Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:10

Бош вазир Мирзиëев олиб ташлаган ҳайкалларни президент Мирзиёев жойига қайтарди


Собир Раҳимов қабри устидаги ҳайкал
Собир Раҳимов қабри устидаги ҳайкал

Совет даврида «биринчи ўзбек генерали» дея номи афсонага айлантирилган Собир Раҳимовнинг ҳайкали ўзининг 1981 йилда ўрнатилган жойига қайтарилди. Маданият вазирлиги қошидаги Ёдгорликларни сақлаш бошқармаси мулозимларининг Озодликка айтишича, ҳайкал 2010 йилнинг 6 январида ўша пайтда Бош вазир лавозимида ишлаган Шавкат Мирзиëевнинг буйруғи билан олиб ташланган эди.

Ўтган ҳафта шаҳар марказига қайтарилган «Шомаҳмудовлар оиласи» мемориал композицияси ҳам 2008 йили Мирзиëев буйруғи билан кўчирилган эди. Бу ҳайкаллар бузилиши бошида Мирзиëев тургани ҳақида Тошкент шаҳар маданий ëдгорликлар бошқармаси бошлиғи Зайниддин Муҳиддинов 2010 йили Озодликка билдирган эди.

Шунингдек, Тошкентдаги Йўлдош Охунбобоев¸ Ҳамза Ҳакимзода¸ Файзулла Хўжаев¸ Акмал Икромов каби давлат ва адабиëт арбобларига қўйилган ҳайкаллар ҳам айнан Шавкат Мирзиëев Бош вазир бўлган 2003-2016 йиллар орасида демонтаж қилинган.

Тошкент шаҳар маданий ëдгорликлар бошқармасида ишлайдиган ва исми сир қолишини истаган мулозимга кўра¸ Шавкат Мирзиëев 1992 йилда Мирзо Улуғбек туманига ҳоким бўлган даврдаëқ ўнлаб ҳайкалларни бузиб ташлашга буйруқ берган:

- Айнан Шавкат Миромонович ҳоким бўлган 1992 йилдан 1996 йилгача шаҳар маданий ëдгорликлар бошқармаси рўйхатида бўлган ва етакчи совет ҳайкалтарошларининг асарлари сифатида бадиий қимматга эга бўлган ўнлаб ҳайкаллар бузиб ташланди. Ўшанда биз бу ҳайкалларни бузмай музейга топширайлик¸ қоида шундай деганимизда Мирзиëевдан қўпол жавоб олганмиз. Қуролли кучлар музей олдидаги солдат ҳайкали ҳам Шавкат Мирзиëев буйруғи билан металлоломга топширилди. Максим Горький ҳайкали адабиëт институти орқа ҳовлисига бадарға қилинди. Бу фақат биргина Мирзо Улуғбек туманидаги ҳайкаллар,- дейди суҳбатдош.

Самарқанддаги ҳайкалларга ҳам Мирзиëев "дам берган"

Самарқандлик ҳайкалтарош Нурмуҳаммад Қодировнинг Озодлик билан 8 май кунги суҳбатда эслашича, Шавкат Мирзиëев вилоят ҳокими бўлган 2001 йилдан то 2003 йилгача ўтган даврда шаҳар марказидаги бир нечта ҳайкаллар олиб ташланган:

- Регистонда Абу Абдулло Рудакийнинг тўла бўйли гранит ҳайкали бор эди. Қаерга кетди шу ҳайкал - ҳеч ким билмайди. Алишер Навоий билан Абдураҳмон Жомийнинг мармар ҳайкали бор эди Регистонда. Олиб, бошқа жойга кўчиришди. Кейин умуман йўқ бўлиб кетди. Буларнинг ҳаммаси Шавкат Мирзиëев ҳоким бўлган даврда бўлди. Ëзувчи Садридин Айний уй музейининг вайрона аҳволга келиши ҳам Шавкат Мирзиëев Самарқандга ҳоким бўлган даврда юз берди,- дейди ҳайкалтарош.

