Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:33

Арзон қозоқ бозорига ўтиш учун тошкентликлар чегарада соатлаб навбат кутмоқда (ВИДЕО)


Янги йил арафасида ўзбек-қозоқ чегарасидаги Ғишткўприк (Черняевка) назорат-ўтказиш пунктида турнақатор навбат юзага келди. Чегаранинг Қозоғистон томонида жойлашган бозордаги нарх-навонинг Тошкент шаҳри ва вилояти бозорларидан 30-40 фоиз арзонлиги¸ ўзбекистонликларни янги йил дастурхонини тўлдириш мақсадида чегарадан ўтишга рағбатлантирмоқда.

Турнақатор навбат

Айни кунларда Ғишткўприк постидан ўтиб-қайтган бир неча нафар ўзбекистонлик Озодликка мурожаат қилиб, чегарада узундан-узун навбат юзага келгани, одамлар соатлаб тик оёқда туришга мажбур қолаётганидан шикоят қилди.

“Эрталаб соат 7 да борсангиз, фақат туш пайти чегарадан ўта оласиз. Бир тарафга ўтиш учун 5-6 соат давомида тик оёқда турасиз. Тиқилинчда ёши катталар, аёллар, болалар қийналиб қолаяпти”, дейди куни-кеча “Ғишткўприк” постидан ўтиб-қайтган тошкентлик йигит.

У чегарадаги турнақатор навбат акс этган видеотасвирни ҳам Озодликка йўллади.

Ўзбекистов ва Қозоғистон чегарасидаги навбатлар
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:09 0:00
Бевосита линк

Бошқа бир ўзбекистонлик эса Ғишткўприк постига борган пайти олган фотосуратларни Озодликка жўнатди. Бу суратларда ҳам чегара пости коридорларидаги узундан-узун навбат акс этган.

Тошкентлик мустақил журанлист Абдураҳмон Ташанов ҳам 19 декабрь куни Ғишткўприк постига бориб, одам кўплиги боис ортга қайтиб келганини айтади:

- Мен янги йилга бозор- ўчар қилиш учун қозоқ бозорига ўтмоқчи эдим. Соат 11 ларда Ғишткўприк постига борсам, ниҳоятда одам кўп. Чамалашим бўйича, 2 мингга яқин одам навбатда турибди. Жонли навбат, одамлар келиб қўшилаяпти. Мен “ҳозир навбатга турсам, қачон навбатим келади?” десам, “кечга яқин Қозоғистон томонига ўтасиз” дейишди. 5-6 соат навбат кутиш керак, - деди Ташанов Озодлик билан суҳбатда.

Янги йил арафасида Черняевка постида 5-6 соатлик навбатлар юзага келди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:56 0:00
Бевосита линк

Чегарадаги навбат мавзуси ижтимоий тармоқларда ҳам кенг муҳокама қилинмоқда. Жумладан, Фейсбук тармоғига @Мамедов Бахадур томонидан “Халқ билан мулоқот” саҳифасига жойланган видеода ҳам Ғишткўприк постидаги турнақатор навбат тасвирланган.

15 декабр куни Ғишткўприк чегара постига синглисини кутиб олишга борганини ёзган @Мамедов Бахадур одамлар совуқда навбат кутиб қолаётганини танқид қилган.

“Ватандошлар устидан бу каби кулиш қачон тўхтайди? Божхоначиларимиз сунъий навбатлар яратишади. Одамлар совуқда турибди. Навбатда туриб қийналаётган одамларга яна божхоначилар бақиради. Ким сизга уларга бақиришга ҳуқуқ берди, сурбетлар?Навбатда турган бир аёлнинг соғлиги ёмонлашиб қолди. Аёлга биринчи ёрдам кўрсатиш учун чегарада бирорта ҳам шифокор топилмади”, дея ёзди @Мамедов Бахадур Фейсбук орқали.

Бозор-ўчар учун Қозоғистонга қатнаётганлар

Озодликка боғланган ўзбекистонликларга кўра¸ кейинги пайтларда Тошкент ва унинг атрофида яшовчи аҳоли орасида кундалик харажат учун Қозоғистон бозорларига қатнаш тенденцияси кучайган.

Ўзбек-қозоқ чегарасининг Қозоғистон томонидаги бозордаги нарх-навонинг Ўзбекистондагига нисбатан 30-40 фоизга арзонлиги айрим тошкентликларни Ғишткўприк постидаги кунда-шундаларга айлантирган.

Чегарадаги вазиятга бевосита гувоҳ бўлган журналист Абдураҳмон Ташанов, бундай ўтиб-қайтишнинг¸ айниқса¸ янги йил байрами арафасида кучайганини айтади:

- Колбаса маҳсулотлари, конфетлар, ёғлар. Одамлар олиб келаётган маҳсулотларнинг рўйхати унчалик катта эмас. Чегарадаги навбат айни кунларда янги йил билан боғлиқ. Бир ой аввал чегарадан ўтганимда, бу каби навбат йўқ эди. Ўзи одатда Ўзбекистон ичкарисидаги бозорларда ҳам янги йил арафаси жуда тиқилинч бўлади,- дейди Ташанов.

Тошкент вилоят Божхона бошқармаси ходими ҳам Озодлик билан суҳбатда Ғишткўприк постидаги вазиятни янги йил билан боғлаб, ҳар йили ушбу байрам олди чегарада шу каби вазият кузатилишини айтди.

Ўзбекистонда белгиланган тартибга кўра, чегарадош давлатлар - Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Афғонистон ва Туркманистондан 10 доллардан зиёд нархда товар олиб келинса, бож тўлови жорий қилинган.

Жорий ой бошида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида одамлар кўп қатнайдиган ва тиқин бўладиган чегара ўтказиш пунктларини кенгайтириш ҳамда қайта қуриш бўйича ишлар 2018 -2019 йилларда амалга оширилиши хабар қилинди.

XS
SM
MD
LG