Линклар

Шошилинч хабар
14 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:36

Мирзиёев Ҳаракатлар стратегиясининг дастлабки натижаларини чиқарди


Президент Мирзиёев 15 августда "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини келгусида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармойишни имзолади.

Ҳужжатда Президентининг 2017 йил 7 февралдаги Фармони билан тасдиқланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси мамлакатнинг давлат ва жамият ривожланиши истиқболини стратегик режалаштириш тизимига сифат жиҳатдан янги ёндашувларни бошлаб бергани тъкидлаб ўтилган.

"Дастлабки сарҳисоблар давлат органлари, нодавлат ташкилотлар, фуқаролик жамияти институтларининг Давлат дастурини самарали амалга оширишга қаратилган кучлари, шу жумладан, хорижий мутахассислар ва халқаро экспертларни фаол жалб қилган ҳолда чинакам жипслашганлигини кўрсатди", дейилади фармойишда.

Айтилишича, Ҳаракатлар стратегиясининг ижроси юзасидан давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини ривожлантиришга қаратилган 15 та қонун ва 700 дан ортиқ бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган.

Хусусан, давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш соҳасида замонавий талаблар ҳамда устувор йўналишларни инобатга олган ҳолда 16 та вазирлик, идора ва бошқа ташкилотларнинг тузилмаси, вазифа ва функциялари қайта кўриб чиқилди, 20 та давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, бошқа ташкилотлар қайта ташкил этилган.

Ҳудудий ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари доирасида 13 339 та лойиҳа амалга оширилгани, 2,1 трлн. сўм кредит ўзлаштирилгани, 10 та эркин иқтисодий зона, 5 та кичик саноат зонаси ташкил этилгани, “Peugeot” ва “Citroёn” бренди билан енгил тижорат автомобилларини ишлаб чиқариш бўйича завод барпо этилаётгани айтилган фармойишда.

Бундан ташқари, фармойишда айтилишича, ижтимоий соҳада жорий йилнинг биринчи ярмида 2,7 минг км. автомобиль йўллари қурилган ва таъмирланган, 84 300 та иш ўрни яратилган.

2017-2020 йилларда шаҳарларда энергия жиҳатдан самарадор арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш дастури амалга оширилаётгани, унинг доирасида 50 286 та хонадондан иборат 1 136 та кўп қаватли уйларни, бундан ташқари, намунавий лойиҳа асосида қишлоқ жойларида 75 минг турар жойларни қуриш мўлжаллангани тўғрисида ҳам сўз боради ҳужжатда.

Президент фармойишида "миллатлараро тотувликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритиш соҳасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ташкил этилгани" тўғрисида ҳам сўз боради.

Президент фармойишининг тўлиқ матни билан мана бу ерда танишишингиз мумкин.

XS
SM
MD
LG