Тошкентлик мунаққид Акмал Ризаев «Мирзиëев ҳайкалбузарлиги» махсус тадқиқот талаб қиладиган иш дея Озодлик билан 8 май кунги суҳбатда таъкидлади:

- Самарқанд марказида австриялик маҳбус архитектор Эдуард Руш томонидан 1919 йилда қурилган ва СССР даврида монументал пластика соҳасининг мамлакатдаги энг ноёб намуналаридан бири дея қадрланиб каталогларга кирган тарихий монумент бузилишини 2009 йили Бош вазир лавозимида бўлган Шавкат Мирзиëев Тошкентдан махсус келиб амалга ошириб кетди. Монумент тўрт томонида тўрт хил ҳолатда акс эттирилган қулларнинг ҳайкалидан иборат эди. Бир қул изтироб ичида, яна бири уйғонаётган, яна бири умид билан қараган, яна бири эса юзида мардлик акс этган қул.Постаментдан ўсиб чиққан устун ва унинг устидаги қуббанинг тўрт томонида эса, 4 та болача ҳайкали акс этган, қуббанинг устида эса қўлини кўкка чўзган ва Озодлик тимсоли сифатида келтирилган аёлнинг маронавор шакли қад кўтарганди. Бу ҳайкал Самарқанд вилоят маданий ëдгорликлар бошқармаси рўйхатига кирган бўлса ҳам мавжуд қоидага зид тарзда бузиб ташланди¸- дея эслайди мунаққид.

"Мирзиёев Каримовнинг сиёсий иродасини амалга оширган"

Акмал Ризаевнинг айтишича¸ Мирзиëев ўша даврда Каримов сиëсий иродасини амалга оширган ва бугунга келиб ўз хатосини тўғирлаш учун тиришмоқда:

- Шундай тасаввур чиқмоқда. Мирзиëев таниқли ёзувчи Садриддин Айнийнинг Самарқанддаги уй-музейини таъмирлаш учун 300 миллион сўм пул ажратди¸ Рудакий ва Жомийга ҳайкал қўйиш ҳақида фармонга имзо чекди. Ўзи олтита булдозер билан бошида туриб қўпортирган генерал Раҳимов ҳайкалини жойига қўйдирди. Ҳудди карусел орқасига айлангандек манзара,- дейди мунаққид.

Ризаевга кўра, Cовет давридаги ёдгорликлар, ўша давр қаҳрамонлари номлари Ўзбекистон президенти Ислом Каримов томонидан олиб борилаётган аксилсовет сиёсат туфайли “мафкуравий қатағон”га учраган ва Мирзиëев бу қатағонни "тахрир" қилмоқда.

Совет тимсолларининг қайтиши

Киноҳужжатчи Абдулазиз Маҳмудов эса, ҳайкалларнинг қайтарилиши «Совет символикаси ва коммунизм риторикасининг қайта тирилиши» дея баҳолади:

- Совет даври ҳайкалларининг қайтарилиши пухта ўйланмаган қарордир. Совет символикаси ва коммунизм риторикасининг тирилиши биз учун хайрли иш эмас. Мирзиëев Собир Раҳимов ва бошқа ҳайкалларни қайтариш қарорини ўз маслаҳатчилари гапига кириб қабул қилган деб биламан. Бу маслаҳатчилар кўпроқ рус ғояларини¸ рус тадбирларини қўллайдиганлар. Россия билан, Кремль билан қалин бўлишни истаганлар Мирзиëевнинг қулоғини совет риторикаси билан тўлдиряпти¸ - дейди Маҳмудов.

Таниқли ҳайкалтарош Азамат Ҳатамов Собир Раҳимов ҳайкалининг қайтарилишини Озодлик билан суҳбатда олқишлади:

- Қайтгани яхши бўлди. 1981 йилда ҳайкалтарош Бабаян уни қоя устида турган каби тасвирлаганди. Паркка кўчирилганида улуғворлик йўқолган эди. Ҳайкал сифатида эстетик қиммати бор. Ҳайкал атроф-муҳит ва постамент билан уйғун бўлсагина визуал аҳамият касб этади¸ - дейди ҳайкалтарош.

Миллий қаҳрамонми ëки шўро империяси хизматкори?

Совет генерали Собир Раҳимовни фақат ўзбек миллати учун курашган қаҳрамон, дея оламизми?

