Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 00:40

Шаҳрисабзда қалампир экишга мажбурланган фермерлардан чет элдан харидор топиш талаб қилинмоқда


Қашқадарё вилоят, Шаҳрисабз туманидаги фермерларнинг шикоят қилишича, уларга ҳокимлик қалампирни мажбурлаб эктириб, 1 июлгача чет элдан ҳаридор топишни ҳам уларнинг бўйнига юклаган.

Фермерлар белгиланган муддатда қалампир экспорти мажбуриятини бажармаса, ерлари қайтариб олиниши ҳақида огоҳлантирилган.

Исми сир қолиши шарти билан Озодликка гапирган шаҳрисабзлик фермерга кўра, туман ҳокими, прокурор, ИИБ бошлиғи 5 июнь куни ҳамма фермерларни битта хонага йиғиб, уларга қалампирни тезроқ етиштириш ва чет элдан харидор топиш мажбуриятини юклаган.

- Соат 15:00 да туман ҳокимлиги иқтисод бўлимидан Фарҳод ака фермер ва тадбиркорларни битта-биттадан туман ҳокими Холбобо Бозоров, ҳоким муовини Зайнидин Ҳалилов ҳамда началник мелиса ўтирган хонага киритиб турди. У ерда ҳар бир фермерга яқинда экилган қалампирни тезроқ етиштириб, чет элдан ҳаридорлар топиш мажбурияти қўйилди. Тадбиркорларга 200 мингдан 1 миллион долларгача экспорт мажбурияти қўйилди. Агарда мажбурият бажарилмаса ҳокимият томонидан ажратилган ерлар қайтариб олиниши писанда қилинди, президентни топшириғи экан бу, - деди шаҳрисабзлик фермер.

Шаҳрисабз тумани ҳокимлиги мулозими 5 июнь куни фермерлар ва маҳаллий тадбиркорлар билан қалампир етиштириш ва унинг экспорти масаласи муҳокама қилинганини Озодликка тасдиқлади.

Лекин, мулозим қалампир етиштириш бўйича деҳқонларга босим ўтказилаётгани ҳақидаги иддаоларни рад қилди.

- Биз фермер хўжаликлар ерини ҳисобга олган холда режа белгилаганмиз. Қалампир чет элга экспорт қилиш учун экиляпти. Мамлакатга валюта олиб келадиган маҳсулот бу. Биз шуни бирма-бир фермерларга тушунтирдик. Лекин, планни бажармаганларнинг ерлари олиб қўйилади, деган гап бўлгани йўқ, фермерларга ҳамма имконият берилади, - деди Шаҳрисабз тумани ҳокимлигининг иқтисодиёт масалаларига масъул мулозими.

Бу йил Шаҳрисабз туманида 130 гектар майдонга 60-80 кун ичида пишадиган аччиқ қалампир экилган, экспортга мўлжалланган 14 минг тоннадан зиёд қалампир ҳосили олиш режаланган.

Аччиқ қалампирнинг аччиқ машаққати

Озодлик сухбатлашган китоблик фермер эса, аччиқ қалампир етиштириш улар зарарига бўлаётгани, кўзланган ҳосилга кўзи етмаётганини айтади.

- Бизга қўйилган муддатда қалампирдан юқори ҳосил олишига кўзимиз етмайди. Сув йўқ. Қалампирни икки баравар қиммат нархда эртапишар, деб бизга мажбурлаб ўтказишди. Экдик, ҳаммаси қовжираб ётибди. Бунақа буйрубозлик билан қилинмайди-да бу, - дейди шаҳрисабзлик фермер.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси шу йил 27 январь куни 62-сонли “Ўзбекистонда хориж тажрибаси асосида аччиқ қалампир етиштиршни кўпайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни қабул қилган.

Қарор ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистонда Сhiliuz корхонаси иш бошлаган эди.

Ҳозирда Сhiliuz корхонаси деҳқон ва фермер хўжаликларига аччиқ қалампир экиш учун талаб этиладиган уруғлик ва кўчатларни етказиб бериш билан шуғулланмоқда.

Лекин, Сhiliuz корхонаси ахборот хизмати ходими Зулайҳо Мусурмонова Қашқадарёда экилган қалампир ҳосилига уларнинг алоқаси йўқлигини айтди.

- Бизни Қашқадарё билан шартномамиз йўқ. Бошқа вилоятлар билан ишлаяпмиз. Биз фермерларга Ҳиндистондан кўчат олиб берганмиз. Қалампир етиштирилганидан кейин ҳар килосини 2 ярим минг сўмдан сотиб олиб, ўзимиз экспорт қилишни режелаштиргандик. Агар Қашқадарё биз билан шартнома тузганида биз уларнинг ҳам маҳсулотини сотиб олар эдик. Фермерлар ўзлари четдан ҳаридор излашига ҳожат қолмас эди, - деди Мусурмонова.

Айни пайтда Сhiliuz корхонаси билан ишловчи айрим вилоятлардаги деҳқон хўжаликларида қалампир ҳосили барбод бўлган.

Қорақалпоғистонда эса қалаптир кўчатлари қуриб қолган.

Сhiliuz корхонасига кўра, кўчатларнинг қуриб қолиши сабабини уларнинг ўз вақтида қабул қилиб олинмагани, ер тайёр эмаслиги ва сув муаммоси билан изоҳламоқда.

- Сув муаммоси бўлатуриб биз билан мана шунча майдонга қалампир экамиз, деб шартнома тузишган. Кейин кўчатлар нобуд бўлди, 70 миллион дона кўчат нобуд бўлди. Натижада 7 миллиард сўмдан ортиқроқ зарар кўрдик, - деди Сhiliuz корхонаси ахборот хизмати ходими Зулайҳо Мусурмонова.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси маълумотига кўра, бу йил мамалкатда 15 минг гектар майдонга аччиқ қалампир экилган.

Мамлакат 1 гектарда 16 тонна қалампир етиштириб, 3,2 тонна қуритилган аччиқ қалампир олмоқчи.

Ўтган йили президент Шавкат Мирзиёев пахтадан кам ҳосил олинадиган жойларга Индонезия ва Ҳиндистондан келтириладиган ва 60-80 кун ичида пишадиган аччиқ қалампир экиш ҳақида кўрсатма берганди.

XS
SM
MD
LG