30 июль куни Жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят суди 4 ой муқаддам чет элдан қайтиб келган Бахтиёр Ҳамроевни суд залидан озод қилиш тўғрисида ҳукм чиқарди.
Айни пайтда, 26 июлга ўтар кечаси Туркиядан Ўзбекистонга қайтиб, Андижонга етиши биланоқ ҳибсга олинган Хайрулло Икромовнинг тақдиридан уни қайтишга кўндирган 80 яшар онаси ташвиш билдирмоқда.
Суд залидан озод қилинган наманганлик ҳам, беш кундан буён ҳибсда сақланаётган андижонлик ҳам диний мотивлар билан махсус рўйхатга киритилган ва қидирувда бўлган фуқаролардир.
2018 йилнинг 31 июль ҳолатига кўра, диний экстремистик оқимлар таркибида жиноят содир этганлиги учун жами 3390 нафар шахс қидирувдагилар рўйхатида эди. 2018 йил бошидан буён уларнинг 134 нафари ушланган, шу жумладан 36 нафари ўз ихтиёри билан Ўзбекистонга қайтган.
“Мени қамамадилар!”
“Ноқонуний диний йиғилишларга бориб қолгани”, ўшандай йиғилишларга алоқаси бор танишлари қўлга олина бошлагач, 2014 йилнинг 19 сентябрида Ўзбекистондан чиқиб кетганича Қирғизистонда яшаб юрган ва ниҳоят жорий йил 28 мартда Ўзбекистонга қайтиб келган Бахтиёр Ҳамроев 30 июль куни суд уни озод қилгани тўғрисида Озодликка хабар қилди.
- 30 июль, соат 1 дан 40 минут ўтганда суд залига кирдим. Соат 2 дан 40 минут ўтганда хурсандчилик билан чиқдим, уйда, бола-чақам билан хурсанд бўлиб ўтирибман,- деди наманганлик Бахтиёр Ҳамроев.
Бахтиёрнинг адвокати мижозидан олинган маълумотни тасдиқлади.
Исми айтилмаслигини сўраган адвокатнинг айтишича, суд Бахтиёр Ҳамроевни Жиноят кодексининг 223- моддаси (Қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш) бўйича айбдор, деб топган ва унга 4 йилга озодликдан чеклаш жазоси қўллаган.
- Кечқурун 10.00 дан тонгги 6.00 гача ўзи яшайдиган уйда бўлиши лозим, -деди адвокат.
Бахтиёр Ҳамроев 28 март куни Ўзбекистонга қайтиб, Наманганга етиб келиши биланоқ шаҳар ички ишлар бўлимига бориб, “таслим бўлган”,1-2 соатга чўзилган суҳбатдан сўнг у қўйиб юборилган эди.
- Ўшандан бери ўз уйимда яшадим, 5-6 марта терговга, тергов тугагач, 5-6 марта суд мажлисларига қатнадим, ниҳоят 30 июль куни ҳукм чиқди, -деди Бахтиёр Ҳамроев.
Наманганлик 38 яшар Бахтиёр Бишкекдалигида у билан яқинлари, участка нозири, бошқа ходимлар телефон орқали алоқага чиққан, қўрқмай қайтиб келиши мумкинлигини айтган.
Она даъвати
14 йилдан бери Ўзбекистондан ташқарида, аввал Россияда, сўнгги йилларда Туркияда яшаб юрган Хайрулло Икромовни эса, ватанга қайтишга унинг 80га кирган онаси кўндирган.
1938 йилда туғилган, Андижоннинг Гулистон маҳалласида яшайдиган Оминахон Икромованинг айтишича, у “янги пошшонинг ҳаммани кечираётганидан” руҳланиб, Туркияда яшаб юрган ўғли Хайруллони қайтаришга бел боғлайди.
