Сайлов кампаниясига старт берилди
Ўзбекистон президентлиги учун сайлов кампаниясига 10 майдан старт берилди.
Марказий сайлов комиссияси 9 июль куни бўлиб ўтадиган муддатидан олдинги Ўзбекистон президенти сайлови учун кампания бошлангани ҳақидаги қарорни қабул қилди.
Партиялар ўз ваколатли вакилларини рўйхатга олиш учун 13 майгача мурожаат қилишлари керак. Сайловда иштирок этиш учун ҳужжатларни эса 15 майгача МСКга юбориши лозим.
17 майдан 1 июнгача партиялар ўз номзодларини кўрсатишлари мумкин. Номзодни рўйхатга олиш ҳақидаги ҳужжатларни тақдим этиш — 2 июнь куни якунланади.
МСК томонидан президентликка номзодларни рўйхатга олиш 6 июнгача амалга оширилади.
Ўзбекистон депутатларни сайлашнинг аралаш тизимига ўтмоқчи
Ўзбекистонда Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлар депутатлари корпусини шакллантириш учун мажоритар-пропорционал (аралаш) сайлов тизимини жорий этиш режалаштирилмоқда.
Бу ҳақда 8 майдаги “Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги мамлакат президенти фармонида таъкидланган.
Фармонда қайд этилишича, бу Олий Мажлис палаталари ва сиёсий партияларнинг таклифи бўлган. Ҳужжатда Қонунчилик палатасига бир ой муддатда мажоритар-пропорционал шаклга асосланган сайлов тизимига ўтишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш тавсия этилади.
Ўзбекистонда сўнгги қарийб ўттиз йил давомида парламентлар "чўнтак партия"ларидан шакллантирилган парламентлар деб кўриб келинди, уларнинг сиёсий-ижтимоий ҳаётдаги ўрни сезилмаган.
Чинакам мухолифат партияларга йўл берилмайди.
Референдумдан сайловга
- 30 апрель, референдум бўлиб ўтди, Мирзиёвнинг икки президентлик муддати қонунан жиҳитдан “ноллашди”.
- 2 май, Янги конституцияга асосан Сайлов кодексини ўзгартириш лойиҳасини Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қабул қилди.
- 4 май, Ўзбекистон Сенати янгиланган Сайлов кодексини маъқуллади.
- 6 май, айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш киритишга оид конституциявий қонун қабул қилинди.
- 8 май, Сайлов кодекси янгилангани жамоатчиликка эълон қилинди. Шу куниёқ Шавкат Мирзиёев янгиланган кодекс асосида муддатидан аввал президентлик сайловини эълон қилди.
- 10 май, Марказий сайлов комиссияси сайловолди кампаниясига старт берди.
Ўзбекистонда сайловлар
1991 йил, 29 декабрь
Ўзбекистондаги биринчи президент сайлови.
Собиқ коммунистик партия - Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ислом Каримов ва мухолифатдаги “Эрк” демократик партиясидан Муҳаммад Солиҳ қатнашди.
Амалдаги президент Ислом Каримов 87,1 фоиз овоз билан сайловда ғалаба қозонгани эълон қилинди.
Сайловчиларнинг 12,5 фоизи Каримовнинг рақиби Муҳаммад Солиҳни қўллаб овоз берган.
«Эрк» партияси овоз бериш натижалари сохталаштирилганини айтади.
1995 йил, 26 март
Ислом Каримовнинг президентлик ваколати муддатини 4 йилга узайтириш бўйича умумхалқ референдуми бўлиб ўтди.
99,6 фоиз овоз билан амалдаги президент ваколати 2000 йилгача узайтирилди.
2000 йил, 9 январь
Амалдаги президент Ислом Каримов номзоди “Фидокорлар” миллий демократик партиясидан кўрсатилди. Сайловда Каримов 91,9 фоизи овоз олгани эълон қилинди. Унинг рақиби - Ўзбекистон Халқ демократик партияси номзоди Абдулҳафиз Жалолов 4,71 фоиз овоз олди. Унинг ўзи Ислом Каримовга овоз берганини айтди.
2002 йил
Умумхалқ референдумида президент ваколати муддати 7 йилга узайтирилди ва у амалдаги давлат раҳбари ваколат муддатига тадбиқ этилди.
2007 йил, 23 декабрь
Ўзбекистон конституцияси бир шахсга икки муддатдан кўп президент лавозимини эгаллашни тақиқласа-да, Ислом Каримов 88,1 фоизи овоз билан учинчи муддатга президент этиб сайланди.
4 номзод орасида биринчи аёл номзод – Дилором Тошмуҳамедова ҳам бор эди. У 2,9 фоизи овоз олгани эълон қилинди. Сайловда биринчи марта «ташаббус гуруҳи»дан қатнашган номзод Акмал Саидов 2,85 фоиз овоз олди.
2015 йил, 29 март
Ислом Каримовнинг навбатдаги президентлик ваколати 2014 йил декабрида ниҳоясига етди. Аммо президент сайлови 2015 йил мартига кўчирилди. Расмий сабаб – декабрга режаланган парламент сайловлари.
Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан номзод Ислом Каримов 90,39 фоиз овоз олгани эълон қилинди.
Унинг асосий рақиби – ХДП номзоди Ҳотамжон Кетмонов 2,92 фоиз олди.
2016 йил, 4 декабрь
Ислом Каримов ўлимидан кейинги биринчи президент сайлови.
Бош вазир ва вақтинча президент Шавкат Мирзиёев 87,73 фоиз овоз билан Ўзбекистоннинг иккинчи президенти этиб сайланди.
Қолган 3 номзод орасидан яна марҳум Каримовнинг собиқ рақиби Кетмонов энг кўп - 3,73 фоиз овоз олди.
Европалик кузатувчилар сайловда сиёсий рақобат муҳити кузатилмаганини қайд этди.
2021 йил, 24 октябрь
66 ёшли Мирзиёев иккинчи беш йиллик президентлик муддатига сайлангани ва деярли 13 млн овоз (80,12%) тўплагани эълон қилинди. Иккинчи ўринни эса 6,63% овоз билан Мақсуда Ворисова эгаллаган.