Ақтўбе вилоятида йўловчи ташувчи автобус билан рўй берган йўл-транспорт ҳодисаси (ЙТҲ) натижасида камида етти киши жароҳатланди ва касалхонага етказилди. Бу ҳақда Ақтўбе вилоят ички ишлар департаменти хабар қилди.
Йўл-транспорт ҳодисаси, полиция хабарига кўра, 25 февраль куни Самара - Чимкент трассасида Хромтов туманидаги Жозиқ посёлкаси яқинида рўй берди. Ақтўбе вилояти ИИД хабарига қараганда, автобус Ўзбекистон фуқароларини олиб кетаётган эди, автобус салонида 25 нафар йўловчи бўлган.
«Mercedes русумли автобуснинг 35 ёшли ҳайдовчиси Ақтўбе шаҳри томондан келатуриб, Хромтов шаҳри йўналишида кетаётганида рулни бошқара олмай қолган ва автобус йўл четига чиқиб кетиб, ағдарилиб тушган. ЙТҲ натижасида автобуснинг етти йўловчиси – Ўзбекистон фуқаролари – турли хил жароҳатлар олиб, Хротов шаҳрининг туман марказий касалхонасига ётқизилди», — дейилади департамент матбуот хизматнинг хабарида.
Полиция “Транспорт воситаларини бошқараётган шахснинг йўл ҳаракати ёки транспорт воситаларини бошқариш қоидаларини бузиши” моддаси бўйича тергов бошланганини хабар қилди.
18 январь куни Самара-Чимкент автойўлининг Қозоғистон Ақтўбе вилоятидан ўтадиган қисмида автобусда кетаётган 52 нафар ўзбекистонлик ёниб кетган эди.