- Ўғлимни қайтаришга ёрдам сўраб аввал ҳокимга бордим. Ҳоким Ғофиржонга ёзиб берди. ГОВДга бордим, Ғофиржоннинг олдига. Ғофиржон “Сиз битта болангизнинг келишини айтаяпсиз, нечта бўлса, ҳаммаси келаверсин, Мирзиёевимиз ҳаммани афв қилаяпти, деди”, - деди Оминахон Икромова.
1973 йилда туғилган, яқинларининг айтишича, бундан 14 йил муқаддам акаси Қутбилло диний мотивлар билан қамалгач, Россияга кетиб қолган Хайрулло кейинроқ Туркияга бориб қолади.
Бу мамлакатда яшаб турган вақтда андижонлик қизга уйланиб, бир ўғил, икки қизли бўлган Хайрулло Икромов онасининг даъвати билан Ўзбекистонга қайтишга қарор қилади ва 26 июлга ўтар тунда оиласи билан Истанбулдан Тошкентга учиб келади.
Аэропортда андижонлик милиция ходимлари кутиб олди
Тошкент аэропортида Икромов ва унинг оиласини онаси, укаси ва холаси Андижон шаҳар ички ишлар бўлимининг икки ходими билан кутиб олади.
Шундан сўнг, 26 июль эрталаб ҳамма Андижонга етиб келади ва ўшандан буён, онасининг айтишича, Хайрулло шаҳар ички ишлар бўлимида сақланмоқда.
- Ҳар куни бораяпмиз мелисахонага, лекин ўғлимга қачон жавоб беришларини айтишмаяпти,- деди Оминахон Икромова.
Хайрулло яқинларидан бирининг айтишича, у Жиноят кодексининг 223- моддаси (наманганлик Бахтиёр Ҳамроевга қўйилган модда) бўйича айбланаётганини унинг онасига ички ишлар ходимлари айтган.
- "Ўғлингиз чегара бузган, горотделда икки соат ўтириб туради, биз унинг 223- моддасини ўзгартириб берамиз, чақирганимизда уйидан келиб-кетаверади", дейишганини ўзим эшитдим, - деди Хайруллонинг яқинларидан бири.
Озодлик Оминахон Икромовага “ўғлингиз келаверсин, Президентимиз кечиради”, деб ваъда берган ИИБ ходими - Ғофиржонни топишга уринди.
Озодлик боғланган Ғофиржон (фамилиясини айтишни истамади) Андижон шаҳар ИИБ бошлиғи ўринбосари эканлигини айтди. Лекин бу Ғофиржон Оминахон Икромова айтаётган Ғофиржон эканлигининг Озодликда тасдиғи йўқ.
“Андижон шаҳар ИИБ бошлиғи ўринбосари Ғофиржон” аввалига Хайрулло Икромов тўғрисида ҳеч нарса билмаслигини айтди. Бироздан сўнг, “яқинлари келсин, уларга ҳамма гапни тушунтирамиз”, деди.
Расмий идорадан норасмий маълумот
Мамлакат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларининг биридан олинган маълумотга қараганда:
“2018 йил, 1 август ҳолатига жами қидирувдагилар сони 8936 нафарни ташкил этади.
Диний экстремистик оқимлар таркибида жиноят содир этганлиги учун жами 3390 нафар шахсга қидирув эълон қилинган бўлиб, 2018 йилнинг ўтган даврида уларнинг 134 нафари ушланган.
(Қидирувда бўлганлиги сабабли ихтиёрий қайтаётган бўлса ҳам, расмий равишда “қидирув натижасида умумий ушланганлар”,деб ҳисобланади. Ушланганларга нисбатан процессуал тартибда жиноий жавобгарликдан озод қилиш ёки қилмаслик масаласи кўрилади)
Ушланганларнинг 78 нафарига (36 нафари ихтиёрий равишда қидирувдан қайтиб келганлиги, 42 нафари тузалиш йўлига ўтганлиги сабабли) муқаддам қўлланилган қамоқ эҳтиёт чораси қамоққа олиш билан боғлиқ бўлмаган бошқа эҳтиёт чорасига ўзгартирилган”, дейилади Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларидан олинган маълумотда