Ўзбекистон Бош прокуратураси 20 июн куни ижтимоий тармоқларда тарқалган Урганч туман прокурорининг 10 хил дори маҳсулотларини сотувга чиқармаслик тўғрисида “Хоразм дори-дармон” ширкати ҳамда Урганч тумани тиббиёт бирлашмасига йўллаган хати юзасидан изоҳ берди. "Хатнинг мазмуни янглиш ифодаланганлиги сабабли, у ҳозирда юридик кучга эга эмас", - дейилади Бош прокуратура расмий изоҳида. Хатда қайд этилган дори воситаларини сотувдан олиб ташлаш бўйича эса ҳеч қандай чора-тадбирлар амалга оширилмаган.
Ўзбекистон бош прокуратураси интернет нашрлари ва ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетган нотўғри ахборот учун Хоразм вилоят прокуратураси фуқаролардан узр сўрашини маълум қилди.
"Урганч туман прокурори Д.Мадиримовга нисбатан хизмат текшируви ўтказилмоқда ва натижаларига кўра унга нисбатан тегишли чора кўрилади", - дейилади Ўзбекистон бош прокуратураси билдирувида.
Урганч туман прокурори Д.Мадиримовнинг туман тиббиёт бирлашмаси раҳбарияти ва “Хоразм дори-дармон” МЧЖ раиси номига айрим дори воситаларни сотувдан олиб ташлаш чораларини кўриш тўғрисида йўллаган топшириқ хатининг тасвири 20 июн куни ижтимоий тармоқлар ва маҳаллий матбуотда тарқалган эди.
Хоразм вилояти Урганч тумани прокурори Д.Мадримов имзоси билан 18 июнь кунги “Хоразм дори-дармон” ширкати ҳамда Урганч тумани тиббиёт бирлашмасига йўлланган огоҳлантирув хати нусхасида 10 хилдаги дори воситаларини сотишни тақиқлашга қўшни Қозоғистонда 3 ёшдан 12 ёшгача бўлган 12 та боланинг дори воситалари келтириб чиқарган аллергик реакция натижасида ҳалок бўлгани сабаб сифатида келтирилган.
“Бугун Олмаота шаҳрида 3 ёшдан 12 ёшгача бўлган 12 бола бевақт вафот этган. Ўтказилган экспертиза хулосасига кўра, барча болалар дори воситалари таъсирида юзага келган кучли аллергик реакция қурбони бўлишган. Болалар ўлимига сабаб бўлган дори воситалари контрабанда йўли билан бизнинг давлатимизга (таҳр: Ўзбекистонга) ҳам олиб келинган ва фуқаролар соғлигига хавф туғдирмоқда”, - дейилади хатда.
“Хоразм дори-дармон” ширкати мулозими Озодлик билан суҳбатда прокуратурадан шундай мазмунда хат олганликларини тасдиқлади.
"Шундай хат келган ва биз бу йўриқномага амал қиламиз. Бизда kонтрабанда йўли билан келган дори йўқ," – деди “Хоразм дори-дармон” ширкатининг исмини очиқлашни истамаган мулозими.
Озодлик суҳбатлашган Урганч тумани Тиббиёт бирлашмаси бош врачи Фарҳод Султонов прокуратура огоҳлантирув хатида тилга олинган дори воситалари амалда қўлланиб келинаётганини айтар экан, уларнинг мамлакатга қаердан кириб келаётгани ҳақида маълумотга эга эмасликларини таъкидлади.
- Мени ўзим ҳам шу дориларни кўп ишлатганман, сертификати йўқ, қаердан келгани номаълум, тўғри. Лекин, ҳозиргача Қозоғистондагидай холат бизни касалхонада бўлгани йўқ, - дейди Урганч Тиббиёт бирлашмаси бош врачи.
Қозоғистонда мазкур ҳолат юз берганини Интернет манбаларидан топиб бўлмади.
Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳам Урганч тумани прокурори хатида келтирилган маълумотни тасдиқламади.
Ўзбекистон Бош прокуратураси Урганч туман прокурори Д. Мадаминовнинг хати нотўғри экани, бу кўрсатма бўйича дорихоналардан хатда тилга олинган дори воситалари сотувдан олинмаганини билдирди.
"Хоразм вилоят прокуратураси Урганч туман прокурори Д.Мадиримовнинг мазкур хатининг мазмуни хато ифодаланганлиги унинг мазмунини турли тарзда нотўғри талқин қилинишига сабаб бўлганлиги тўғрисида хабар берди. Хатнинг мазмуни янглиш ифодаланганлиги сабабли, у ҳозирда юридик кучга эга эмас, ушбу топшириққа асосан юқорида қайд этилган дори воситаларини сотувдан олиб ташлаш бўйича ҳеч қандай чора-тадбирлар амалга оширилмаган", - дейилади Ўзбекистон бош прокуратурасининг Озодликка йўллаган расмий изоҳида.