Тарихчи олим, профессор Темур Хўжа 2010 йилги суҳбатда бу савол жавобини ўзбек тарихчиларига ҳавола қилган эди:

- Албатта, бу масала ҳам жуда мураккаб. Улуғ ватан уруши деб аталаяпти. У Иккинчи жаҳон уруши. Баъзи бир қозоқ, туркман, ўзбеклар чиқиб “Бу бизнинг Улуғ ватан урушимиз” деяпти. Иккинчи жаҳон уруши ҳеч қачон туркман, ўзбек, қозоқ халқларининг катта ватан уруши деб ҳисобланиши мумкин эмас. Бу урушда фақат чор мустамлакачи қўшин қисмларида хизмат қилган ўзбек, қозоқ, туркман генераллари ëки аскарлари қатнашган. Демак, бу ҳарбийларнинг на Ўзбекистон, на Қозоғистон ва на Туркамнистон миллий манфаатларига хизмат қилмайдиган бир жиҳати бор. Бу сабабдан биз совет даври қаҳрамонларини ҳозир мустақиллик даврида ўзбек, қозоқ ëки туркман халқларининг миллий генераллари деб аташимиз, тарихий жиҳатдан жуда нотўғри бўлади.

Озодлик: Бу кишини қаҳрамон деб улуғлаш масаласига қандай қарайсиз?

- Совет нуқтаи назаридан Совет Ўзбекистонининг қаҳрамони, деб аталса бўлади. Ўша генераллар Совет мустамлака тузумига хизмат қилган. Ўзбек халқининг миллий манфаатларига хизмат қилган эмас. Янги даврда кўрамиз. Ўзбекистон¸ Туркманистон, Қозоғистондаги ҳозирги генераллар ҳақиқий маънода ўз халқига хизмат қиладиган генераллар бўлиб чиқадими, чиқмайдими буни тарих кўрсатади. Буни келгуси авлодлар, албатта, баҳолайди. Биз бугун фақат совет даврини баҳолашимиз мумкин. Совет давридаги қаҳрамонларни биз ҳақиқий ўзбек, қозоқ, туркман қаҳрамон авлодлари деб аташимиз, жуда катта хато бўлади. Чунки ўша даврда Ўзбекистон, Қозоғистон, Туркманистон мусткамлака давлатлар эди. Совет империяси остида эзилаëтган мустамлака давлат эди. Биз уларни қандай қаҳрамон дейишимиз мумкин? Бу жуда ҳам нотўғри бўлади. Мустақиллик давридаги ўзбек тарихчиларининг олдида катта бир масала бор. Бу ҳам бўлса Совет даврида совет ҳокимиятига хизмат қилганларни қандай баҳолаш масаласи. Бир ëқда мустамлакачиликка қарши курашган босмачилар, жадидлар, Фитратлар, Мунаввар қорилар, Беҳбудийлар, Чўлпонлар бор, бир ëқда Рашидовлар ва бошқалар бор.

Ҳозир ўзбек тарихчиларининг олдидаги энг катта муаммолардан бири Рашидовни қандай баҳолайдилар? Рашидов ўзбек халқининг бир қаҳрамоними ëки совет мустамлакачилигига хизмат қилган совет расмий кишисими? Албатта, баъзи нарсаларни қилган бўлиши мумкин. Рашидов очиқ-ойдин совет мустамлакачилигига қарши чиқмаган. У даврни баҳолаëтганда мустамлакачилик давридаги таниқли ўзбек сиëсий арбоблари, зиëлилари ëки генералларини бугуян қандай баҳолашимиз керак? Ўзбек тарихчилари бу муаммони ечиши керак. Бу катта бир муаммо.

Бир ëқда босмачилар бор. Улар совет империясига қарши очиқ қуролли уруш олиб борган. Ундан ташқари жадид зиëлилари бор. Улар ҳам очиқ-ойдин кураш олиб борган. Бир ëқдан бўлса очиқ-ойдин айтмаган бўлса ҳам¸ яширин вазиятда ўзбек халқининг манфаати учун ҳаракат қилиб, кейин Сталин томонидан отиб ўлдирилган Файзулла Хўжалар, Акмал Икромлар бор. Ундан кейин етишган Рашидовлар, Усмонхўжаевлар, бошқа совет даври Ўзбекистон компартия раислари бор. Буларни қандай баҳолаш мумкин? Бу тўғрида¸ четдан туриб менинг фикр билдиришим тўғри бўлмайди. Бу муаммони Ўзбекистондаги тарихчилар, зиëлилар ечиши керак, - деган эди тарихчи олим, профессор Темур Хўжа 2010 йили Озодликка берган суҳбатида.

XS
SM
MD
LG