Линклар

Шошилинч хабар
26 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:18

Андижонда ўтказилган Наврўз байрамида 16 яшар бола арғимчоқдан йиқилиб ўлди


Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Андижон туман “Истироҳат боғи”да 16 ёшли бола арғимчоқдан йиқилиб ўлди. Воқеа гувоҳларининг Озодликка айтишича, ҳодиса 17 март куни туман ҳокими иштирокида Наврўз байрами тантаналари бўлаётган пайтда рўй берган. Туман Ички ишлар бўлими мазкур ҳодиса юзасидан суриштирув олиб борилаётганини маълум қилди.

Андижон туманининг Чувама қишлоғидан бўлган 16 ёшли О.Ш. арғимчоқдан йиқилиб ўлгани тўғрисида воқеа гувоҳларидан бири Озодликка бундай деди:

- Ҳокимимиз Улуғбек Ҳалимович Исамидинов Наврўз байрамига боғда тадбир ўтказаётганди. Соат 17 лар атрофида бўлди бу. Уч-тўртта бола арғимчоқда учаётганида улардан бири йиқилиб тушди. Йиқилганидан сўнг бошини кўтариши билан ҳалиги арғимчоқ ортга қайтиб келиб, қаттиқ зарба билан болани бошига урилди, бош чаноғини очиб юборди. Бола шу ерни ўзида ўлди.

Андижон туман Маданият бўлими раҳбари Холида Хотамова Озодлик саволига жавобан боланинг ўлимини "бахтсиз ҳодиса", деди.

Хотамовага кўра, “Истироҳат боғи”даги арғимчоқ хавфсизлик қоидаларига тўла риоя этилган холда ўрнатилган ва ўтган йил март ойида техник кўрикдан ҳам ўтказилган.

- Уч-тўртта бола арғимчоқни тепаларига ҳам чиқиб уча оламан, деб биттаси тушиб кетган. Учиш қоидалари бор. Суриштирдик, бу арғимчоқ 2018 йил март ойида техник кўрикдан ўтган экан, - деди Хотамова.

Ҳодиса рўй берган “Истироҳат боғи” Андижон туман Ички ишлар бўлими биноси рўпарасида жойлашган.

Андижон туман Ички ишлар бўлими мулозими ҳодиса юзасидан суриштирув олиб борилаётганини айтиш билан чекланди.

- Ҳозир мен сизга бу ҳақда ҳеч нарса айтолмайман, суриштирув кетяпти.

Озодлик ҳалок бўлган бола Андижон туман, Чувама қишлоғидан бўлган 16 ёшли О.Ш. эканини аниқлади. Боланинг қариндошлари воқеа тўғрисида гапиришни истамади.

Ўзбекистон истироҳат боғларида Андижондаги каби фожиалар учраб туради.

Ўтган йилнинг май ойида 11 ёшли бола Тошкентнинг “Анҳор-Локомотив” кўнгилочар боғидаги “Осмонўпар” аттракционида учаётганида, ҳушини йўқотиб, ўлган эди.

Ўтган ой эса Самарқанд вилояти Ургут туманида етти ёшли қизча боғча ҳудудида арғимчоқдан йиқилиб ўлгани ҳақида Озодлик хабар берган эди.

XS
SM
MD
LG