Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:53

Фарғонада шубҳали кимёвий модда ютган ўқувчи ҳалок бўлди


Фарғона вилояти Ўзбекистон туманидаги 17-сонли мактабнинг 9-синф ўқувчиси шубҳали кимёвий моддани ютиш оқибатида ўлди. Туманнинг Ўқчи қишлоғида 16 февраль куни содир бўлган бу воқеадан Озодлик 2 март куни хабар топди.

Озодлик суҳбатлашган марҳумнинг мактабдошлари болага "синфдошлари карбид экани гумон қилинаётган кимёвий моддани мажбурлаб юттиришган"ини иддао қилишди.

"Оқибатда бола шишиб ўлган".

- Ўзи ювош бола эди. Шўх бойватчаларни болалари қандайдир моддани бунга мажбурлаб юттиришган. Бола уйига бориб сув ичганидан кейин, вой-дод, деб бақир-чақир қилган. Болани касалхонага олиб кетишди, касалхонада бола жон берган, - деб иддао қилди марҳумнинг исми сир қолишини сўраган қариндоши.

Озодлик боланинг ўлими юзасидан 2 март куни вилоятдаги Ўзбекистон тумани Ички ишлар бўлимига боғланди. Бўлим ходими Озодлик билан суҳбатда бу воқеадан хабарсиз эканини айтиш билан чекланди.

Озодлик мақоласи чоп этилганидан бир кун ўтиб - 3 март куни воқеани ёритган ЎзА агентлиги боланинг номаълум кимёвий препаратдан ўлганини тасдиқлади.

Агентликнинг хабар қилишича, "ҳолат юзасидан воқеа жойига туман прокуратурасининг тезкор-тергов гуруҳи тергов олди текширув ҳаракатлари"ни олиб борган, натижада "вояга етмаган С. Абдумаликов боши оғригани учун уйидаги жавондан номаълум дорини ўзининг эҳтиётсизлиги оқибатида ичиб олгани аниқланган", деб ёзди.

Шунингдек, 2 март куни Озодлик болага синфдошлари кимёвий моддани мажбурлаб юттиргани ҳақидаги иддаоларга аниқлик киритиш учун Ўқчи қишлоғидаги 17-мактаб раҳбариятига ҳам боғланди.

Мухбир мактаб директорига тегишли, деб тақдим қилинган уяли телефон рақамига қўнғироқ қилди. Ўзининг мактаб директори вазифасини вақтинча бажарувчи эканини тасдиқлаган мулозим Озодлик мухбири саволларини эшитгач: “Мен Дилшод аканинг укасиман”, деб алоқани узиб қўйди. Кейин у одамга қайиб боғланиб бўлмади.

Фарғона вилояти Халқ таълими бошқармасининг 2 март куни Озодлик суҳбатлашган ходими Ўқчи қишлоғидаги 17-сонли мактабдаги воқеадан хабарсиз экани, холатни ўрганиб, кейин маълумот беришини айтди.

3 март куни Озодликка Фарғона вилояти Халқ таълими бошқармасидан жавоб хати келди. Унда айтилишича, боланинг "ўз уйида боши оғриганлиги сабабли номаълум дорини ичгани маълум бўлган".

Айни пайтда, марҳум ўқувчининг ота-оналари Озодликка гапиришга истак билдирмаётир.

Бироқ, 17-сонли мактабнинг исми сир қолишини истаган ўқитувчиси 2 март куни Озодликка мактаб раҳбарияти “воқеани бости-бости қилишга уринмоқда”, деди. Боланинг Озодлик суҳбатлашган қўшниси ҳам ишни бости-бости қилишга уриниш бўлаётганини айтди.

- Бола ҳам ўлимидан олдин дадасига "ҳеч нарсани ковламанг", деб айтибди. Бир болани исмини айтибди. Қолган болаларнинг исми номаълум, - деб иддао қилди марҳумнинг қўшниси.

Фарғонада яшовчи ёзувчи Нурулло Отахон ҳам ўзининг Facebook саҳифасида Ўқчи қишлоғидаги воқеадан ларзага келгани ҳақида ёзди.

"Дунёда нималар бўляпти?! Одамлар нимага бунақа ваҳшийлашиб кетяпти?! Уч-тўрт кун бурун биздан сал нарироқдаги қишлоқда 8-синфда ўқийдиган болалар синфдошларини қўлини қайириб туриб, оғзидан карбидми ё шунга ўхшаш бошқа нарсани тиқиб юборибди!
Ичини ёндириб, сув ичса, портлаб, бола ўлибди! Эшитганимдан бери унутолмаяпман, ўзимга келолмаяпман. Ёш болачалар-а!
Қаёққа қараб кетяпмиз!",
- деб ёзди ёзувчи.

Айни пайтда, бола айнан қандай кимёвий модда - аҳоли уйида сақланиши мумкин бўлган қандай препаратдан ўлгани ҳозирча номаълум қолмоқда.

ЎзА агентлиги чоп этган мақола ва Фарғона вилояти Халқ таълими бошқармасидан келган мактубда ҳам бу препарат "номаълум дори", деб таърифланган.

Расмий маълумотга кўра, ҳозирда суд-тиббий экспертизаси давом этмоқда.

XS
SM
MD
LG