Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:51

Рашидов юбилейини унинг даврида урф бўлган "қўшиб ёзиш" билан кутиб олмоқчи бўлишди


Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларида илк бор ҳокимлар пахтани қўшиб ёзгани учун лавозимидан айрилмоқда.
Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларида илк бор ҳокимлар пахтани қўшиб ёзгани учун лавозимидан айрилмоқда.

Тошкент ва Жиззах вилоятларининг хокимлари тайинланганидан 10 ой ўтиб лавозимларидан олинди. Озодлик манбаларига кўра, ҳокимларнинг ишдан олинишига 2017 йилги пахта мавсумида ушбу вилоятларда пахта ҳосилини қўшиб ёзишга йўл қўйилгани сабаб бўлган. Мажлисда қатнашганлардан бирининг Озодликка айтишича, Жиззах ҳокими қўшиб ёзганини "Шароф Рашидовнинг юз йиллиги учун юртбоши келишига уялиб қолмаслик учун" қилинган ҳаракат сифатида изоҳлаган.

Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикаси раҳбарлари эса пахта ҳосили бўйича ҳисоб беришда йўл қўйган хато учун огоҳлантириш олган.

30 октябрь тонгида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов иштирокида ўтказилган видеоселекторда Тошкент вилоят ҳокими Шукрулло Бобоев ва Жиззах вилояти ҳокими Улуғбек Узоқовлар 2017 йилги пахта мавсумида ҳосилни қўшиб ёзишга йўл қўйилганликда айбланганлар ва айнан шу сабаб лавозимларидан айрилганлар.

Ўтган ҳафта давлатга пахта топшириш режасини бажарганликларини эълон қилган Хоразм, Навоий вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикаси қўшиб ёзишларга йўл қўйилгани сабабли режани ҳали бажармаган, деб топилган.

Шу селектор мажлисида қатнашган ўзбек мулозимларидан бири бу ҳақда Озодликка гапириб берди:

- Жиззах вилоятида 120 миллиард сўмлик пахтани қўшиб ёзишгани мажлисда айтилди. Бу шу вилоятда етиштирилган хосилнинг 8 фоизини ташкил этади. Саккиз фоизлик ҳаво, яъни йўқ нарсани қўшиб ёзишган. Ҳоким Узоқов селектор мажлисида вилоятни юзини ерга қаратмаслик учун, Шароф Рашидовни юз йиллиги учун юртбошимиз келишига уялиб қолмаслик учун шу ишни қилгани, кейинчалик 15 ноябргача устини тўлдириш мақсадида қилганини айтаяпти. Тошкент вилоятида эса қўшиб ёзиш 12 фоизни ташкил қилган. Шу мажлисни ўзида шу икки вилоят ҳокими ва прокурорлари ишдан олинди. Янги тайинланган прокурор бошлиқларига қўшиб ёзишларни тафтиш қилиш бўйича топшириқ берилди, - деди исми сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган мулозим.

Шукрулло Бобоев ва Улуғбек Узоқовларни президент Шавкат Мирзиёев 2016 йилнинг декабрида Тошкент ва Жиззах вилоятлари ҳокимлик курсисига ўтқизганди.

Эндиликда, Тошкент вилоятига Ўзбекистон бош вазирнинг ўринбосари бўлиб ишлаган Ғуломжон Ибрагимов ҳоким вазифасини бажарувчи, Жиззах вилоятига эса шу вилоятнинг Арнасой тумани ҳокими бўлиб ишлаган Эргаш Солиев ҳоким этиб тайинланди.

Ғуломжон Ибрагимов охирги 14 ой ичида Тошкент вилоятига тайинланаётган тўртинчи ҳоким бўлди.

Қўшиб ёзишлар

Ўзбекистон мустақbлликка эришганидан буён илк бор ҳокимлар пахта бўйича қўшиб ёзиш учун лавозимидан айрилмоқда.

