Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:09

ЎзЛиДеП Шавкат Мирзиёевни президентликка номзод сифатида кўрсатади

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев президентлик муддатини 5 йилдан 7 йилга узайтирган конституциявий ўзгаришлар ортидан навбатдан ташқари президентлик сайлови ўтказилишини эълон қилди.

Сайлов 9 июль куни бўлади.

Мирзиёев бу ҳақда эълон қилар экан, президентлик муддатининг қолган уч ярим йиллик муддатидан “ўз ташаббуси билан” воз кечаётганини айтди.

Навбатдан ташқари парламент сайловлари учун ҳам уч ойлик муддат берилган, бироқ амалдаги икки палатали органни тарқатиб юбориш тўғрисида қарор қабул қилинмаган.

30 апрель куни бўлиб ўтган конституцияга ўзгартиришлар бўйича референдум президентлик муддатини узайтиришга йўл очди. Кузатувчилар ташаббуснинг асосий мақсади Мирзиёевнинг президентлик муддатини узайтириш эканини таъкидламоқда.

66 ёшли Мирзиёев 2021-йилда иккинчи беш йиллик президентлик муддатига сайланган. Муддатидан ташқари президентлик сайловларида ғалаба қозониши унга қўшимча 14 йиллик ваколат бериши мумкин,.

Мирзиёев илк бор 2016 йилда узоқ йиллик раҳбар Ислом Каримовдан кейин президентликка сайланган эди.

Каримов конституцияга кўра икки муддат президентликка рухсат берилганига қарамай, тўрт марта президент этиб сайланган ва референдум орқали бир марта президентлик муддатини узайтирган. Унинг президентлиги даврида президентлик муддати беш йилдан етти йилга, кейин яна етти йилдан беш йилгача ўзгартирилди.

Каримов 2016 йилда 78 ёшида вафот этгунига қадар Ўзбекистонни 27 йил бошқарди.

20:56 11.5.2023

Экопартиядан номзод маълум бўлди

Ўзбекистондаги Экологик партия 11 май куни навбатдан ташқари пленум, ўтказиб ўзининг бўлажак съездида июль ойида ўтказиладиган президентлик сайловларида Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Абдушукур Хамзаевни кўрсатиш бўйича қарор қабул қилган.

Ўзбекистонда сўнгги қарийб ўттиз йил давомида "чўнтак партия"ларидан номзодлар кўрсатилади, уларнинг сиёсий-ижтимоий ҳаётдаги ўрни ҳеч қачон сезилмаган. Ҳозирги даврда ҳам қонунан рўйхатдан ўтган беш партия Мирзиёев чизиғидан чиқмайди.

Чинакам мухолифат партияларга йўл берилмайди.

Ўзбекистонда 2021 йилда ўтган сайловларда хонанда Жаҳонгир Отажонов мухолифатдаги «Эрк» партиясидан Ўзбекистон президентлигига номзодини илгари суришини эълон қилди, аммо ўзи ва яқинларига босимлар туфайли сиёсатдан чекинди.

Ўзбекистон Адлия вазирлиги «Хақиқат ва тараққиёт» социал-демократик партияси раҳбари, профессор Хидирназар Аллақуловни «имзо тўплашдаги камчиликлар» важидан рўйхатга олишни рад этди.

18:55 10.5.2023

АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси Халқ дипломатияси бўлими раҳбари Алексис Салливан

Хориж дипломатлари ва сиёсатчиларнинг бу мазмундаги баенотлари фонида расмий Тошкент ўз мухолифлари ва танқидчиларининг, инсон ҳуқуқлари, сўз эркинлигининг бузилиши, фаоллар ортидан босим ва таъқиблар ҳамда ҳокимият бўғинлартдаги коррупция иддаоларига оид эътирозларини инобатсиз қолдирмоқда.

Ўзбекистон Марказий Сайлов комиссияси берган маълумотга кўра, 36 миллион аҳолиси бўлган мамлакатда 9 июль куни сайловни ўтказиш учун 7 та йўналишда 51 та тадбир белгиланган:

- 15 майгача сиёсий партиялар Марказий сайлов комиссиясига ҳужжатлар тақдим этиши керак,

- 17 майдан 1 июнгача президентликка номзодлар кўрсатилиши керак,

- номзодлар 6 июнгача рўйхатга олиниши керак,

- 7 июндан номзодларнинг вакиллари рўйхатга олиниши керак,

- 9 июлда эса сайловни ўтказиш керак.

Ҳозирга қадар, 30 апрель кунги конституциявий референдумдан сўнг амалдаги икки муддати ноллашган Шавкат Мирзиёев кейинги сайловг номзодини қўйиши ёки қўймаслиги ҳақида оғиз очгани йўқ.

