳбатда ўлган қизнинг исми сир қолишини истаган қариндошларидан бири.

Ургут тумани прокуратураси вакиллари мазкур ҳодиса юзасидан суриштирув ҳануз давом этаётгани ва хулоса чиқаришга эрта эканини айтишди.

Ўтган йил Андижондаги "Қуёшча" болалар боғчасида тарбиячининг эътиборсизлиги туфайли 6 яшар бола устига қайноқ шурва тўкилган, оқибатда боланинг юзи куйиб касалхонага ётқизилган эди.

Буни раҳбариятдан сир тутиб, вақтида шифокор чақирмаган боғча тарбиячиси ишдан бўшатилган эди.

Икки йил аввал Жиззах вилоятининг Дўстлик туманидаги “Айчурек” болалар боғчаси “Нептун” байрами муносабати билан лотоқ ариқда ўтказган тадбирда уч ёшли бола сувга чўкиб ҳалок бўлган эди.

Уч ёшли Шаҳбоз Тўйчибоевнинг жасади у чўккан жойдан 700 метр нарида, сув тубидан топилганди.

XS
SM
MD
LG