Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:05

Қозоғистондан Ўзбекистонга мол олиб кириш енгиллаштирилди (ВИДЕО)


Ўзбек-қозоқ чегарасидаги Ғишткўприк (Черняевка) ва бошқа назорат-ўтказиш пунктлари орқали умумий қиймати 1000 АҚШ долларигача бўлган ўз эҳтиёжи учун истеъмол товарлари 1 январдан бошлаб Ўзбекистонга божсиз олиб кирилмоқда.

Чегарадан Қозоғистонга ўтиб-қайтган ўзбекистонликлар Озодликка йўллаган бу хабарни Ўзбекистон Давлат божхона қўмитасининг чегарадаги ходимлари тасдиқлашди.

Бундан аввал қўшни давлатлардан Ўзбекистонга божсиз олиб кириш мумкин бўлган товарларнинг умумий қиймати 10 долларгачагина эди.

Оддий одамлар оғзаки тилда ҳамон "Черняевка" деб атайдиган, Ўзбекистоннинг "Ғишткўприк", Қозоғистоннинг эса "Жибек жоли" чегара назорат-ўтказиш пунктларидан​ ​3 январь куни ўтиб-қайтган бир неча нафар ўзбекистонлик Озодликка чегарадан мол олиб ўтиш эркинлашгани ва ўзбек божхоначилари "мулойим ва хушмуомала" бўлиб қолганини айтишди.

- Черняевка постида божхоначилар шунақа мулойим, ишонгинг келмайди. 1000 долларгача бўлган молни бемалол ўтказишяпти, божхоначилар ҳам ортиқча текширмаяпти. Бунақа холатни биринчи марта кўришим”, - деди ўзбекистонлик савдогарлардан бири Озодлик билан суҳбатда.

Чегаранинг Қозоғистон томонида жойлашган бозордаги нарх-навонинг Тошкент шаҳри ва вилояти бозорларидан 30-40 фоиз арзонлиги сабаб ўзбекистонликлар бозор-ўчарга Қозоғистонга боришади.

Ғишткўприк (Черняевка) назорат-ўтказиш пунктидаги Ўзбекистон божхона қўмитаси ходими 1 январдан навбатлар йўқолгани ва 1000 долларгача бўлган мол божсиз олиб ўтилаётганини тасдиқлади.

- Ўз эхтиёжи учун ёғ, шоколад, кирсовун олиб келишяпти, уларга ҳеч ким индаётгани йўқ. Лекин, тижорат учун бўлса ёки минг доллардан ошиқроқ бўлса, унда декларация тўлдирилади. Олдин чегарадан ўтган бўлсангиз тўполон-ур-йиқит бўларди. Ҳозир очеред йўқ. Бемалол ўтасиз. Минг долларгача мол учун декларация ёзмайсиз, кўп бўлса ёзасиз, - деди ўзбекистонлик божхоначи.

Қозоғистондан Ўзбекистонга 1000 долларгача маҳсулот олиб кириш мумкин
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:50 0:00

Илгари Ўзбекистонга қайтишда чегарада узундан-узун навбатларга дуч келиб, одамлар соатлаб тик оёқда туришга мажбур бўлишарди.

3 январь куни ўзбек-қозоқ чегарасидаги Ғишткўприк чегара масканидан ўтиб қайтган ўзбекистонлик иқтисодчи Тошбек Озодлик билан суҳбатда чегарада назорат енгиллаштирилгани Ўзбекистон бозоридаги нарх-навонинг пасайишига олиб келишини назардан соқит қилмаслигини айтди.

- Ҳозиргина чегарадан ўтиб-қайтдим. Одамлар озиқ-овқат, ҳатто оргтехникани декларациясиз олиб ўтишяпти. Бу ҳолат, айниқса, Тошкент бозорларидаги нарх-навонинг пасайишига олиб келиши шубҳасиз. Айниқса, янги йил арафаси бозорда егулик нархи ошиб кетди. Қозоғистон томонида озиқ-овқат, оргтехника 30 фоиз, баъзи нарсалар 50 фоизга арзон, шунинг учун Тошкент бозорларида ҳам нарх-навога таъсири бўлади, яъни арзонлашади, - дейди Тошбек.

Ўзбекистонга жисмоний шахслар томонидан истеъмол товарлари олиб кириш Ўзбекистон президентининг 2009 йил, 1 июлдаги 1118-сонли қарори билан тартибга солинади.

Ички истеъмол бозорини ҳимоя қилишни янада кучайтириш ва жисмоний шахслар томонидан республикага истеъмол товарларини олиб киришни тартибга солиш ҳақидаги шу қарорда қўшни давлатлардан шахсий фойдаланиш учун жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистонга бир йўла олиб кириладиган импорт истеъмол товарларининг бож тўловлари олинмайдиган умумий қиймати 10 АҚШ долларидан ошмаслиги керак.

Ҳозир бу қарорга ўзгартиш киритилганми ёки ўзбекистонликлар дастурхонини тўлдириш ва нарх-навони тушириш мақсадида Қозоғистондан мол олиб келишга яратилган вақтинчалик енгилликми бу?

Бу саволга Озодлик бугун жавоб топа олмади. Ўзбекистон Давлат божхона қўмитасидагилар Озодлик мухбири саволига аниқ жавоб беролмади.

Ўзбек-Қозоқ чегарасидаги енгиллик Ўзбекистоннинг бошқа қўшнилари билан чегарасида ҳам жорий этилганми-йўқми - ҳозирча номаълум.

Тошкент чегарадан $10 кўп маҳсулот олиб ўтишга қўйилган тақиқни бекор қилмаслиги тўғрисида Тошкентда 13 декабрь куни ўтган Ўзбекистон-Қирғизистон бизнес форумида Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икромов маълум қилган эди.

Адҳам Икромов чегарадош давлатлардан аҳолининг Ўзбекистонга 10 доллардан ортиқ маҳсулотлар олиб киришига қўйилган чеклов олиб ташланадиган бўлса, Қирғизистон билан “челнок бизнеси” ривожланиб кетишини айтган эди.

“Биз бу миқдорни кўпайтиришимиз мумкин, бироқ Қирғизистон билан муносабатларимизда челнок бизнесини ривожлантиришни истамаймиз. Бундай бизнесдан чегара олди ҳудудлари фақат зарар кўради. Буни Польша ва Украина ёки Россиянинг Калининград вилояти мисолида кўришимиз мумкин. Бу биз кўзлаган йўл эмас”, - деган эди Адҳам Икромов Қирғизистон иқтисодиёт вазири Артем Новиковнинг бу масалани кўтарганига жавобан.

XS
SM
MD
LG