Линклар

Шошилинч хабар
29 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:53

Москва суди ўзбекистонлик журналистнинг Россия ИИВ устидан шикоятини қондирмади


"Новая газета" журналисти Али Феруз
"Новая газета" журналисти Али Феруз

Москва шаҳар Басманний туман суди жума куни "Новая газета" журналисти Али Ферузнинг унга Россиядан вақтинча беришни рад этган Россия ИИВ устидан ёзган шикоят аризасини қондирмади.

Бу ҳақда Озодлик радиосига Ферузнинг адвокати Ирина Бирюкова хабар қилди.

Ўзбекистон фуқароси Али Феруз бир неча йил давомида Россиядан қочқинлик мақоми олишга уриниб келган, лекин ҳар гал рад жавобини олган.

ИИВ вакилига кўра, Али Ферузга ватани – Ўзбекистонда ҳеч қандай таҳдид йўқ. Бироқ журналистнинг ҳамкасбларида мавжуд маълумотлар, қариндошлари ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари фикрича, Ўзбекистонга қайтар бўлса, Ферузнинг ҳаёти хавф остида қолади.

“Новая газета” мухбири Али Ферузнинг иши Страсбургдаги судда кўрилиши давомида уни Ўзбекистонга чиқариб юбориш мумкин эмаслиги тўғрисида қарор қабул қилинган эди.

Шу мазмундаги талабномани Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судининг Россия маъмурлари номига жўнатгани тўғрисида “Мемориал” инсон ҳуқуқлари маркази юридик директори Кирилл Коротеев Фейсбукдаги саҳифасида жорий йил августи бошида эълон қилган эди.

Москвадаги президент маъмурияти биноси олдида 3 август куни фаоллар “Новая газета” мухбири Али Ферузни Ўзбекистонга депортация қилмаслик талаби билан пикет ўтказдилар. Бундай пикетлар Петербург, Вильнюс ва Берлинда ҳам ўтказилгани хабар қилинди.

“Чегара билмас мухбирлар”, Amnesty International ва Human Rights Watch халқаро ташкилотлари ҳам Россия ҳукуматидан Али Ферузни депортация қилмасликни талаб этаётир.

Human Rights Watch ташкилотининг Россиядаги дастурлари раҳбари Таня Локшина:

- Али Феруз 2008 йилда маҳаллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан икки кун ушланиб, калтаклангани ва қийноқларга солинганидан сўнг Ўзбекистондан қочиб чиққан. У Ўзбекистонга қайтарилса яна даҳшатли қийноқларга солиниши мумкин. Россия уни Ўзбекистонга қайтармаслиги керак, -деб баёнот берган.

"Новая газета" муҳаррири Дмитрий Муратов эса Али Ферузни Европа давлатларидан бирига олиб чиқиб кетилиши юзасидан музокаралар олиб борилаётганини айтган эди.

Ўзбекистон ватандоши экани айтилаётган Худойберди Нурматов март ойида миграция қонунчилигини бузганликда айбланиб Москвада қўлга олинган эди. У тез орада ҳибсдан озод қилинган. Журналист Ўзбекистонга қайтадиган бўлса у ерда уни террорчи ташкилотга аъзоликда айблашлари мумкинлигини иддао қилмоқда.

XS
SM
MD
LG