Аммо, Ўзбекистон Сенати раиси ўринбосари, Ўзбекистон дипломатиясида энг узоқ қолаётган сиёсатчи Содиқ Сафоев, агар Мирзиёев истаса ҳокимиятда қолиши мумкинлиги ва айни пайтда, унинг каби сиёсатчилар Мирзиёевнинг ҳокимиятда қолишини исташини билдирган.

Агар номзодини қўйса, 13 йил бош вазир, икки муддат президент бўлган Шавкат Мирзиёев 2040 йилгача ҳокимиятда қолиши мумкин.




18:52 10.5.2023

Ўзбекистонда сайловлар

1991 йил, 29 декабрь

Ўзбекистондаги биринчи президент сайлови.

Собиқ коммунистик партия - Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ислом Каримов ва мухолифатдаги “Эрк” демократик партиясидан Муҳаммад Солиҳ қатнашди.

Амалдаги президент Ислом Каримов 87,1 фоиз овоз билан сайловда ғалаба қозонгани эълон қилинди.

Сайловчиларнинг 12,5 фоизи Каримовнинг рақиби Муҳаммад Солиҳни қўллаб овоз берган.

«Эрк» партияси овоз бериш натижалари сохталаштирилганини айтади.

1995 йил, 26 март

Ислом Каримовнинг президентлик ваколати муддатини 4 йилга узайтириш бўйича умумхалқ референдуми бўлиб ўтди.

99,6 фоиз овоз билан амалдаги президент ваколати 2000 йилгача узайтирилди.

2000 йил, 9 январь

Амалдаги президент Ислом Каримов номзоди “Фидокорлар” миллий демократик партиясидан кўрсатилди. Сайловда Каримов 91,9 фоизи овоз олгани эълон қилинди. Унинг рақиби - Ўзбекистон Халқ демократик партияси номзоди Абдулҳафиз Жалолов 4,71 фоиз овоз олди. Унинг ўзи Ислом Каримовга овоз берганини айтди.

2002 йил

Умумхалқ референдумида президент ваколати муддати 7 йилга узайтирилди ва у амалдаги давлат раҳбари ваколат муддатига тадбиқ этилди.

2007 йил, 23 декабрь

Ўзбекистон конституцияси бир шахсга икки муддатдан кўп президент лавозимини эгаллашни тақиқласа-да, Ислом Каримов 88,1 фоизи овоз билан учинчи муддатга президент этиб сайланди.

4 номзод орасида биринчи аёл номзод – Дилором Тошмуҳамедова ҳам бор эди. У 2,9 фоизи овоз олгани эълон қилинди. Сайловда биринчи марта «ташаббус гуруҳи»дан қатнашган номзод Акмал Саидов 2,85 фоиз овоз олди.

2015 йил, 29 март

Ислом Каримовнинг навбатдаги президентлик ваколати 2014 йил декабрида ниҳоясига етди. Аммо президент сайлови 2015 йил мартига кўчирилди. Расмий сабаб – декабрга режаланган парламент сайловлари.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан номзод Ислом Каримов 90,39 фоиз овоз олгани эълон қилинди.

Унинг асосий рақиби – ХДП номзоди Ҳотамжон Кетмонов 2,92 фоиз олди.

2016 йил, 4 декабрь

Ислом Каримов ўлимидан кейинги биринчи президент сайлови.

Бош вазир ва вақтинча президент Шавкат Мирзиёев 87,73 фоиз овоз билан Ўзбекистоннинг иккинчи президенти этиб сайланди.

Қолган 3 номзод орасидан яна марҳум Каримовнинг собиқ рақиби Кетмонов энг кўп - 3,73 фоиз овоз олди.

Европалик кузатувчилар сайловда сиёсий рақобат муҳити кузатилмаганини қайд этди.

2021 йил, 24 октябрь

66 ёшли Мирзиёев иккинчи беш йиллик президентлик муддатига сайлангани ва деярли 13 млн овоз (80,12%) тўплагани эълон қилинди. Иккинчи ўринни эса 6,63% овоз билан Мақсуда Ворисова эгаллаган.

18:41 10.5.2023

Референдумдан сайловга

- 30 апрель, референдум бўлиб ўтди, Мирзиёвнинг икки президентлик муддати қонунан жиҳитдан “ноллашди”.

- 2 май, Янги конституцияга асосан Сайлов кодексини ўзгартириш лойиҳасини Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қабул қилди.

- 4 май, Ўзбекистон Сенати янгиланган Сайлов кодексини маъқуллади.

- 6 май, айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш киритишга оид конституциявий қонун қабул қилинди.

- 8 май, Сайлов кодекси янгилангани жамоатчиликка эълон қилинди. Шу куниёқ Шавкат Мирзиёев янгиланган кодекс асосида муддатидан аввал президентлик сайловини эълон қилди.

- 10 май, Марказий сайлов комиссияси сайловолди кампаниясига старт берди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG