Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:19

Гувоҳлар: Маст ҳолатда авария содир этган ИИБ майори ўзини иккинчи қаватдан ташлаб қочишга уринди


Ўзбек милицияси автомобили
Ўзбек милицияси автомобили

Жиззах вилояти Зомин тумани ИИБ майори маст ҳолатда ўз хизмат машинасида йўл-транспорт ҳодисасини содир этиб, воқеа жойидан ғойиб бўлди.

Ҳодиса 24 июнга ўтар кечаси Даштобод шаҳарчасида рўй берди.

Гувоҳларнинг Озодликка айтишича, Даштобод шаҳарчаси Оқар қишлоғи участка нозири бўлиб ишловчи Ў.Қ. “Матиз” машинасида қарама-қарши томондан келаётган “Нексия 2” машинаси билан тўқнашган.

“Нексия 2” рулида бўлган 23 ёшли Олим Абдураҳмонов иддаосича, милиция зобити “оёқда туролмайдиган даражада маст” бўлган.

Абдураҳмонов милиция зобитини танишлари келиб, жиноят жойидан яширишгани, ўзи эса авария оқибатида “ўрта даражадаги жароҳат” билан Даштобод касалхонасига олиб борилганини айтди.

- Милиция формасида, оёғида туролмаяпти, ғирт маст. Инспекторлар келмасидан танишлари келиб, уни уйига олиб кетишди. Авария пайти бошимдан жароҳат олганим учун мени касалхонага олиб боришди. Бўлган воқеани терговчиларга ўша ерда айтиб бердим, - дейди Олим Абдураҳмонов.

Жабрланувчининг айтишича, йўл-транспорт ҳодисасидан уч соат ўтиб терговчилар авария сабабини аниқлаш учун милиция зобитининг уйига боришган пайтда, майор қочишга уриниб, уйининг 2-қаватидан ерга сакраган.

Ерга йиқилиб жароҳат олган майорни терговчилар замбилда Даштобод касалхонасига олиб кетганлар.

Касалхона ходимаси тиббий текширув пайти милиция зобити Ў.Қ. қони таркибида 0.885 промилле алкоголь борлиги аниқланганини Озодликка айтди.

"Прокуратура ва ички ишлар ходимлари уни носилкада олиб келишди. Чунки у юролмасди, тепадан сакраган. Текширганимизда 0.885 промилле алкоголь борлиги аниқланди, бу жуда катта миқдор. Алкотестер ҳам қизарди, ҳам чийиллади", - деди Даштобод касалхонаси ходимаси.

Жиззах вилояти Зомин тумани прокуратурасининг маълум қилишича, ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми, яъни транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш бўйича жиноят иши очилган, ҳодиса тергов қилинмоқда.

Маст ҳолатда йўл транспорт ҳодисасини содир этган ИИБ зобитининг кейинги тақдири ҳақида маълумот йўқ.

Жабрланувчи сифатида кўрилаётган Олим Абдураҳмонов иддаосича, милиция зобити касалхонадан ғойиб бўлган.

-Танишлари Гулистонга олиб қочиб кетишган дейишяпти, лекин мени машинамни тузатиб берса бўлди эди, - дейди Олим Абдураҳмонов.

Ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан маст ҳолатда йўл-транспорт ҳодисасини содир этиш илк бор кузатилаётгани йўқ.

Шу йилнинг апрел ойида Андижон вилоятининг Марҳамат туманида прокуратура ходими иштирокида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасида бир киши ҳаётдан кўз юмганди.

Озодлик пиëда ўлимига сабаб бўлган “Нексия” машинаси рулида Марҳамат тумани прокурорининг катта ёрдамчиси бўлганини аниқлаган эди.

6 апрель оқшомида эса Тошкент шаҳар, Чилонзор туман, Муқимий кўчасида юз берган автоҳалокатда бир аёл ҳалок бўлди.

Озодлик суҳбатлашган икки нафар ички ишлар зобитига кўра, йўл ўртасида бораётган аёлни уриб юборган шахс Тошкент шаҳар ИИБ уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлими бошлиғи, 38 яшар подполковник У.Қ бўлган.

Бундан аввал эса икки кишининг ўлимига сабабчи бўлган Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ инспектори М.Ҳ. (32 ёш) 3 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган эди.

XS
SM
MD
LG