Ўзбекистоннинг 2016 йил сентябрида вафот этган президенти Ислом Каримов бошқаруви даврида қўшиб ёзишлар ҳақида очиқ гапирилмаган.

Узоқ йил пахта тозалаш саноатида ишлаган наманганлик Аббос Асад Озодлик билан суҳбатда қўшиб-ёзишларни Совет тизимидан мерос қолган маъмурий буйруқбозликка асосланган режали иқтисод маҳсули эканини айтади.

- Бу ўша Шўролар давридаги "плановий экономика" маҳсули. Фақат кўрсаткичлар учун, тепага рапортлар, ҳисоботлар бериш учун қилинарди бу. Ҳар бир раҳбарнинг иши шу рақамларга қараб баҳоланар эди. Ҳар бир вилоят қўшиб ёзишлар ҳисобига бири биридан ўзишга ҳаракат қилар эди. Ўзбекистонда 6 миллион тонна пахта топширдик дейиларди, лекин аслида унақа миқдорда пахтани Ўзбекистон етиштирмаган, фақат рақамлар эди. Афсуски, ҳозир бу бизга мерос бўлиб қолди. Энди Мирзиёев жойлардаги вазиятни билган холда буни йўқ қилишга уринмоқда, - дейди Аббос Асад.

Фарғоналик фермер Очил Бегматов Ўзбекистонда қўлланилган қўшиб ёзиш схемаларидан бири ҳақда Озодликка айтиб берган.

- Айтайлик, фермер шартномада кўрсатилган пахтани тўла топшира олмай қолди – плани тўлмади. Шундай пайтда у пахта заводи раҳбари билан келишади. Масалан, бундан 2 йил олдин 200 доллар эвазига пахта заводи фермернинг номига 1 тонна 5- нав пахта ёзар эди. Аслида ўша 1 тонна пахтанинг нархи 50 минг сўм бўлади. 5- нав пахта шу қадар сифатсиз, тола ҳам, чигит ҳам чиқмайдики, завод ўша қўшиб ёзилган пахтани кейин "чанг бўлиб учиб кетди", деб расмийлаштиради. Фермер 200 долларга 1 тонна пахта сотиб олади ва қўлига 20 минг сўм тегади. Лекин фермернинг ютуғи бошқа нарсада: у планини бажаради, ҳокимдан гап эшитмайди. Жон сақлаб қолиш учун, ердан қуруқ қолмаслик учун фермер ўша 200 долларни берар эди, деди Очил Бегматов.

Қўшиб ёзишларга йўл қўймаслик учун Ўзбекистондаги барча пахта заводларида бу йилдан пахтани тортиш учун электрон тарозилар ҳамда хом ашё сифатини баҳоловчи ускуналар мажмуи ўрнатилганди.

Тарозилар ва сифат ўлчагичларда акс этадиган маълумотлар мамлакат бўйлаб ягона мониторинг базасига йиғилиши айтилган.

Лекин, мутахассислар, жумладан Аббос Асад ҳам Ўзбекистонда пахта етиштириш давлат бошқаруви остида қолишда давом этаркан, давлатга пахта сотишда қўшиб ёзишлар бир-икки ҳокимнинг ишдан олингани билан ҳам электрон тарозилар ўрнатиш билан ҳам тўхтамайди, деган фикрдалар.

Совет даврида пахта планини бажариш йўлидаги қўшиб ёзишлар Ўзбекистонда Шараф Рашидов раҳбарлик қилган етмишинчи-саксонинчи йилларда авж олгани ва бу Москванинг босими остида рўй бергани ҳақида айтилади.

Wikipedia сайти маълумотига кўра, 1983 йилдан 1989 йилгача “Пахта иши” бўйича Ўзбекистонда ССРда бригада бошлиқлари, пахта заводлар директорлари, колхоз раисларидан тортиб област раҳбарларигача юзлаб одам қамоққа олинган.

XS
SM
MD
LG